Дунё ва тақдирлар: Уйсиз гиёҳванд профессорга айланди - dunyo, taqdirlar, O‘zbekiston, yangiliklar

Жесси Тистл
    • Author, Сара МакДермотт
    • Role, Би-би-си Жаҳон хизмати

Дунё ва тақдирлар: Уйсиз гиёҳванд профессорга айланди - қаҳрамонимиз ўн йил умрини кўча ва қамоқда ўтказган. Тиланчилик ҳам қилган. Энди эса, у 37 ёшида профессор, нуфузли университет домласи ва қатор мукофотлар соҳиби.

Эврилиш

Жесси Тистл ўн йил умрини кўчаларда ва қамоқда ўтказди. Шунга қарамай, у ўзининг канадалик маҳаллий аждодлари - ҳиндулар маданияти бўйича экспертга айлана олди. Бу йўлда унга ёшлигида ажралган онаси кўмак берди.

Баъзида Жесси Тистл кун бўйи тиланчилик қилгач, оқшом маҳали хўрлиги келганча Оттавадаги Парламент Ҳиллдаги фонтан олдига борарди.

Ёдгорлик чеккасига ўтириб, қўлини совуқ сувга тиқар, зиёратчилар тилак билдириб, сувга ташлаган танга пулларни териб оларди. Полиция ходимлари Жесси келганда доим уни кузатиб турар, унинг xўл майда пулларни олиб, киссасига солаётганини кўрса, ҳайдаб соларди.

Жесси 32 ёшда эди. Яқиндагина реабилитация марказидан чиққан, аммо 19 яшарлигида бобо ва бувиси ҳайдагандан бери кўчаларда дайдиб кун ўтказарди.

"Бобом қаттиқ интизом талаб қиларди - эски тарбия - у меҳнат, ҳақиқий меҳнатга ишонарди. Агар бирор номаъқулчилик қилсак, бизни калтакларди", дейди Жесси.

"У 'агар сени наркотик билан кўриб қолсам, сендан воз кечаман, бу жуда осон', дер ва буни муболағасиз айтарди."

Шундай қилиб, Жессининг бувиси унинг киссасидан кокаин топиб олган куни унга кўч-кўронини тўрвасига тиқиб, уйдан даф бўлишни айтишди.

"Ҳаётим поёнига етгандек эди, - дейди у. - Уларнинг юзларидан кўнгилларини қанчалик чил-чил қилганим шундай кўриниб турарди."

Жессининг ҳаёти бошидан бетартиб кечди. Отаси Сонни Торонтода ҳуқуқ-тартибот ходимларидан қочиб, шимолий Саскачеванга кетди. Ўша ерда Метис Кри маҳаллий халқ жамоасидан Бланш исмли бир ўсмир қизни учратади.

Унга уйланиб, уч ўғил кўради - Жон, Жерри ва Жесси.

Бланш Морриссетте 14 ёшида, 1972 йил, Сонни билан учрашишдан бир йил олдин
Сурат тагсўзи, Бланш Морриссетте 14 ёшида, 1972 йил, Сонни билан учрашишдан бир йил олдин

Сонни ичкиликка рўжу қўйган, героин истемол қилар эди. Унинг жисмоний зўрликларидан чарчаган Бланш охири болаларни олиб, қочиб кетди.

Улар бир муддат Мус Жо шаҳрида яшадилар, бир тўп увадада эмас, рисоладагидек кроватда ухладилар, кунига уч маҳал овқатландилар. Сўнг Сонни пайдо бўлди, Торонтода иш топганини, квартираси борлигини айтди. Бланш ҳам ишлаб, ҳам ўқир эди. Сонни уни болаларни ўзи билан бирор ойга олиб кетишга кўндирди.

Аммо ота янги иш топмаган, ёмон одатларини ҳам ташлай олмаганди. У баъзида олти ёшдан кичик бўлган болаларини квартирада ёлғиз қолдириб, ўзи бир неча кун йўқ бўлиб кетарди. Сонни уйдалигида уйда бироз егулик бўлса ҳам, кетиши билан ҳеч вақо қолмасди. У болаларга қандай тиланчилик қилиш, дўконлардан қандай егулик ўғирлаш, кўчаларда ётган сигарет қолдиқларини йиғиб, тамакисини қоғозга қандай ўрашни ўргатди.

1980 йил, Бланче ва унинг учта ўғли - "оиламиз бузилмасдан олдин", дейди Жесси

Сурат манбаси, BBC

Сурат тагсўзи, 1980 йил, Бланш ва унинг учта ўғли - "оиламиз бузилмасдан олдин", дейди Жесси

Қўшниси аҳволни сезиб қолиб, болаларни ҳимоя қилиш марказига хабар берди. Полиция келиб, болаларни олиб кетди. Бу вақтда Жесси тўрт яшар эди. У ва унинг оғалари оталарини бошқа кўришмади.

Етимхонада, сўнг ўгай ота-она қарамоғида яшагач, уларни Соннининг ота-онаси - болаларнинг бобо, бувиси олдига жўнатишди.

"Тахминимча, Болаларни ҳимоя қилиш маркази онамга хабар бермаган, чунки ўша вақтларда маҳаллий халқ аёллари нотоза, нобоп, она сифатида вазифасини бажара олмайди, деб ҳисоблашар эди", дейди Жесси.

"Маҳаллий халққа мансуб болалар бу марказларга келтирилса, улар имкон қадар болаларни оқ танлиларга беришга ҳаракат қиларди, чунки оқ танлилар бойроқ ва масъулиятли кўринарди. "Sixties Scoop" - минглаб маҳаллий халқ болаларини ота-оналаридан ажратиб олиш амалиёти ўша вақтда роса авжида эди."

Жессенинг бобо, бувиси бир неча йилгача Бланшга келиб, болаларини кўришига рухсат беришмади. Оқибатда Жесси ўзининг Метис Кри анъаналари ҳақида деярли ҳеч нарса билмай улғайди.

Жерри, Жесси ва Жош Кейп Бретонда, 1980 йил

Сурат манбаси, BBC

Сурат тагсўзи, Жерри, Жесси ва Жош Кейп Бретонда, 1980 йил

"Биз ўзимизнинг ҳинду эканлигимизни билардик, акам бир ёз Саскачеванда чодирда яшаганимизни эслайди, - дейди Жесси. - У болаларга Канадада бошланғич мактабларга тезроқ боришнинг энг яхши йўли ҳинду бўлиб кўриниш ва оқ танли болаларга чодирда яшаганларини айтишдир, дер эди."

Улар яшовчи маҳаллада оилалар болалари бу ака-укалар билан ўйнашини истамас эди. Ҳатто бир гал Жесси агар ўзини италиялик қилиб кўрсатcа, ҳаёти осонроқ кечишини ўйлаб қолди.

"Мен ўзлигимни инкор қилаётган эдим, - дейди у. - Мен ўз анъаналаримиздан, ўзимдан, онамдан нафратланишни бошладим, чунки у йўқ эди. У бизни ташлаб кетгандек ҳис қилардим."

Мактабда урушқоқ бўлган Жесси баҳоларининг пастлиги, ўқишни ўргана олмагани, математикани ўзлаштира олмагани сабабли тенгқурларидан ортда қолди. Сўнг мактабдаги безори болаларга қўшилиб, ишкал ишларини бошлаб юборди.

"Ичардик, вақтичоғлик қилардик, дискотекага борар, наркотик истеъмол қилардик. Ва бу менинг ўзлигим бўлиб қолди, - дейди Жесси. - Экстази, кетамин, метамфетаминни уч, тўрт, беш кун пайдар-пай қабул қилардим."

Сўнг бобо, бувиси уни уйдан қувди.

Жесси дўсти билан мамлакатни кесиб ўтиб, Торонтодан акаси Жош полиция ходими бўлиб ишловчи Ванкуверга борди.

Жамоат транспортида йўлкира тўламаслик учун Жошнинг полиция нишонини олиб юрди ва шу билан қизларни овлади - "Қизлар полицияни севади" - ёки ресторанлардан текин овқат ундирди. Аммо Жош уйга қайтиб, укаси наркотик истеъмол қилаётганини кўрганда, Жессе бу ердан ҳам ҳайдалди. Аммо бу сафар унинг борар жойи йўқ эди. 20 ёшида у уйсиз қолди.

У Ванкувер ташқарисида, Фрейзер дарёси бўйига парковка қилинган бир машинада тўрт ой ётиб юрди. Атрофда уйсизлар кўп эди, аксариси маҳаллий халқ вакиллари - ҳиндулар.

"Даҳшатли эди. Бу ердаги ҳиндуларнинг бари дорига ўтириб қолганини, бу ҳеч кимнинг парвойига келмаслигини кўриш юракни эзарди", дейди у.

19 ёшли Жесси, ҳаммаси издан чиқишидан аввал

Сурат манбаси, BBC

Сурат тагсўзи, 19 ёшли Жесси, ҳаммаси издан чиқишидан аввал

У устидаги кийимидан бошқа ҳамма нарсасини сотди, аммо барибир оч эди.

Торонтога қайтгач, автобус бекатида ётиб, тиланчилик қилиб, наркотикка ва дискотекага боришга пул тўпларди. Дўсти унга крэк кокаинни таништиргач, биринчи тортишдаёқ, дорига мубтало бўлди қолди.

1999 йилнинг янги йил оқшоми эди. Бу вақтга келиб, 23 ёшга кирган Жесси бутун тун вақтичоғлик қилди. Эртаси куни дўстининг уйига борди. У ерда ўзи яхши танимайдиган одамларни учратди. Улар унга ғарбга кетишлари учун автоулов топиб берса, унга пицца сотиб олиб беришлари, хизмати учун янги майка беришларини айтишди.

Бундан осон иш йўқ деб ўйлаган Жесси ишни бажариб, майкани кийдию, Ронникига боради. Жесси ва Рон кино томоша қилиш учун ўтирганларида экранда тезкор хабар берилади: ўтган тунда шу ҳудудда бир таксичи ўлдириб кетилгани, гумонланувчилар 20 ёшлар атрофидаги икки йигит экан. Жессининг мазаси қочди.

"Улар менга жиноят қилган вақтдаги кийимларини бериб, қотилликни менга ағдаришга уринган эди", - дейди у. - Олдимда икки йўл бор эди - оғизни юмиб жим бўлиш, бу кўча қонуни ёки полицияга бориб, тўғри ишни қилиш.

Жесси қочиш ҳақида ўйлайди - "қочиш ҳаётимни сақлаш йўлим эди" - аммо у тўғри полицияга борди. Айбни унга ағдармоқчи бўлган икки йигит кейинчалик қотилликда айбланиб қамалди.

Аммо Жесси чақиб бергани маълум бўлиб қолди. "Мен тирик мурдага айланиб қолдим", дейди у.

Эски дўстлар у билан алоқани узди. Одамлар уни холироқ жойга алдаб олиб бориб, жазолашга уринарди, бир гал бейсбол таёғи билан уриб калтаклашди, зарбнинг зўридан юра олмай қолди.

"Мен доим қочардим, ҳаётимни сақлашга уринардим, доим ҳушёр эдим, - дейди у. - Буни гипер ҳушёрлик дейишади. Мен шунчаки тирик қолишим ва бир жойдан бошқасига кўчиб юришим керак эди."

Умидсизликка тушган Жесси дорихонадан катта миқдорда оғриқ қолдирувчи дори ўғирлади, кўп ўйлаб ўтирмай, уларнинг барини ичди. Бу иши уни касалхонага олиб борди, аммо аввалги аҳволи ўзгармади.

Бир оқшом акаси Жеррининг Торонтодаги квартирасига киролмай кўчада қолганда, уй ичига бузиб кираман деб нақ уч қават пастга йиқилиб тирик қолган, аммо ўнг товони ва ўнг тўпиғи майдаланган, иккала қўли синган эди. Шифокорлар Жессининг тирик қолишига ишонмаган. Аммо унинг ҳақиқий муаммолари касалхонадан чиққач, инфекция юқтирганда бошланди.

Жесси оёғидаги оғриқни босиш учун крэк чекарди, аммо бармоқлари қорайиб, тирноқлари кўча бошлагач, ўзига ёрдам кераклигини тушунди.

"Оёғим йиринглаб, гангрена бошланди", дейди у.

Шифокорлар унинг оёғини кесиб ташлашга тўғри келиши мумкинлигини, инфекция юраги ёки миясига борса, ўлдиришини айтганларини элас эслайди. Саросимада Жесси қочиб кетади.

"Мен бутун дунёдан, ярамас одатларимдан, барча хатоларимдан, азият етказганим барча одамлардан яширинишни истардим. Мен шунчаки чириб, ўлиб кетсам дердим."

"Нега жиноят қилиб, қамоқда яшамайман, деб ўйладим. У ер анча хавфсиз, дам оламан, овқат бор, дори бор."

Шундай қилиб у бир дўконга кириб, пул ўғирлайди-да, полиция келиб қамоққа олишини кутмай - у аслида шуни кўзлаганди - дўкон ортидаги ахлат қути ичига яширинади.

"Мен ахлат қутида эдим. Эплаб ўғирлик ҳам қилолмадим, деб ўйладим", дейди Жесси.

Кейинчалик билишича, 40 Канада доллари олган экан, дори баттар оғирлаштирган паранойядан бир неча ҳафта ўтиб, барибир исталган дақиқада қамоққа олишларини тасаввур қилиб, у охири ўзини топширди.

"Мен қилдим, - дейди у полицияга. - Дўконни талаган ўша одам мен бўламан. Энди мени қамоққа тиқинг-да, калитни бирор ёққа отиб юборинг."

Жессининг полиция идорасида олинган суратлари
Сурат тагсўзи, Жессининг полиция идорасида олинган суратлари

Қамоқхона Жесси учун кутилмаган бурилиш нуқтаси бўлди.

У оёғи учун шошилинч бўлган тиббий ёрдамни олди, аҳволи тезда яхшилана бошлади.

Аммо ўсмирлигидан ўргангани гиёҳвандлиги ва ичкиликбозлигини енгиллаштириш учун ёрдам ололмади. Камерада ўзи ёлғиз ётганча, хумор тутганидан даҳшатли хуружларни бошдан кечирди.

Буни қарангки, бошдан кечирганлари уни ўқиб ўрганишга ундади.

"Крэкка бандиликдан озод бўлиш учун ўзимни ўзим тўғри ўқиш ва ёзишга ўргата бошладим", дейди у.

Қамоқдан чиққанидан сўнг, таълимини давом эттириш ва дорига мубталолигидан қутулиш учун реабилитация марказига борди.

"Кечаси билан мижжа қоқмай, энциклопедияларни титкилардим. Ўқишим анча яхшилана бошлади. Гигиенани, столда тўғри ўтириб овқатланишни ўрганиш учун ҳам этикет курсига қатнашдим. Бундай нарсаларни ўрганишга аввал ҳеч ҳафсала қилмаганман. Шунча йиллардан сўнг биринчи марта ўз ҳолатимдан қониқиш туя бошладим."

Аммо бу осон эмасди. Бир гал у яна аввалги касалини бошлади, кўчага чиқиб, тиланчилик қилди, Парламент Ҳиллдаги фонтанга бориб тағин танга терди, сўнг бир йилга ўша реабилитация марказига яна банди бўлди.

Ўша ерда бир ғалати электрон мактуб олди - унда бир аёл уни қидираётгани айтилган, қўнғироқ қилиши учун рақам ҳам бор эди. Бу аёл унинг онаси бўлиб чиқди. Жесси онасини у болалар гўдаклигида отасига қўшиб, Торонтога юборганидан бери кўрмаган эди.

Титраб қақшаб йиғлаб, Жесси онаси Бланшга қўнғироқ қилди. Аммо гаплашгунларигача у неча марта гўшакни қўйиб, узиб қўяр эди.

"Мен рад этилишдан ва яхши кўришдан қўрқаётгандим, - дейди у. - Аммо яхши гаплашдик. Узоқ давом этган қурғоқчиликдан сўнг ёмғир сувига тўйинган ўсимликдек ҳис қилдим ўзимни."

Сўнг кутилмаган янгилик келди - бувисидан хабар. Анча йиллар аввал бобо, бувисининг уйидан қувилгандан бери уни ҳам кўрмаганди.

Бувиси умри охирлаб қолганини, Жессини кўришни исташини айтганди.

"У мени уришди, - дейди Жесси. - 'Сендан ростдан ҳафсалам пир бўлган. Менга ваъда бер: таълимни давом эттирасан, университетга кирасан, имконинг борича шу йўлдан кетасан', деди у менга."

Жесси бувиси айтгандек қилишга қасам ичди. Унга тезроқ соғайиб кетишини тилаб, қучоқлади-да, сўнг реабилитация марказига қайтди. Икки ҳафта ўтиб, бувиси вафот этди.

Бувиси вафотидан бир кун ўтиб, у акаларидан бирининг синфдошидан таъзия билдирилган мактуб олди.

Люси реабилитация марказидаги Жессига юборган расм

Сурат манбаси, BBC

Сурат тагсўзи, Люси реабилитация марказидаги Жессига юборган расм

"Ўйлашимча, ўша вақти Люсини севиб қолганман. У жуда меҳрибон эди. Бу ҳақда ўйласам, ҳозир ҳам кўнглим кўтарилади", дейди Жесси.

Жесси ва Люси тез-тез гаплашиб турадиган бўлишди. Баъзида телефонда соатлаб эзмаланишар, "Skype"да ҳам мунтазам мулоқот қилишарди.

Менда юзтача турли шампун, совун ва бошқа тана тозаловчи воситалар девор бўлиб тахланиб турар, уларни кўрсатиб, ўзимга қанчалик қараётганимни унга билдириб қўярдим, - дейди у. - Бошимдан ўтганлар сабабли ўзимга ишончим паст эди, шу боис, унда яхши таассурот қолдиришни истардим."

2009 йилда Жесси ниҳоят реабилитация марказини тарк этгач, Люси унга яшаб туриш учун жой берди. Охир-oқибат улар жуфтга айланишди.

"Лотереяда ютиб олганга ўхшайман. Мен шунчаки кўча боласи эдим. У менда нимани кўрган билмайман. Аммо кимдир сени севса ва ишонса, унга борингни бергинг келади."

Люси Жессига ресторандан иш топиб берди. У ерда картошка тўғрар эди. "Мен бутун шаҳардаги энг уқувсиз картошка тўғровчи эканимга ишонч ҳосил қилдим", дейди у. Орадан икки ярим йил ўтиб, улар турмуш қурдилар.

Жесси 35 ёшида Торонтодаги Йорк университетига тарих талабаси бўлиб ўқишга кирди.

"Даҳшат бўлди. Мен дарсга ручка ва дафтар кўтариб бордим. Қарасам, ҳаммада смартфон ва ноутбук", дейди у.

"Ўзимдан анча ақлли бўлган бу ёш болалар олдида жуда қари бўлиб қолдим. Олдинда ўтирар, ҳеч ким мен билан гаплашишни истамасди."

Иккинчи курсда Жесси ўз оиласи тарихини ёзиш вазифасини олди. Саскачевандаги xоласи билан гаплашди. У бу борада кўп нарсани билар эди.

"У менга ancestry.com линкини жўнатди. Маълум бўлишича, мен сардорлар, сиёсий етакчилар, қайтмас жангчилар авлодидан эканман. Бу мени шунчалик руҳлантириб юбордики, кўпроқ нарсани билишга иштиёқим ортиб кетди. Ана шу вазифани бажариш ўзлигимга томон калит бўлди. Бутун вужудим билан шу ишга киришдим", дейди у.

Жесси Метис аждодлари ва 1885 йилги Шимоли Ғарб Исёни мобайнидаги Батош жангида нималар бўлгани ҳақида ёзди. Беш ой давом этган қақшатқич исёнда унинг аждодлари Канада ҳукумати билан урушган, чунки улар ўзларининг ҳуқуқлари, ерлари ва ўзликлари хавф остида эканига ишонишган.

Жессининг ёзганлари маҳаллий халқлар тарихи бўйича эксперт профессорга маъқул келиб, уни дарҳол ўзига тадқиқотчи ассистент қилиб ишга олди.

Жесси 2013 йили Саскачеванга онаси ва xолалари олдига борди. Ҳозир ёши 37да. У уч ярим ё тўрт ёшида алоҳида боқувга олингандан буён бу онасини тўртинчи марта кўриши эди.

"Бу худди ёқимли уйга қайтишга ўхшарди", дейди у.

Унинг Метис уруғи 150 йил муқаддам келиб ўрнашган, аввал чодирларда, сўнг ёғоч кулбаларда яшаган ерга келганда, Жесси тиз чўкди.

"Мен ким эдим, халқим ким бўлгани ҳақидаги хотиралар онгимга қўюлиб кела бошлади ва бор вужудимни чулғаб олди."

Жессининг тадқиқоти мукофотларга муносиб кўрилди. У университетни аъло натижа билан тамомлади. Сўнг иккита стипендия ютиб олди, PhD диссертациясини ёзиб битирди ва ҳозирда Йорк университетида ҳиндулар тарихидан дарс беради.

"Дарсимга маҳаллий халқдан бўлган кўплаб ёшлар келиб, ўз илдизларини ўрганишга тиришади, - дейди у. - Мен уларга аждодлари ким бўлгани ва ҳозирги жойларга оилалари қандай ўрнашиб қолганини тушунтираман. Ўз тарихини ўрганаётган одамларни кузатиш завқли."

Бланш ва Жесси 2013 йилда Саскачевондаги Фиш Крикда - 1885 йил

Сурат манбаси, DR CAROLYN PODRUCHNY

Сурат тагсўзи, Бланш ва Жесси 2013 йилда Саскачевондаги Фиш Крикда - 1885 йил

Жесси ҳам ўз навбатида онаси Бланшни тадқиқот иши учун ёллади.

"У инсайдер, жамоани ичдан билади, кимлар оқсоқоллиги ва мен эшитишим керак бўлган ҳикояларни билади", дейди Жесси.

"Унинг ёрдамисиз бунча нарсага эриша олмасдим. Биз ўғил ва она сифатида бузилган муносабатларимизни тиклаб ишлай олишимиз катта муваффақият. Доим ҳам осон эмас, албатта, аммо бу жуда гўзал. Биз биргалигимиздан хурсандмиз ва, айтишим мумкинки, бизнинг тадқиқот методологиямиз муҳаббатга асосланган."

Жесси гарчи диндор бўлмаса ҳам, вафот этган бувиси унга ҳаётини янгидан бошлашига ёрдамчи бўлиши учун Люсини етказганига ишонади.

У қотилликни ўзига тақамоқчи бўлган йигитлар ҳақида, қасос олишга уринишлар ҳақида кўп ўйлайди. У ич-ичидан бўлган ишлардан афсусда ва ўзини ҳимоя қилишга мажбур бўлганини айтади. Аммо у яхши яшаяпти, агар улар келса, "нима бўлса, бўлар".

У ҳамон ўтмишдаги гиёҳвандлиги асоратидан қийналади.

"Мен ҳозир ҳам крэк кокаин қабул қилишни тасаввур қиламан, бу тасаввур ҳеч йўқолмайди. Аммо буни бошқаришни ўрганишим керак", дейди у.

"Ҳийла ишлатаман. 'Бугун катта, чиройли тош истайман. Биласанми нега? Уни эртага ишлатаман' дейман ўзимга ўзим. Эртага келса, ана шуни яна такрорлайман. Ҳеч қачон келмайдиган эртани такрорлайвераман. Буни 12 йилдан бери такрорлайман. Аммо наркотиксиз чексизлик жуда оғир."

Йиқилганига ўн йил ўтса ҳамки, ўнг оёғининг ҳамон оғриб туриши унга омади борлиги, тирик қолганини эслатади.

Унинг ҳозир ўз умр йўлдоши, ўз иши бор. Онаси билан муносабатини тиклади, илдизлари билан қайта боғланди. Аммо ҳамон бир нарса етишмайди.

2013 йил, Оттавадаги Парламент тепалигининг қаршисида - Жесси ва Луси шу ерда илк бор учрашувга чиқишган, энди эса, ўтган кунларни хотирлаш учун ҳар йил ана шу жойга келишади
Сурат тагсўзи, 2013 йил, Оттавадаги Парламент тепалигининг қаршисида - Жесси ва Луси шу ерда илк бор учрашувга чиқишган, энди эса, ўтган кунларни хотирлаш учун ҳар йил ана шу жойга келишади

Эсини танибдики Жесси доимо отаси Сонни Тистл ҳаётига яна қайтиб келишига умид қилади. Аммо унинг бир неча йил аввал бир қария билан тасодифий учрашуви умиди ушалишига шубҳасини орттирди.

"Бу одамни кўриб, кўча одами ёки бирор қамоқхонадан чиққан деб ўйлашингиз мумкин эди. У менга 'Ҳеч ким айтмадими, ўғлим? Отанг кимлардан қочгани, улар ким бўлганидан қатъиназар, 1982 йили уни ўлдиришган.'"

Жесси бу хабарни полицияга етказди ва расман отасининг йўқолганини маълум қилди.

"У ҳақда 1982 йилги касалхона ёзувлари бор. Унинг полиция билан контакт файли ҳам, қаерда қамалгани ҳақида тафсилотлар ҳам бор, - дейди Жесси. - Кейин у ғойиб бўлган.

Жесси отаси наркотик билан шуғуллангани, бошқа шаҳарга қочишдан олдин одамларни талаганини биларди.

"Агар сиз бу ишни жиноий гуруҳга мансуб кимгадир нисбатан қилсангиз, улар ўрнак бўлсин деб шундай қилишади, бу улар фаолиятининг бир қисми", дейди у.

Бир томондан, унинг отаси ўлган бўлиши мумкинлигини эшитиши даҳшатли бўлса, бошқа томондан, унинг кўринмай кетгани бесабаб эмаслигини билиш унга таскин беради.

"Отанинг уйга келмаётганига энг яхши сабаб унинг ўлганлиги эмасми?", - дейди Жесси.

У умидини бутунлай узмаган, отаси тирик бўлиши ҳам мумкин.

"Кимдир қаердадир ниманидир билиши эҳтимоли бор. Шундай экан, биз ҳамон қидиряпмиз."

"Менинг қайсидир қисмим отамнинг ўлганини тан олишни истамаяпти."

Аксарият суратлар Жесси Тистл томонидан тақдим этилган.

Жесси Тистл - "From the Ashes" номли мемуармуаллифи.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek