You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон, Мирзиёев хавотирланишига қанчалик асос бор? Толибон ва хавфсизлик - Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar
Ўзбекистон, Мирзиёев хавотирланишига қанчалик асос бор? Хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистонда қолса нима бўлади - расмий Тошкент саъй-ҳаракатлари чиппакка чиқадими? Яна урушлар бошланадими? Жанубий қўшниси Афғонистондаги сўнгги тинчлик жараёнларига Ўзбекистон, президент Шавкат Мирзиёев ҳам бефарқ эмас. Толибон ҳаракатининг ўзи билан ҳам бевосита мулоқотда.
Аксарият экспертларнинг бирдек эътироф этишларича, жорий йил Афғонистон учун "ҳал қилувчиси" бўлади.
Афғонистоннинг амалдаги президенти Муҳаммад Ашраф Ғани буни тинчлик жараёни учун "имкониятлар дарчаси" сифатида кўрса-да, у ҳам бу фикрга қўшилишини яширмайди:
Ўзбекистон Афғонистондаги тинчлик жараёнига расман ва фаол бош қўшган ягона минтақа давлати бўлади.
Минглаб хорижий қўшинларнинг Афғонистонда қолиши эҳтимоли Нато Бош котибининг куни-кеча қилган баёноти ортидан юзага чиққан.
Нато Толибон билан белгиланган муҳлат - 1 майга қадар Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетмаслигини баён қилган.
АҚШ янги президенти Жо Байденнинг бу борадаги сиёсатни қайта кўриб чиқиб бўлишини кутишларини айтган.
Альянс Афғонистонда ҳозир 10 мингга яқин аскарига эга, уларнинг орасида АҚШ ҳарбийлари ҳам бор.
Афғонистон ва Ўзбекистон
Шундоқ ҳам узоқ йиллик урушлар ичида бўлган Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош бешта давлатидан биттаси саналади.
Афғонистон ҳозир ҳам дунёнинг Сурия ва Ироқ билан бирга ўзбек жангарилари бошпана топиб келаётган учта давлатидан биттаси бўлади.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва унинг сафларидан ажралиб чиққан Исломий Жиҳод Иттифоқи Афғонистонда ҳануз буткул мавҳ этилмаган.
Афғонистон, устига устак, дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг катта сондаги - миллионлаб ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади.
Жанубий қўшниси Афғонистондаги сўнгги тинчлик жараёнларига янги Ўзбекистон, президент Шавкат Мирзиёев ҳам бефарқ эмас.
Президент Мирзиёев Ўзбекистонда қудратга келишидан саноқли ойлар ўтиб, ўзининг Афғонистон бўйича махсус вакилини тайинлаган.
Бунақаси мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаганди.
Трамп сиёсати
Глобал коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга қарамай, Дональд Трамп, айниқса, президентлик ваколатининг сўнгги йилларида Афғонистонда доимий оташкесинни қарор топтириш ҳаракатларига зўр берган.
Афғонистон Толибон ҳаракати ўтган йил февраль ойида ўз тарихида биринчи бор Америка Қўшма Штатлари билан тинчлик битимини имзолашга муваффақ бўлган.
Толибон бунинг ортидан, АҚШ билан эришган тинчлик битимида кўзда тутилганига мувофиқ, Афғонистон қамоқхоналарида сақланаётган минглаб собиқ аъзоларининг қўйиб юборилишига эришган.
Уларнинг орасида "ўта оғир жиноят содир этганлари"нинг борлиги ўшанда Афғонистонда, ҳатто, Лоя Жирга - махсус Умумхалқ кенгашининг чақирилишига ҳам сабаб бўлгани кўрилган.
Kелишувга Афғонистон ҳукуматининг аралашувисиз эришилган. Ўшанда расмий Кобул Вашингтон ва Толибон ўртасидаги музокаралардан четда тутилган.
Аммо ўтган йил ноябрь ойида Америка Қўшма Штатларида бўлиб ўтган навбатдаги президент сайловида Дональд Трамп ютқазган.
Президент Жо Байден бошчилигидаги янги АҚШ маъмурияти шу кунларда Трамп даврида Толибон билан эришилган "тарихий" тинчлик битимини қайта кўриб чиқишга киришган.
Трамп маъмурияти сайловга қадар Афғонистон масаласини, таъбир жоиз, бир ёқли қилиб олиш, афғон тупроғидаги қўшинлари сонини кескин қисқартириш ва шу йил ўрталарига бориб, уларни буткул олиб чиқиб кетишни режалаганди.
Бу эса, қўлларидан қуролларини қўйиш учун Афғонистон Толибон ҳаракати аввалбошдан илгари суриб келаётган энг асосий талаблардан бири бўлади.
"Тарихий" тинчлик келишуви афғон ҳукумати ва Толибон ҳаракати орасидаги илк юзма-юз мулоқотлар, бунинг ортидан, Афғонистонда доимий оташкесинга йўл очиши, мамлакатда толибларни ҳам ўз ичига олувчи кенг қамровли ҳукумат қудратга келишига умид қилинган.
Ҳали ўтган йил март ойидаёқ бошланиши кўзда тутилган афғонлараро мулоқотлар эса, бир неча ойга кечикиб кетган, ҳозирга келиб эса, боши берк кўчага кириб қолгандек бир тасаввурни пайдо қилган.
Расмий Тошкент мавқеи
Афғонистон шундоқ ҳам дунёнинг узоқ - бир неча ўн йиллик урушлар ичида бўлган саноқли давлатларидан биттаси бўлади.
Расмий Тошкент аввалбошдан "Афғон можаросини фақатгина сиёсий йўл билан ҳал қилиш мумкин эмас"лигини таъкидлаб келади.
АҚШ билан эришган тинчлик битими асосида эса, Афғонистон Толибон ҳаракати ўз назоратлари остида бўлган ҳудудларда бирор бир хорижий жангари гуруҳнинг фаолият юритишига изн бермасликка рози бўлган.
Ҳаракат ўз вақтида дунёдаги энг йирик ўзбек жангари гуруҳи - Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг минтақадаги дастлабки ва энг яқин иттифоқчиси сифатида ўртага чиққан.
Сўнгги халқаро тадқиқотлар толиблар Афғонистоннинг 70 фоиз ҳудудида у ёки бу даражада ҳозир эканликларига далолат қилади.
Хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан буткул сафарбарлиги Ислом Каримов ҳукуматини жиддий хавотирга солиб келган масалалардан бири бўлган.
Мустақил Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум биринчи президенти бу Афғонистонни иккинчи Ироққа айлантиши мумкинлиги борасидаги ташвиашларини расман ва ошкора баён этиб келган.
Буёғи нима бўлади?
Камолиддин Раббимов
Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон-Франция
"Толибларнинг шу пайтгача асосий стратегияси - Ғарб коалицияси қўшинларини Афғонистондан тезроқ чиқариб юбориш ва якка ўзи қолган расмий Кобулга сиёсий-ҳарбий босимлар қилиш орқали, Афғонистон ҳокимиятини тезда ёки босқичма-босқич қўлга киритиш эди.
Ўзбекистонни толиблар билан олиб борган музокараларининг асосий мақсади эса, толиблар Афғонистонда реал салоҳият ва маълум ижтимоий қўллаб-қувватловга эга бўлган куч экан, у билан музокаралар олиб бориш орқали, бу ҳаракатнинг Ўзбекистон давлати хавфсизлиги ва манфаатларига бевосита ёки билвосита зарарларини имкон қадар пасайтириш эди.
Яъни, агар, мабодо, истиқболда толибларнинг Афғонистон давлатчилигига таъсири жиддий ўсиб борадиган бўлса, ҳаракат билан алоқаларни ўрнатиш натижасида улардан Ўзбекистонга етиши мумкин бўлган хавф-хатарларни минималлаштириш эди.
Қолаверса, бугун толиблар билан кўплаб қудратли давлатлар ва минтақавий актёрлар - ўйинчилар музокаралар олиб боришмоқда. Жумладан, АҚШ, Россия Федерацияси, яна бир қанча минтақа давлатлари.
Шу фонда Марказий Осиёнинг географик ўртасида жойлашган, минтақанинг асосий давлати бўлмиш Ўзбекистоннинг толиблар билан алоҳида қарашлари, лойиҳалари ва музокаралари бўлмаслиги ғалати эди.
Ўзбекистоннинг толиблар ва Афғонистонда тинчлик музокаралари борасида алоҳида кун тартиби бўлмаслиги фақат бир нарсани англатиши мумкин эди - расмий Тошкент ёки Москва, ёки Вашингтон лойиҳалари иштирокчиси, яъни, алоҳида ўйинчи эмас, кимнидир тарафдори сифатида қабул қилинар эди.
АҚШ ҳокимиятига Трампнинг келишини толиблар ўзлари учун жуда қулай сиёсий фурсат сифатида кўришди.
Агар барча жараёнлар фақат Трампнинг ўзига боғлиқ бўлганида эди, у аллақачон Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиқиб кетган бўларди.
Чунки Трампнинг асосий сиёсий ваъдаларидан бири - АҚШнинг ташқи иқтисодий харажат ва сиёсий мажбуриятларини қисқартириш эди.
Лекин Трампга унинг атрофидагилар бундай қилишга имконият беришмади.
Чунки Афғонистондан АҚШ қўшинларининг тезда чиқиб кетиши бу давлатдаги вазиятнинг ҳам тезда издан чиқишини англатарди.
Натонинг Афғонистонда АҚШ қўшинларини қолдириб туриш қарори расмий Кобул учун, айниқса, президент Ашраф Ғани учун жуда кутилган ижобий ҳодиса бўлди.
Афғонистонда марказлашган миллий давлатчилик шаклланиши давом этмоқда.
Лекин ҳозирги вазиятда расмий Кобул бутун Афғонистон ҳудудларини самарали назорат қила оладиган куч ишлатар тизимлари, ҳуқуқий маконни шакллантира олганича йўқ.
Шунинг учун, бу яқин ўн йилликларда расмий Кобул ташқи давлатларнинг тинчликпарвар кучлари ёрдамига муҳтож бўлиб қолаверади.
Қолаверса, АҚШнинг Афғонистонда қўшинларини қолдириш қарори бу давлатдаги барча этник камчиликлар, жумладан, афғон ўзбеклари, тожиклари, ҳазоралар томонидан фақат ва фақат ижобий кутиб олиниши аниқ.
Чунки Афғонистондаги этник камчиликлар толиблар тимсолида энг аввало этник ҳаракатни кўришга мойил ҳисобланади.
Натонинг бу қароридан, табиийки, толиблар қаттиқ аламзада бўлишади.
Толиблар айни вақтнинг ўзида икки линияда ҳаракат қилишни давом эттираверишади.
Биринчидан, толиблар музокаралар ва мулоқотлардан чиқиб кетмайди.
Толибларнинг тинчликпарвар, сулҳпарвар қанотлари музокаралар орқали ҳалқаро ҳамжамиятга, минтақадаги асосий иштирокчиларга ўзлари учун муҳим тактик мужда беришда давом этаверишади.
Иккинчидан, толибларнинг ҳарбий-жанговор қаноти, маълум гуруҳлар томонидан расмий Кобул, коалиция кучлари, Афғонистон тинч аҳолисига қарши терактлар содир қилиш амалиёти жиддий кучаяди.
Чунки бу билан толиблар маълум муддат ўзларидаги бор ҳарбий-жанговар салоҳиятни кўрсатиш орқали қарши томонларга босим қилиш ҳаракатида бўлишади.
Шунингдек, толиблар "мана, биз энди тинчлик музокараларидан умидимизни узмоқчимиз, энди фақат ҳарбий-жанговар тилда мулоқот қиламиз" дейиш учун ҳам ҳарбий амалиётлар сонини оширишлари мумкин.
Лекин, назаримда, АҚШ ва коалиция кучларининг Афғонистонда номаълум муддат қолиши расмий Кобул учун, Афғонистон аҳолисининг мутлақ аксарияти учун, қолаверса, Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам минтақавий тинчлик-барқарорликка киритилган жиддий сармоя ҳисобланади.
Трампнинг ютқазганини тушунган толиблар коалиция кучларининг қолишини яхши тасаввур қилишган.
Йиллар давомида ҳарбий-жанговар тўқнашувлардан толибларнинг ҳам, Афғонистон аҳолисининг ҳам мадори қуриган.
Мана шу фонда Натонинг қарори толибларни қанчалик асабийлаштирмасин ва норози қилмасин, аслида узоқ муддатда вазиятни барқарорлаштирувчи омил сифатида хизмат қилади.
Толиблар сиёсий куч сифатида бу яқин йилларда йўқолмайди.
Лекин йилдан-йилга Афғонистон давлатчилиги ва куч ишлатар тизимлари шаклланиб борар экан, истиқболда толиблар томонидан олдингидек бу давлат ҳокимиятини осонгина босиб олиш эҳтимоли жиддий сўниб боради".
Амалий ташриф
Глобал коронавирус пандемияси ва Афғонистондаги вазият анчайин нотинч бир манзарада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун, 23 февраль куни амалий ташриф билан Кобулга борган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири шу соатларда шахсан Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани қабулида бўлган.
Бунга қадар Афғонистон Ташқи ишлар вазири ва Афғонистон Олий миллий ярашув кенгаши раиси доктор Абдулла Абдулла билан ҳам учрашишга улгурган.
Ўзбекистон томонининг расман маълум қилишича, президент Ашраф Ғани "биродар Афғонистон халқи номидан афғон заминида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, мамлакат иқтисодиётини тиклашда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик изҳор этган".
Учрашув чоғида, "Афғонлараро сиёсий музокараларнинг узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш ва мамлакатда хавфсизликни таъминлашдаги муҳим ўрни қайд этилган".
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири президент Шавкат Мирзиёевнинг Ашраф Ғанига йўллаган мактубини ҳам топширган.
Музокараларда икки томон кун тартибидаги бошқа масалалар кўриб чиқилгани ҳам расман билдирилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирига Кобулга амалий ташрифи чоғида президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исмтилла Иргашевнинг ҳамроҳлик қилгани кўрилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek