You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистонда кимлар жазоланмайди, адолат ва Ўзбекистон-Хитой АҚШ ни ортда қолдирдими – янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar
Ўзбекистонда кимлар жазоланмайди, адолат ва Ўзбекистон-Хитой АҚШ ни ортда қолдирдими? Ўзбекистонлик масъулларнинг сўнгги баёнотлари кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмади - bbcuzbek.com дайжести.
Жазо йўқ
Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланишдан бош тортганларга қарши ҳеч қандай чора кўрилмайди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосарининг ўзи шахсан баён қилди.
Беҳзод Мусаевнинг айтишича, уларга "фақат эмлашнинг афзаллиги тушунтирилади".
"Лекин эмланиш ниятида бўлмаган одамга иш фаолиятида ҳеч қандай таъсир чоралари кўрилмайди".
Англашилишича, сўз коронаврусга қарши биринчи навбатда эмланадиганлар рўйхатида бўлган шахслар ҳақида бормоқда.
Шу пайтга қадар имконли бўлган расмий хабарлардан бу рўйхатга дунёнинг аксарият давлатлари тажрибасида бўлгани каби нуронийлар, тиббиёт ходимлари, сурункали касалликлари бор фуқаролар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, мактабгача таълим муассасалари ва мактаб ўқитувчилари кириши маълум бўлган.
Кеча, сешанба куни эса, блогерлар, оммавий ахборот воситалари, транспорт ходимлари, меҳнат муҳожирлари ва хорижда таҳсил олаётганларни ҳам биринчилар қаторида эмлаш режаси "ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлгани боис", мазкур рўйхатнинг "адолатли тарзда"қайта кўриб чиқилиши айтилган.
"Мазкур масала юзасидан халқ вакиллари томонидан ҳукуматга бир қатор таклифлар берилди", - дейилади Қонунчилик палатаси баёнотида.
Ўзбекистонда ҳозирча аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишлари бошланмаган.
Расман бу ишга март ойининг иккинчи ярмидан киришилиши, вакцинациянинг ихтиёрий бўлиши айтилган.
Расмийларнинг худди шу каби билдиришлари манзарасида "чора" масаласи нега кун тартибига чиққани маълум эмас.
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.
Аҳолисининг сони ҳозир расман 34500 миллион кишидан ортади.
Ўтган ой охирида Ўзбекистон Ковидга қарши 15 миллион дозага яқин вакцина олиш истагида экани хабар берилган.
Маълум бўлишича, бу дастлаб мамлакат аҳолисининг 20 фоизини эмлашга имкон беради.
Орада Ўзбекистоннинг жорий йилда коронавирусга қарши кураш ва вакцина хариди учун жами 3 триллион сўм ажратиши ҳақида ҳам хабарлар олинган.
Ўзбекистон ҳозир Британия, АҚШ-Германия, Россия ва Хитой вакциналарини олишга кўз тиккан.
Шу пайтгача Қозоғистон ўз аҳолисини оммавий эмлашни бошлаган ягона минтақа давлати бўлиб турибди.
Хитой вакцинаси зўрми?
Яқинда Ўзбекистон ҳаммуаллифи сифатида эътироф этилган Хитой вакцинаси Олий мажлисга тақдим этилган.
Бу вакцина Хитойнинг Zhifei Longcom компанияси томонидан яратилган.
Хитой бу вакцинасининг учинчи босқич синови Ўзбекистонда ўтган йил декабрида бошланган.
Ўзбекистон томонининг баён қилишича, бу вакцина АҚШнинг Moderna сидан зўр бўлиб чиққан.
"Хитой вакцинасининг самарадорлиги Moderna никидан 6 баробар юқорироқ".
Инновацион ривожланиш вазирлигининг маълум қилишича, ушбу вакцинанинг хавфсизлик даражаси 99% ни, иммуногенлик эса, 97% ни ташкил этган.
Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов орада Ўзбекистонда синалаётган Хитой вакцинасининг иккинчи дозадан кейин 90-93 фоиз самара беришини кутишаётганини айтганди.
Вазир ўринбосари Шаҳло Турдиқуловага кўра, "вакцинани ишлаб чиқарувчилар парламент тингловларида хитой-ўзбек вакцинасини рўйхатдан ўтиш процедураларига кўра, оммавий фойдаланишга тавсия этишган.
Бундан аввал Хитой вакцинасининг Ўзбекистоннинг ўзида ҳам ишлаб чиқарилишига оид хабарлар олинган.
Халқаро миқёсда Хитой вакциналари синовларига берилаётган баҳолар бир хил эмас.
Улар Ғарбники каби чиғириқдан ўтказилмаслиги, ношаффоф экани борасида жиддий хавотир ва танқидларга ҳам сабаб бўлиб келади.
Хитойники Ўзбекистонда учинчи босқич синови бошланган биринчи вакцина бўлган.
Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co., Ltd компанияси ишлаб чиққан коронавирусга қарши вакцина Ўзбекистонда жами 5 минг кўнгиллида синалиши айтилган. Кейинроқ уларнинг сони 9 мингга оширилгани хабар берилган.
Инновацион ривожланиш вазири, бунинг сабабини изоҳларкан, "ҳозирда Ўзбекистонда карантин чекловлари деярли бекор қилинганига қарамай, касалланганлар сони ўсиши кузатилмаётгани туфайли имкон қадар каттароқ миқёсда тадқиқот ўтказиш зарурати юзага келгани"ни қайд этиб ўтган.
Ўзбекистонлик масъуллар орада "ҳаммаси шахсий ҳохиш-истакка кўра амалга оширилиши, ҳеч кимнинг бунга мажбурий жалб қилинмаслиги"ни таъкидлашган.
Хитой вакцинаси синови фақат пойтахт Тошкентда ўтказилиши, муваффақиятли якунланса, Ўзбекистон вакцинани имтиёзли нархларда сотиб олиши мумкинлиги ҳам айтилган.
Хитой коронавирусга қарши бир эмас, бир нечта вакцина устида иш олиб бораётган дунёнинг саноқли давлатларидан бири бўлади.
Улардан айримлари аллақачон расман қайддан ҳам ўтган. Тўртта вакцинаси учинчи босқич синовларига қадар етиб борган.
Янги таҳрирдаги лойиҳа
Диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик, диний таълимдан сабоқ бериш тартибини бузиш, диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш Ўзбекистонда ортиқ жиноят саналмаслиги мумкин.
Жиноят кодексининг янги таҳрири тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйиларкан, Ўзбекистонда қатор жиноятларнинг бекор қилиниши, янгиларининг эса, жорий этилиши маълум бўлди.
Агар, қонун лойиҳаси тасдиқланса, дейлик, Ўзбекистонда ғайриқонуний равишда психиатрия муассасасига жойлаштириш; Ўзбошимчалик билан жазолаш (самосуд - таҳр.) ҳам жиноят сирасига киради, жазоланади.
"Самосуд" Ўзбекистонда фаолларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлаётган янгича воқеъликлардан бири экани кузатилади.
Митинглар, йиғилишлар ёки намойишлар ташкил этиш, ўтказишга ёки уларда иштирок этишга ғайриқонуний қаршилик қилиш учун ҳам жиноий жавобгарлик кўзда тутилади.
Ота ёки онанинг ўз чақалоғини сотиши; Журналистнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш; Ноқонуний бойиш ҳам жиноят саналади.
Дейлик, ота ёки онанинг ўз боласини моддий манфaатдорлик эвазига сотиши учун ҳам жавобгарлик қўлланади.
Бу ҳам сўнгги йилларда Ўзбекистонда энг кўп кузатилаётган воқеъликлардан бири бўлади.
Маҳаллий кузатувчилар ва айрим фаоллар эса, бунга кўп-да мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий омиллар сабаб эканини айтишади.
Журналистни ахборотни тарқатишга ёки тарқатмасликка мажбурлаш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, журналистга ёхуд унинг яқин қариндошига зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитганлик - журналистнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш сифатида кўрилиши мумкин.
Aйрим журналист ва блогерларга муносабат билан боғлиқ айрим шов-шувли ҳолатларнинг сўнгги йилларда мамлакат ташқарисида ҳам жиддий хавотирларга сабаб бўлгани кўрилади.
22 февраль куни Regulation.gov.uz сайтида муҳокамага қўйилган ва худди каби фаолиятларни жиноят сирасига киритишни кўзда тутувчи лойиҳа билан шу пайтгача 6282 киши танишиб чиққан.
Умумий таклифларнинг сони эса, ҳозирча 61 та эканини кўриш мумкин бўлган.
Кодекснинг янги таҳрири тўғрисидаги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан бошқа идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилгани айтилади ва у 9 мартга қадар муҳокама остида бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek