You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон энди ўз фуқароларини нима қилади? - Ўзбекистон, Мирзиёев, Яқин Шарқ, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar
Ўзбекистон энди ўз фуқароларини нима қилади? - Бирлашган Миллатлар Ташкилоти расман мурожаат билан чиқди. Сурияда қолаётган фуқароларингизни зудлик билан қайтаринг деди. Халқаро ташкилот мурожаатига расмий Тошкент муносабати ҳозирча маълум эмас.
Мурожаат билан кеча, 8 февраль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича 20 дан ортиқ эксперти чиққан.
Экспертлар Ўзбекистон илова дунёнинг 57 давлати ҳукуматига мурожаат қилишган.
Улардан Сурия лагерларида ноинсоний шароитларда тутиб турилган фуқароларини зудлик билан ортга қайтаришларини сўрашган.
Мурожаат матнидан сўз Ал-Ҳол ва Aр-Рож лагерлари ҳақида бораётгани маълум бўлган.
Бу икки лагерь Сурия шимоли-шарқида жойлашган.
БМТ экспертлари улардаги қочқинлар сонини жами 64 мингга нисбат берган.
Уларнинг 57 давлат фуқаролари эканликлари, ҳозир хавфли ва ноинсоний бир шароитда сақланаётганликларини билдирган.
Маълум бўлишича, бу қочқинларнинг аксарияти хотин-қиз ва болалар бўлишади.
64 минг қочқиндан аниқ қанчаси Ўзбекистон фуқаролари экани маълум эмас.
Мурожаат матнида бу масалага ойдинлик киритилмаган.
Аммо бу икки лагерда Ўзбекистондан ташқари яна собиқ Шўро давлатларидан Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Грузия, Украина ва Эстония фуқароларининг борликлари ҳам англашилган.
Ал-Ҳол Суриядаги энг йирик қочқинлар лагери бўлади.
Бу икки лагердаги одамлар террорчи гуруҳлар, шу жумладан, ИШИДга алоқадорликда гумон этилишади.
ИШИД ва ўзбекистонликлар
Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўз вақтида дунёдаги "энг жангариси" сифатида эътироф этилган.
ИШИД сафларида Марказий Осиёдан энг кўп ўзбекистонлик жангарилар жанг қилишгани ишонилган.
Бунга ИШИД мавҳ этилиши манзарасида эълон қилинган айрим халқаро ҳисоботлар далолат қилган.
Сурия ва Ироқда жанг қилган ўзбекистонлик жангариларнинг сонига оид энг сўнгги рақамлар 2017 йил охирида эълон қилинган.
Американинг "Soufan" тадқиқот маркази уларнинг сонини ўшанда 1500 тага нисбат берган. Уларнинг аксарияти ўз оила билан экани ишонилган.
Аммо шу пайтгача имконли бўлган бирор бир расмий ёки мустақил манбада Яқин Шарқда бўлган ўзбекистонлик хотин-қиз ва болаларнинг сонларига оид аниқ рақамлар имконли бўлмаган.
Расмий Тошкент сўнгги икки йилда учта махсус инсонпарварлик амалиётига қўл урган.
Сурия ва Ироқдан деярли барчаси хотин-қиз ва болалардан иборат ўнлаб фуқаросини ортга қайтарган.
Сўнгги инсонпарварлик амалиёти яқинда, ўтган йилнинг декабрь ойида амалга оширилган.
Ортда яна қанча Ўзбекистон фуқаросининг қолганига оид тафсилотлар ўшанда расмий хабарларда ўз ифодасини топмаган.
Яқин Шарқ ва ўзбекистонлик қочқинлар
2019 йилги биринчи "Меҳр" амалиёти ортидан, "MY5" телевизион каналида берилган кўрсатувда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов вазиятга анчайин ойдинлик киритгандек бўлган.
Усмонхон Алимов Яқин Шарқдаги қуролли низолар ҳудудларида қолаётган 3 мингга яқин ўзбекистонлик ҳам ортга қайтарилишини маълум қилган.
"Бизнинг ҳисоб-китобимиз бўйича 3 минг атрофида, уларни яна чиқариб олиб келамиз", - деган. Аммо ҳисоб-китоблари манбасини очиқламаган.
Ўзбекистон муфтийси, шунингдек, уларнинг айнан кимлардан иборат экани, ораларида жангарилари ҳам бор-йўқлиги тафсилотларига ҳам тўхталмаган.
Умумиятла Яқин Шарқ дер экан, Усмонхон Алимов, "уч мингга яқин ўзбекистонлик" айнан қаерда тутиб турилгани ва кимнинг назорати остида эканига ҳам ойдинлик киритмаганди.
Американинг "Soufan" тадқиқот маркази ҳисоботи эса, Яқин Шарқда ИШИД гуруҳи мавҳ этилганига оид баёнотлар ортидан кузатилган.
Ўзбек жангариларининг сўнгги тақдирлари борасидаги аниқ маълумотлар ҳам ҳануз имконсизлигича қолмоқда.
"Soufan" тадқиқот маркази ҳам ўз ҳисоботида ортга қайтган ўзбекистонлик жангарилар борасида ўзларида бирор бир маълумот йўқлигини айтган.
Ўзбек жангариларининг Сурия ва Ироқда уч гуруҳ: "Имом Бухорий" катибаси, "Тавҳид ва Жиҳод" ва ИШИДнинг "Хуросон" қаноти сафларида жанг қилишгани ишонилган.
Расмий Тошкент мавқеи
"Меҳр-2" операцияси фонида бирор бир Ўзбекистон фуқароси тақдирнинг измига ташлаб қўйилмаслигини баён қилган.
Орада айрим Ғарб нашрларида бўй кўрсатган хабарларга таянилса, ҳозирга қадар Ироқ қамоқларида сақланган Марказий Осиёлик жангари эркаклар ва аёллар судланиб, жазога тортилган.
Ироқ қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган фуқаролари борасида расмий Тошкентнинг муносабати ҳозирча имконли эмас.
Аллақачон ортга қайтарилганларига келганда эса, президент Шавкат Мирзиёев "конституция кўзда тутса-да", уларга қарши бирор бир чора кўрилмаслигини баён қилган.
Бу инсонларнинг оддий ҳаётга қайтишлари, янгитдан мослашиб кетишлари учун лозим барча ёрдам, кўмак ва дастак берилиши айтилган.
Ўзбекистоннинг учинчи "Меҳр" инсонпарварлик амалиёти глобал коронавирус пандемияси манзарасида амалга оширилгани билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.
Янги Ўзбекистоннинг бу каби саъй-ҳаракатларига баҳо бераркан, орада айрим сиёсий таҳлилчилар расмий Тошкентнинг Яқин Шарқдаги фуқаролари билан боғлиқ муаммони англаб етганини айтишган.
Давлат уларни қайтариш билан ўзининг истиқболдаги, келажакдаги хавфсизлигини ўйлаб, жиддий иш қилаётганини таъкидлашганди.
БМТ хавотирда
Халқаро ташкилот экспертларининг сўнгги мурожаатида айтилишича, "бу лагерларда тутиб турилган минглаб одамлар зўравонлик, эксплуатация, шафқатсизлик ва маҳрумиятларга дучор бўлишмоқда".
"Қочқинлар тутиб турилган шарт-шароит ва уларга нисбатан муносабатни халқаро қонунлар меъёрларида қийноқ, шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муносабатларга тенглаштириш мумкин".
БМТ экспертларининг маълум қилишларича, худди шу каби ҳолат сабаб, қочқинлардан айримлари ҳатто ҳаётдан кўз ҳам юмишган.
Халқаро ташкилот бу лагерлардаги шарт-шароитлар борасида узоқ вақтдан буён бонг уриб келади.
Дунё давлатларига ўз фуқароларини зудлик билан ортга қайтариш мурожаати билан ҳам илк бор чиқаётгани йўқ.
БМТнинг бу даъватига мусбат жавоб берган мамлакатлар сони эса, унча кўп бўлмаган.
Аммо, халқаро ташкилотнинг маълум қилишича, жорий йилда Сурияда вазият ёмонлашган.
Биргина 1-16 январь кунлари оралиғида Ал-Ҳолда сақланаётган 12 нафар суриялик ва ироқлик ўлдирилган.
Халқаро ташкилотнинг таъкидлашича, лагерлардаги зўравонлик фақат одамларнинг ўлими билан якун топаётгани йўқ, инсонпарварлик амалиётлари эҳтимолини ҳам йўққа чиқармоқда.
Сўнгги мурожаатларида эса, БМТнинг инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўз фуқаролари ҳимоясига биринчи навбатда давлатлар масъул эканини эслатишган.
Шу билан бирга, экспертлар таъкидлашларича, уларни ватанга қайтариш жараёни халқаро қонунларга мувофиқ амалга оширилиши шарт.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг сўзларига кўра, ҳукуматлар ушбу одамларнинг жамиятга қўшилишига фаол ёрдам бериши, уларга зарур ижтимоий, психологик ва таълимий ёрдам кўрсатиши шарт.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek