Бу йил муқаддас Рамазон ойи қачон бошланади? Ислом ва мусулмонлар, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Ислом ва мусулмонлар: Бу йил муқаддас Рамазон ойи қачон бошланади - Тожикистон Уламолар Кенгаши ўзининг тахминий санасини айтди. Қолган минтақа давлатлари ҳозирча бу хусусда жим.

Рамазон бу йил ҳам пандемия тугамаган бир пайтга тўғри келмоқда.

Минтақа давлатларида коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишлари энди бошланган ва бошланаётган бир вазиятда кириши кутилаётир.

Тожикистонда эса, бу йил муқаддас Рамазон ойи "13 апрель куни бошланиши мумкин".

Мамлакат Уламолар Кенгаши раҳбари бу ҳақда Тожикистондаги етакчи Asia-Plus интернет нашрига айтган.

Сайидмукаррам Абдуқодирзода бу йил Тожикистонда Таровеҳ намозларига рухсат берилиши эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаган.

Унинг айтишича, Рамазон бошланишининг аниқ санасига ойдинлик киритиш учун Тожикистон Фанлар Академиясининг Астрофизика институти билан ишлашни бошлашган.

"Одатда, бу янги Ой пайдо бўлган пайт - Шаъбон ойининг 29-кунига тўғри келади. Ушбу ҳодисани Тожикистон ҳудудида ҳам астрофизик кузатади. Кейин аниқ кунини белгилаймиз. Муқаддас ой 13 ёки 14 апрелда кириши мумкин. Рамазон ойи бошланишининг аниқ санаси Уламолар Кенгаши аъзоларининг умумий йиғилишида эълон қилинади", - деб айтган интернет нашрига Сайидмукаррам Абдуқодирзода.

Тожикистон Уламолар Кенгашига кўра, мазкур йиғилиш чоғида илк Таровеҳ намози, бу йилги закотнинг қиймати ва рўза тутиши жоиз бўлмаган одамлар ҳақида ҳам маълумот берилади.

Минтақа давлатлари барчасининг аксарият аҳолиси мусулмон саналади.

Тожикистон Ўзбекистон ва Қозоғистонда кейин Марказий Осиёнинг энг йирик учинчи мусулмон давлати бўлади.

Ўзбекистонда Рамазон ойининг боши ва охири яқин-яқингача мамлакат мусулмонлари идорасидан кейин, президентининг махсус фармони ёки қарори билан олдиндан белгилаб келинган.

Бу эса, кузатувчиларга кўра, баъзи чалкашликларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Ўзбекистон олдиндан эълон қилинган президент фармони туфайли кўп мамлакатлар, ҳатто минтақа давлатларидан бир кун кейин Ҳайитни нишонлаган пайтлар бўлган.

Пандемия ва Рамазон

Бу йилги муқаддас Рамазон ойи ҳам худди ўтган галгиси каби глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келмоқда.

Коронавирус минтақа давлатлари орасидан фақат Туркманистонда расман қайд қилинмаган.

Айнан пандемия боис, ўтган йилги Рамазон ойида қолган барча минтақа давлатларида бирдек Таровеҳ ва жума намозларини масжидларда ўқиш расман тақиқланган. Масжидлар эшиклари жамоат намозлари учун ёпилган.

Одамлардан жамоавий тадбирлар - оммавий ифторлардан тийилишлари сўралган, Рамазон Ҳайитини ҳам ўз уйларида, оила даврасида байрам қилишлари қатъий тавсия қилинган.

Уларга муқаддас Рамазон ойида ҳам қатъий карантин тартиби ва санитария-гигиена қоидаларига жиддий риоя этишлари лозимлиги айтилган.

Пандемия даврида рўза тутиш осонми, деган саволлар ўртага чиқаркан, олимлар илмий тавсиялар билан чиқишгача боришган.

Олимлар инфекцияни енгиш учун катта куч керак бўлишини айтиб, "оғизлари очиқ" бўлган соатларда рўзадорларнинг етарли даражада калория йиғиб олишлари кераклигини маслаҳат беришган.

Коронавирус сабаб, Рамазон ойида Макка, Мадина ва Қуддусдаги мусулмонлар учун энг муқаддас қадамжоларнинг ҳам очилмаслиги айтилган.

Ҳали арафасидаёқ Рамазоннинг аввалгиларига ўхшамаслиги, юз миллионлаб мусулмонларнинг муқаддас ойни яқин тарихда мисли кўрилмаган бир шароитларда ўтказишлари ошкора эътироф этилган, хавотирлар ҳам янграган.

Бу йилги Рамазон

Ҳозирга келиб, коронавирус расман қайд қилинган барча минтақа давлатларида кучайтирилган карантин чоралари босқичма-босқич анча юмшатилган.

Фавқулодда вазият ҳолати ва комендантлик соатлари ҳам аллақачон бекор қилинган.

Уларнинг ҳаммасида масжидлар жамоат намозлари учун қайта очилган.

Куни-кеча Ўзбекистонда коронавирус беморларининг деярли барчаси соғайиб бўлгани айтилган.

Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистондан фарқли тарзда пандемия пайтида қатъий карантин тартибини жорий этмаган Тожикистон эса, яқинда коронавирус устидан ғалаба қозонганликларини расман эълон қилган биринчи Марказий Осиё давлати ҳам бўлган.

Аммо Тожикистонда коронавирус боис ёпилган масжидлар энг кеч - қарийб бир йил деганда, яқинда очилган.

Бу мамлакат мусулмонларининг жиддий шикоят ва норозиликларига ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Уларни тунги клублар очиқ турган бир пайтда, "масжидларнинг нега ёпиқ қолаётгани"дан таажжуб ва тушунмовчиликда эканликлари кўрилган.

Аммо яқинда Ўзбекистон мисолида минтақага ҳам коронавируснинг янги штаммлари кириб келгани расман ўзининг тасдиғини топгани ҳам бор гап.

Қирғизистонда ҳам вазият анча ўнгланган эса-да, Қозоғистондаги аҳволнинг ҳануз жиддий экани кузатилади.

Муқаддас Рамазон ойи

Ҳар йили Рамазон ойи аввалги рўзадан 10 кун олдин бошланади.

Ўтган йили муқаддас ой 24 апрелда бошланиб, 23 майга қадар давом этган.

Рамазон фикрни жамлаш, руҳни тозалаш ва Аллоҳга бўлган фидойиликни ошириш ойи сифатида кўрилади.

Бу ойда рўза тутиш Исломнинг беш устунларидан бири саналади ва барча балоғатга етган мусулмонлар рўза тутишга рағбатлантирилади.

Рамазон ойида давомида дунёдаги миллионлаб мўминлар 30 кун давомида саҳардан шомга қадар ўзларини озиқ-овқат, сув ва бошқа ичимликлар, тамаки ва жинсий яқинликдан тийишлари тақозо этилади.

Исломда фақатгина ёш болалар рўза тутишдан озод қилинмаган. Саёҳатда бўлган, ёши ўтиб қолган, ҳомиладор, эмизикли фарзанди бор, касалманд ёки хайз кўраётган мусулмонларнинг ҳам рўза тутмаслиги узрлидир.

Балоғатга етган мўмин ва мўминалар Рамазон ойида тута олмаган рўзасини йилнинг исталган ойида амалга ошириши ёки тутилмаган рўза эвазига фидя тўлаши мумкин.

Муқаддас ой Рамазон Ҳайити ёки Ийди Рамазон байрами билан ўз ниҳоясига етади.

Бу Қурбон Ҳайити билан бирга мусулмонлар учун иккита энг муҳим байрамдан биттаси саналади.

Ҳайит, одатда, Рамазон ойининг сўнгги кунига тўғри келади.

Дунёдаги жами мусулмонларнинг сони икки миллиардга яқин экани айтилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek