Ҳаж пули сайловга ҳам ишлатилганми – президент айтди, собиқ муфтий қўйиб юборилди- Qirg’iziston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY
- Author, Шоҳруҳ Соипов
- Role, Би-би-си, Қирғизистон
Ҳаж пули сайловга ҳам ишлатилганми - можарога шахсан мамлакат президентининг ўзи эътибор қаратди. Садир Жапаров иш қонун доирасида ҳал қилиниши кераклигини айтди. Собиқ муфтий тилхат асосида озодликка чиқди.
Муфтиятдаги молиявий қонунбузарликларда гумонланиб, ҳибсга олинган Қирғизистон собиқ муфтийси суди кеча, 11 февраль куни маҳаллий вақт билан ярим тунгача давом этган.
Дин уламосининг ўнлаб тарафдорлари пойтахт Бишкекдаги Первомайский туман суди биноси атрофига тўпланиб, Мақсатбек Тўқтўмушевнинг озод қилинишини талаб қилишган.
Ярим тунда суд ҳаками собиқ муфтийни тилхат асосида уй қамоғига чиқариш ҳақидаги қарорни ўқиб эшиттирган.
Ундан тергов жараёни якунланмагунча, шаҳардан ташқарига чиқмаслик тўғрисида тилхат олинган.
Суд залидан озод қилинган собиқ муфтий журналистларга изоҳ бермаган.
Собиқ муфтий Мақсатбек Тўқтўмушев 10 февраль куни гумонланувчи сифатида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тарафидан ҳибсга олинган эди.
Аввалроқ, хавфсизлик қўмитаси муфтиятнинг бош ҳисобчисини ҳибсга олиб, ушбу муассасада молиявий қонунбузарлик бўлганлигини маълум қилган.
11 февраль куни Қирғизистон мусулмонлари уламолари кенгаши навбатдан ташқари йиғилиш ўтказиб, муфтийлик лавозимидан ўз ихтиёри билан истъефо берган Мақсатбек Тўқтўмушевнинг аризасини маъқуллаган.
Президент: Ҳаж зиёратига кетадиган маблағ сайловларда ишлатилган

Сурат манбаси, official
Сўнгги икки кун давомида жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган собиқ муфтий атрофидаги вазиятга президент Садир Жапаров ҳам муносабат билдирган.
Давлат раҳбарига кўра, у бир неча бор мусулмонлар диний бошқармасидаги сўнгги зиддиятни ҳал қилишга уриниб кўрган. Можаро муфтиятда Ҳаж зиёратига йиғилган маблағ билан боғлиқ.
Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, Ҳаж учун йиғилган маблағларнинг бир қисми камайиб, ҳаттоки, ўтган йилги парламент сайловларига сарфлангани ҳам аниқланган.
"Ўтган йили 16 миллиондан 8 миллионга яқин долларини олиб, сомга айлантиришган ва фойда олиш мақсадида банкларга сармоя киритишган экан. Фойда кўришгунича доллар 15 сўмга кўтарилиб кетибди. Улар фойда олишнинг ўрнига зиёнга учрабди. Харажатнинг ўзи 685 минг долларнинг атрофида. Бундан ташқари, ўтган йилнинг август ойида "бир фирмага", деб 155 миллион сўм берилади, у фирма пулни сайловда бир партия учун сарфлайди. Бугунги кунда ҳам пул тўлиқ қайтарилмаяпти. Ҳаж зиёратчиларининг ярим пули берилмабди", - дейди президент Садир Жапаров "ЭлТР" давлат телевидениесига берган интервьюсида.
Жапаров иш қонун доирасида ҳал қилиниши кераклигини, сиёсий идоралар муфтийни лавозимидан четлаштиришда манфаатдор эмаслигини қўшимча қилган.
Кўпчилик собиқ муфтий Мақсат Тўқтўмушевнинг ҳибсга олинишини сиёсий зиддият билан боғламоқда.
Яқин ойларда муфтийлик лавозимига сайловлар бўлиб ўтиши керак эди. Мутахассислар ушбу соҳада ҳам ислоҳотлар зарурлигини таъкидлайдилар.
Ҳаж, $100 минг доллар пора можароси ёки муфтий нега ҳибсга олинди?
Воқеалар хроникаси
11 февраль

Сурат манбаси, official
Ҳаж, $100 минг доллар пора можароси ёки муфтий нега ҳибсга олинди - Қирғизистон Миллий Хавфсизлик давлат қўмитасининг расмий баёноти минтақавий нашрлар диққат-эътиборини ўзига тортган янгиликка айланди.
Агар, расмий билдиришнома тафсилотларига таянилса, Қирғизистон муфтийси Мақсатбек Тўқтўмушев кеча, 10 февраль куни кечга яқин ҳибсга олинган.
Муфтийнинг ҳибси муфтият бош ҳисобчисининг қўлга олиниши ортидан кузатилган.
Расман билдирилишича, бош ҳисобчи хавфсизлик қўмитаси ходимларига $100 минг доллар пора таклиф қилганликда айбланмоқда.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кўра, тергов давомида Мақсатбек Тўқтўмушевнинг муфтиятда молиявий жиноятларга алоқадорлиги тўғрисида далиллар топилган. Унинг ҳибсига худди шу нарса сабаб бўлган.
Мақсатбек Тўқтўмушев ҳибси арафасида муфтийликдан истеъфо беришга улгурган.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик Давлат қўмитаси эса, Қирғизистон мусулмонлари диний идорасида йирик молиявий жиноятни фош қилганини айтмоқда.
"Муфтият раҳбарияти зиёратчилар томонидан йиғилган пулларни ўз мақсадлари учун ишлатиб, хусусий молия ташкилотларига 100 миллион сўмдан ортиқ миқдорда кредитлар бериб, ойлик фоиз тўловларини олаётгани аниқланди", дейилади расмий баёнотда.
Қўмита маълумотига кўра, ушбу молиявий қонунбузарликларни яшириш ва терговни тўхтатиш учун муфтият раҳбарияти $100 минг доллар пора таклиф қилган.
Бу ҳолат юзасидан Қирғизистон Жиноят Кодексининг "328-йирик миқдорда пора бериш" моддаси билан судгача бўлган тергов ишлари бошланган.
Қўмита расмий баёнотига собиқ муфтий ва бош ҳисобчи ўзи ёки ҳимоячиларининг муносабати ҳозирча маълум эмас.

Сурат манбаси, official
Қирғизистон Мусулмонлар диний идораси бу ҳолат бўйича суд қароридан кейин изоҳ беришини айтмоқда.
"10 февраль куни муфтий Мақсатбек Тўқтўмушев истеъфога чиқди", дейилади диний идоранинг матбуот хизмати хабарида.
Шу куни давлат Диний комиссиясининг янги директори Медер Қарабоев жамоага таништирилган ва ишга киришган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, муфтийнинг сайланиши, унинг ишдан бўшатилиши ва бошқа низолар Ҳаж учун йиғилган маблағлар билан бевосита боғлиқ бўлиши мумкин.
Аммо йиғилган маблағлар қандай сарфланиши ҳақида Мусулмонлар Диний идорасининг матбуот котиби Мақсат Атабоев баҳоси уларнинг тахминларидан фарқ қилади.
"Ўтган йили Ҳажга 6110 ўрин берилган. Ўринлар қишлоқлардаги маҳаллий ҳокимиятларгача тақсимлаб берилади ва жойларнинг ўзида жонли навбат ўтказилади. У электрон кўринишда, сониясигача акс этиб туради. Зиёратчиларнинг пуллари қўлга олинмайди, банк орқали тўланади. Масалан, Саудия Арабистонининг фуқаровий авиациясининг банк ҳисобига ўтказилади. Танловда ютиб чиққан либослар тикувчилар, эмловчи тарафга ҳам банк орқали тўланади. Шу каби харажатлар жуда кўп. Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги Қирғизистон сўнгги беш йил ичида сафарни яхши ташкил қилганини айтмоқда. Икки марта "энг яхши", қолганида эса "яхши" деган баҳони олаяпмиз", дейди Мақсат Атабаев.

Сурат манбаси, official
Бугунги кунда Қирғизистонда Ҳаж зиёратининг киши бошига тахминий сарф-харажати $3000 АҚШ доллари атрофида.
Дин ишлари бўйича давлат комиссияси директорининг собиқ ўринбосари Қанатбек Мурзахалиловнинг таъкидлашича, Ҳаж сафари бир неча идоралар вакилларидан иборат орган томонидан уюштирилади.
"Бу ерда республика штаби мавжуд. У Ҳаж пайтида ҳар бир воқеани кузатиб боради. Барча пуллар муфтиятга тушади, деб ўйлаш нотўғри. Менинг билишимча, $285 доллар "қироллик пулларини йиғишга" берилади. Саудия Арабистони чегарасини кесиб ўтишда $100 доллар тўланади. Ундан ташқари, самолёт чипталари, озиқ-овқат, кийим-кечак ва ҳожи бошчиларга хизмат ҳаққи берилади. Муфтиятга ёрдам қатори ҳам берилади, у $100 доллар атрофида бўлса керак", дейди Қанатбек Мурзахалилов.
Мурзахалилов муфтий Мақсатбек Тўқтўмушев ахлоқий масъулиятни ҳис қилган ҳолда истеъфога чиққан деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, муфтият атрофидаги можаро фақат пул билан боғлиқ эмас.
"Ислом дунёси ҳам алоҳида кучга айланди. Умумий диний вазият доимий кескинликда бўлиб, ислом дунёси мамлакатдаги умумий диний вазиятга таъсир қилади. Буни имкон қадар тезроқ давлат органлари ва диний комиссия ҳал қилиши керак. Муфтийнинг ўрни бунгача мунозараларга сабаб бўлган. Аммо бу шу йил апрель ойида бўлиб ўтадиган мусулмонларнинг навбатдаги қурултойида ҳал қилиниши кераклигини муфтият ҳам, бошқалар ҳам айтган", дейди Мурзахалилов.
Унинг таъкидлашича, Мусулмонлар Диний идораси раҳбарини сайлаш Муфтият низоми, қурултой, Олимлар кенгаши ва Қирғизистоннинг Дин эркинлиги тўғрисидаги қонунлари асосида ўтказилиши керак.
Дин ишлари бўйича давлат комиссияси директорининг собиқ ўринбосари, муфтий сайловига маълум гуруҳларнинг, ички ёки ташқи кучларнинг аралашуви Қирғизистоннинг ислом дунёсидаги вазиятни янада беқарорлаштиришидан огоҳлантиради.

Сурат манбаси, official
Аҳолиси сони расман 6 миллиондан ошувчи Қирғизистон ҳам минтақанинг аксар аҳолиси мусулмон энг кичик иккита давлатидан биттаси бўлади.
Қирғизистон жанубида бир миллиондан ортиқ ўзбеклар ҳам яшашади.
Маҳаллий кузатувчиларга кўра, айниқса, сўнгги уч-тўрт йил ичида улар орасидан Ҳаж зиёратига борувчилар сони камайгани кузатилади.
Маълум бўлишича, улар арзонроқ ва қоғозбозлик ҳоллари кам экани боис, кўпроқ Умра зиёратини афзал билишмоқда.
Қирғизистон Тожикистон билан бирга Марказий Осиёдаги нисбатан камбағал иккита давлатдан биттаси бўлади.
2010 йилги этник низолар эса, Қирғизистон жанубидаги одамларнинг тирикчилигига жиддий таъсир қилмай қўймагани кузатилади.
Аммо, шунда ҳам, Марказий Осиё давлатлари орасида Қирғизстонда Ҳаж сафарининг умумий қиймати энг арзони ҳисобланади.
Собиқ муфтий ким?
Мақсатбек Тўқтўмушев 2013 йилда илк бор Қирғизистон Мусулмонлар диний бошқармасига раҳбар - муфтий этиб сайланган. Тўрт йиллик муддатдан сўнгги овоз беришларда ҳам ўз мақомини сақлаб қолган.
Унинг ваколат муддати жорий йилнинг апрелида тугаши ва навбатдаги сайловнинг март ойида, Қирғизистон Мусулмонлари қурултойида ўтказилиши кутилаётган эди.
Мақсатбек Тўқтўмушев муфтийлик даврида давлат идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилгани, жумладан, Қирғизистонда анъанавий Ҳанафий мазҳабини ёйишда ҳисса қўшгани айтилади.
Мақсатбек Тўқтўмушев 1995 йилда Бишкекдаги Қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган. У диний таълимини Бишкекда бошлаб, 1997 йилда Покистондаги Ал-Арабия университетининг Шариат факультетини тамомлаган.
Қирқ етти ёшли собиқ муфтий Ўш вилоятига қарашли Қора-Қулджа туманида таваллуд топган.
У диний қўмитани бошқаришдан аввал Бишкек қозиси ва муфтийнинг ўринбосари бўлиб ишлаган.
Собиқ муфтий ҳибсга олинганидан кейин, ҳозир Қирғизистон Миллий Хавфсизлик давлат қўмитасининг Бишкекдаги тергов изоляторига ўтказилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














