You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Бердимуҳамедов: Хотин-қизларга $2 доллардан, кўпболали аёлларга уй берилсин, Туркманистон, Ўзбекистон, минтақа ва сиёсат, Mirziyoyev, O'zbekiston, dunyo, yangiliklar
Бердимуҳамедов: Хотин-қизларга $2 доллардан, кўпболали аёлларга уй берилсин - Туркманистон раҳбари ҳар йил 8 март арафасида ана шундай буйруқ билан чиқаётган ягона Марказий Осиё давлати президенти бўлади. Аммо Хотин-қизлар байрами қолган минтақа президентлари эътиборидан ҳам четда қолмаган.
Туркманистон Қозоғистон билан бирга минтақанинг табиий энергия захираларига энг бой иккита давлатидан биттаси саналади.
Аммо Марказий Осиёнинг аҳолиси энг кичик давлати бўлади, сони 6 миллиондан сал ошади.
Туркманистон аҳолисининг ярмидан кўпроғини айнан хотин-қизлар ташкил этишади.
Расмий хабарларга кўра, Туркманистон президенти ҳали 27 февраль куни махсус буйруқ билан чиққан.
8 март куни муносабати билан ўз номидан мамлакат хотин-қизларига 60 манатдан беришни буюрган.
60 манат давлат курси бўйича Туркманистонда $17.1, қора бозор курсида эса, $1.9 долларни ташкил этади.
Хабарларга кўра, масъуллар президент буйруғи ижросига март ойининг илк кунлариданоқ киришишган.
Бир марталик пул мукофоти давлат ва хусусий ташкилот ходималари, нафақахўр аёллар, талаба қизлар, мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларига берилиши айтилган.
Ишсиз ва якка тартибдаги тадбиркор аёллар эса, бу пулга кўз тика олишмайди.
Маълум бўлишича, президент номидан берилса-да, пул мукофоти ҳар йил ташкилотларнинг ўз бюджети ҳисобидан ажратилади.
Turkmen news интернет порталининг ёзишича, Тошҳовуздаги мактаб раҳбарлари "ўқитувчиларга совға олиш" ва "қизларнинг бантиги" учун деб, берилган мукофот пулларининг бир қисмини ушлаб қолишни ҳам бошлашган.
Бунинг оқибатида, ўқувчи қизлар пулнинг атиги учдан бир қисмига умид қилишлари мумкин бўлган.
Туркманистон дунёнинг энг ёпиқ давлатларидан бири бўлади, худди шу боис ҳам, минтақавий нашрларда мамлакат билан боғлиқ бўй кўрсатаётган бу каби хабарларни ҳар доим ҳам мустақил манбалар орқали текшириш ва тасдиқлашнинг имкони йўқ.
Аммо, расмий хабарларга кўра, 5 март куни Туркманистон президенти яна бир буйруқ билан чиққан.
Бу йил ҳам 8 март куни муносабати билан кўпболали аёлларга "Она меҳри" ("Ene mähri") фахрий унвони ва квартира беришни буюрган.
Президентнинг бу мукофоти 8 ва ундан кўп болали аёлларни кўзда тутади.
Аммо, айрим минтақавий ва Ғарб нашрларига таянилса, Туркманистондаги кўпболали аёллар ва уларнинг қанчаси президентнинг буйруғи билан турар-жойли бўлиб қолганига оид аниқ рақамлар имконли эмас.
Уларга кўра, шу пайтгача имконли бўлган маълумотлар серфарзанд аёлларнинг барчаси ҳам квартира олиша олмаганига далолат қилган.
Орада айрим Ғарб нашрлари Туркманистон ҳукуматидан ваъда қилинган уйни 10 йилдан бери кутишаётган кўпболали аёллар ҳақида ҳам ёзишган.
Туркманистон ҳукуматининг хотин-қизларга нисбатан сиёсатига берилаётган баҳолар эса, бир хил эмас.
Сўнгги йилларда айрим минтақавий нашрларда туркман аёлларининг ҳайдовчилик ҳуқуқига дахл қилинаётганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Ғарбда эса, ўтган йил бошида Туркманистон давлат ишларида ишлайдиган хотин-қизларнинг сочлари, тирноқларини бўяш, ясама киприклардан фойдаланиш ва қошларини ламинатлашлари маън этилгани ҳақида ёзишган.
Бу хабарларда мазкур тақиққа бўйинсўнмаганларнинг ўз ишлари билан жавоб беришлари ҳам иддао қилинган.
Бундан аввал эса, уларнинг пардоз-андоз буюмлари тақиқ нишонига айланганига оид хабарлар ҳам юзага чиққан.
Аммо бу чекловлар ҳақида расман эълон қилинмаган ва давлат нашрларида ҳам улар чоп қилинмаган.
Туркманистон ҳукумати илгари давлат ишларида ишлайдиган хотин-излар учун кийиниш қоидасини ҳам жорий этган, уларга узунлиги тўпиқларигача етадиган, сипо миллий либосда юришлари айтилган.
Кийиниш қоидасини бузганларнинг ҳуқуқ-тартибот ходимларига томонидан жаримага тортилганликларига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Озодлик (RFE/RL) ўз мақоласида бу чекловлар борасида туркманистонлик масъуллардан изоҳ сўраб қилган мурожаати бежавоб қолгани ҳақида ҳам ёзганди.
Туркманистон четда фуқаролари ҳаётининг ҳар бир қиррасини назорат қилишга интилувчи репрессив режимлардан бири сифатидa кўрилади.
8 март - Халқаро Хотин-қизлар кунини қолган минтақа давлатлари президентлари ҳам беэътибор қолдиришмаган.
Ҳаммалари ушбу сана арафасида хотин-қизларни байрам билан расман табриклашган, мурожаатлар билан чиқишган, улар ҳақида сўз юритишган, аёлларнинг мамлакат ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётида ролини ошириш, мавқеи, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида нималар қилаётганликлари, қилмоқчи эканликларига тўхталишган.
Ўзбекистонда айни сана муносабати билан бир гуруҳ хотин-қизлар давлат мукофотлари билан тақдирланишган, шахсан президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида махсус байрам тадбири ҳам бўлиб ўтган.
Президент Мирзиёев бундан кейин бирор бир аёл давлат ва жамият эътиборидан четда қолмаслигини таъкидлаган.
26 февраль куни эса, Ўзбекистон президенти хотин-қизларга ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича махсус видеоселектор йиғилишини ҳам ўтказган.
"Энг оғир, мураккаб масалаларимиз аёллар бўйича. Халқимизнинг талаби ўсиб бораяпти. Биз шу талабларга муносиб шароит яратиб беришимиз керак. Буни чуқур ҳис қилмаган одам раҳбар бўлиб ишлолмайди", - деб айтган.
Худди шу йиғилиш тафсилотларидан вақтинча нотурар жойларда истиқомат қилаётган аёлларни уй билан таъминлаш учун ҳар бир ҳудудга 10 миллиард сўмдан, отасидан айрилган муҳтож қизлар манфаати учун 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилиши маълум бўлган.
Бу маблағлар уй-жойнинг бошланғич тўловини тўлаб беришга йўналтирилиши айтилган.
Шунингдек, хотин-қизларга турар жой ижараси компенсацияси учун 11 миллиард сўм ажратишга ҳам қарор қилинган.
Шунингдек, Қирғизистон президенти Содир Жапаров аёлларнинг давлат бошқарувидаги ўрни ҳақида гапириб: "Яқинлашиб келаётган маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда биринчи марта аёлларга 30 фоизли квота берилиши"ни айтган.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон эса, ўз мурожаатида "аёлларни янада қўллаб-қувватлаш ва 2021-30 йилларда Тожикистонда аёлларнинг ролини ошириш бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тўғрисида" кўрсатмалар берган.
Минтақа давлатлари орасидан ҳозирча фақат Қирғизистон муваққат бўлса-да, аёл киши президентликка келган ягона мамлакат бўлади.
Ўзбекистонда жорий пайтда Сенат раисаси аёл, бу президентдан кейин иккинчи қудратли мақом саналади. Бунақаси ўтган 30 йилча вақт оралиғида кузатилмаган.
Сўнгги икки йилнинг ичида эса, мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор ўнга яқин аёл туман ҳокимлари этиб тайинланган.
Шавкат Мирзиёев 8 март куни муносабати билан уюштириган байрам тадбирида тгез орада вилоят ҳокимлари орасида ҳам аёллар бўлишига умид билдирган.
Тожикистонда президент маъмуриятининг бошлиғи аёл - у мамлакат раҳбарининг қизи Озода Раҳмондир.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek