UzAutoMotors ишчилари норозилиги нима билан тугайди? - video, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Norozilik ishtirokchilari

Сурат манбаси, Screenshot

Ўқилиш вақти: 2 дақ

6 март куни Ўзбекистоннинг йирик автомобил ишлаб чиқарувчиси Uzautomotorsнинг бир гуруҳ ишчилари маошлари кескин тушиб кетгани ва мурожаатлари бир неча ойдан буён инобатга олинмаётганидан норози бўлиб, завод автотуроргоҳи дарвозаси олдига йиғилишган.

Энди эса, ишчилар раҳбариятнинг кенгайтирилган мажлис ўтказиб, масалани ижобий ҳал қилишини кутишмоқда.

Заводдан чиққан машиналарни ташиш билан шуғулланувчи бу ходимларнинг айтишича, 5 ойдан бери маош борасида муаммолар бор ва раҳбарият бу борада қилинган мурожаатларга расман жавоб бермаяпти.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ҳолатни яқиндан ўрганиб келаётган анжижонлик блогер Отабек Нуритдинов завод ишчиларининг норозилигини жонли равишда Facebook даги саҳифаси орқали ёритди.

Унинг Би-би-сига айтишича, мурожаатларига расман жавоб берилмагандан сўнг, ишчилар норозилигини намойиш қилишга қарор қилишган.

"Энди, бу ишчиларнинг гапларига қараганда, улар беш ойдан бери мурожаатлар билан чиқишган. Яъни, раҳбариятга мурожаат қилишган, ҳеч қандай изоҳ олишолмаган. Ёзма равишда мурожаатларни киритдик, дейишаётганди. Ёзма равишда киритишганда ҳам, унга жавоб хати олишолмаган" - дейди блогер.

Унга кўра, ишчилар вилоят Касаба уюшмаси ва бандлик хизматларига ҳам мурожаат қилишган, бироқ булардан ҳам ҳалигача жавоб бўлмаганини айтишган.

Uzautomotors

Сурат манбаси, Uzautomotors/official

Норозилик видеоси чиқиши ортидан UzAutosanoat компанияси "UzAutomotors" АЖ компаниясида айни вақтда иш ҳақидан қарздорлик мавжуд эмаслигини маълум қилди.

"Ушбу мурожаат юзасидан шу куннинг ўзида компания масъул вакиллари ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги, вилоят бандликка кўмаклашиш бошқармаси ходимлари иштирокида ҳайдовчилар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, унда "UzAutomotors" АЖ томонидан иш ҳақини тўлиқ ҳисоблаб тўлаб берилганлиги, компания томонидан бирор-бир асоссиз ушланмалар амалга оширилмаганлиги, шунингдек ишчи-ходимларга яратилган ижтимоий ҳимоя пакети яъни, транспортда ишга келиб-кетиши, махсус кийим-бош билан таъминланиши, овқатланиши, тиббий кўриклари учун тўловлар компания ҳисобидан амалга оширилаётганлиги тушунтириб берилди", дейилади.

Norozilik ishtirokchilari

Сурат манбаси, Screenshot

Вазиятни яқиндан кузатаётган блогер Отабек Нуритдиновга кўра, раҳбарият ички аудит ташкил қилиб ҳолатни ўрганяпти ва тез кунларда ишчиларга жавобини билдиришини маълум қилган.

"Ишчилар билан мен бугун (8 март - таҳр.) кўришиб, гаплашдим. Энди, ишчиларнинг ўзлари қандайдир саволларни тузиб олишган ҳозир. Ишчиларга 10 (март - таҳр.) куни йиғилиш ўтказилишини айтишибди. Раҳбарият улар билан гаплашар экан. Гаплашиб, саволларига жавоб берар экан. Энди, раҳбариятнинг айтиши бўйича, ички аудит бу ҳолатни текшираяпти, ўрганаяпти".

Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, вилоят касаба уюшмаси ва бандлик хизматлари ҳам уларнинг иш фаолиятини текшира олмаган.

Буларга ҳам шу жавобни айтган: Ички аудитимиз текшируви натижаларини сизларга берамиз, хулосаси билан танишишингиз мумкин, дейилган" - қайд этади Отабек Нуритдинов.

Ҳодисадан хабардор Би-би-си манбасининг айтишича, ҳозирча завод раҳбариятининг жавоблари ишчиларни қониқтирмаган.

Улар раҳбариятнинг кенгайтирилган мажлис ўтказиб, масалани ижобий ҳал қилишини кутишмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek