You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Қирғизистон мобил ҳукумат тузмоқчи, Ўзбекистон Бош вазири янги тайинлов билан қутлади, Qirg’iziston, O’zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar
- Author, Шоҳруҳ Соипов
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
Қирғизистон мобил ҳукумат тузмоқчи, Ўзбекистон Бош вазири янги тайинлов билан қутлади - Қирғизистон давлат идоралари сонини кескин қисқартирди. Янги Бош вазир этиб, 42 ёшли бутунлай янги сиёсатчини тайинлади. Бу одамлар фикри инобатга олинмаса, оммавий норозилик намойишлари кучайишига олиб келади, деган хавотирларни пайдо қилган.
Янги ҳукумат
Кеча, 3 февраль куни парламент депутатлари Бош вазир Улуғбек Марипов раҳбарлигидаги янги ҳукумат таркибини тасдиқлаган. Президент Садир Жапаров шу куни янги ҳукумат таркибини маъқуллаган.
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов худди шу куннинг ўзида қирғизистонлик янги ҳамкасбига расман табрик мактуби йўллаган.
Садир Жапаровнинг ўзи шу йил 28 январь куни мустақил Қирғизистоннинг 30 йиллик тарихидаги 6-президент сифатида қасамёд келтирган.
Орада Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам унинг сайловдаги ғалабаси билан расман қутлаганди.
Қирғизистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош тўртта давлатидан биттаси бўлади.
Олти миллиондан сал ошувчи аҳолисининг бир миллиондан ортиқроғини ўзбеклар ташкил этади.
Қирғизистондаги пандемия билан боғлиқ аҳвол ва сўнгги сиёсий жараёнларга Ўзбекистон ҳукуматининг фаоллик билан муносабатда бўлгани, вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам бериш саъй-ҳаракатида экани кўрилган.
Улуғбек Марипов сўнгги халқ инқилоби ортидан қудратга келган амалдаги президент Садир Жапаровнинг ўрнини эгаллаган.
10 январь кунги президент сайлови билан бир вақтда бўлиб ўтган референдумда Қирғизистон парламентидан президент бошқарувига қайтиш учун овоз берган.
Унгача Қирғизистон минтақадаги расман парламент бошқаруви амалда бўлган ягона давлат эди.
Янги ҳукумат таркиби эса, кескин қисқартирилган, давлат идоралари 12 вазирликка бирлаштирилиб, ҳукуматнинг 16 аъзоси қолган.
Бу мобил ҳукумат тузиш ва бошқарув тизимини оптималлаштиришга уриниш сифатида изоҳланмоқда.
Аввалги ҳукумат таркибида 48 та идора, жумладан, вазирликлар, идора ва қўмиталар мавжуд эди. Уларнинг 22 таси ҳукумат аъзолари бўлган.
Янги ҳукуматни 2016 йилдан бери Ҳисоб палатасини бошқариб келаётган Улуғбек Марипов бошқаради.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, унинг номзоди ва ҳукумат тузилиши президент Садир Жапаров билан маслаҳатлашилган.
Марипов парламент депутатлари олдида чиқиш қилар экан, иқтисодиётни ривожлантириш, қисқа муддатда ислоҳотларни амалга оширишни ваъда қилган.
"Бошқарув тизимини оптималлаштиришни кечиктиришга вақт йўқ. Таклиф қилинган тузилма муаммоларни тез орада ҳал қила оладиган жуда муҳим қадамдир. Бош вазирнинг тўрт ўринбосари ўрнига битта қолади. Бош вазирнинг иккинчи ўринбосари лавозими Иқтисодиёт ва молия вазири билан бирлаштирилди", деган янги Бош вазир Улуғбек Марипов.
Ўтган йилнинг октябрида юз берган "ҳалқ инқилобидан" кейин тузилган муваққат ҳукумат таркибида ишлаган расмийлардан ҳеч бири ҳозирги ҳукумат таркибига кирмаган.
"Кўнглим хотиржам кетаяпман. Нима бўлганда ҳам ислоҳотлар уруғи сепилди", деган уч ой Қишлоқ хўжалиги вазири бўлиб ишлаган Тилек Тўқтўғазиев матбуот анжуманида. У вазирлик доирасида ҳам, шериклар билан ҳам ислоҳотлар бошланганини урғулаган.
Собиқ Бош вазир ўринбосари Элвира Сурабалдиева ҳам ўзининг Facebook саҳифасида якунлаётган фаолияти ҳақида ёзган.
У аввалдан бу лавозим вақтинчалик бўлиши келишилганлигини таъкидлаган. Сурабалдиева Коронавирусга қарши курашиш бўйича ишларни Соғлиқни сақлаш вазирлигига топшираётганини қўшимча қилган.
Янги ҳукуматда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш хизмати ҳам йўқ. Уни Ички ишлар вазирлигининг таркибига киритиш таклиф қилинмоқда.
Хизмат раҳбари Сиймиқ Жапикеев Facebook даги дўстларига: "Негадир ишлар бошқача кетмоқда. Биз нима қила оламиз, дўстлар?" дея мурожаат қилган. У, мазкур идора ютқазаётганини, хизматни қисқартириш тўғри бўладими-йўқлигини ёзган.
Шунингдек, собиқ Бош вазир ўринбосари Мақсат Мамитқанов ҳам янги ҳукуматга қўшилмаган.
Янги ҳукумат таркиби атрофидаги бўлаётган норозиликларга президент Садир Жапаров ҳам ўз Facebook саҳифаси орқали муносабат билдириб, баёнот ёйинлаган.
"Мен инқилоб қилдим, шунинг учун бу лавозимда умрбод қолишим керак, бу идорани йўқ қилмайлик дейишдан йироқ бўлишимиз керак. Бу масаланинг бир тарафи. Иккинчидан, кадрлар сиёсатида бу Акаевчи, бу Бакиев ёки Атамбаевчи, Жээнбековчи деган эски тушунчаларни тўхтатайлик", деган Садир Жапаров ўзини қамоққа солганларни ҳам айбламасликка даъват қилган.
Норозилик намойишлари
Парламентда янги Бош вазир ва ҳукумат таркиби тасдиқланаётган бир пайтда бино олдида норозилик намойиши бўлиб ўтган.
Намойишчилар Улуғбек Мариповнинг Бош вазирликка тайинланишига қарши эканликларини ва парламент депутатларини тарқатиб юбориш кераклигини айтишган.
Фуқаролик жамияти ҳам ҳукумат ислоҳотлари сифатига шубҳа билан қарамоқда.
Фаол Рита Қарасартова аввалги сиёсий воқеалар етакчилари ҳокимиятга келишларига ҳожат йўқлигини, ҳукумат мутахассислар билан маслаҳатлашиши муҳимлигини айтади.
"Лавозим муҳим эмас, фикрдошлар учун платформа яратиш керак эди", дейди Қарасартова. "Давлат харажатларини камайтириб, рационализациялаш вазифаси турибди. Ғояси бор одамлар келинглар, биз бу нарсани ишлаб чиқамиз, таклифлар беринглар деса, кўплаб мутахассислар қўшиларди. Амалдаги ҳукумат қонунларни ҳурмат қилмаётгани кўриниб турибди. Аммо мен мамлакат тараққиётини истаган фуқаро сифатида улар қонунга зид иш олиб бораяпти демасдан, ишлашардим, чунки бу менинг масъулиятим. Тарих олдида биз жим ўтирмаганмиз деймиз, расмийлар ҳам бизга нега ўшанда айтмадинг дея олмайди", дейди Рита Қарасартова.
У ҳукумат ислоҳотларининг мақсади тушунтирилиши ва асосланиши кераклигини айтди:
"Ислоҳот кўплаб бўлимлар қисқартирилаётганини англатади. Аммо қисқартирилишидан олдин катта бир концепция бўлиши керак. Қайси гуруҳ иш олиб бормоқда, қисқартириш мақсади нима, у қандай асосга эга, нега бундай қадам қўйилди? Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлигига Меҳнат ва ижтимоий тараққиёт вазирлигини қўшиб қўйди. Икки тармоқ бир-биридан фарқ қилади. Эҳтимол биз мақсадни тушунмаяпмиз, унда натижани кутишдан бошқа иложимиз йўқ", дейди фаол аёл.
Яна бир маҳаллий фаол Айбек Турдалиев барча давлат хизматлари ва вазирликларнинг бирлашиши масалани мураккаблаштиради ва бюрократияни келтириб чиқаради, деб ҳисоблайди.
"Бир неча вазирликни битта вазирликка бирлаштириш катта муаммо. Қисқартириш ва ислоҳотлар - бу икки хил нарса. Ислоҳот ҳаётни енгиллаштириши керак. Биз ўн йил олдин баъзи лавозимларда бошланган ишни орқага қайтараяпмиз. Тез орада бунинг тескари натижасини кўрамиз", дейди Турдалиев.
У 5-6 октябрдаги раҳбарлар ва одамларнинг фикри ҳозирги ҳукумат томонидан инобатга олинмаса, норозилик намойишлари кучаяди, деб тахмин қилади. Турдалиевнинг қўшимча қилишича, ҳукумат октябрь қўзғолонидан сабоқ олиши керак.
Бу каби саволлар кечаги парламент йиғинида ҳам кўтарилган.
"Мамлакатни 137 миллиард сўм қарздор қилган Энергетика вазири лавозимига ким номзод кўрсатди? У "Шарқэлектро", "Шимолэлектро"да ишлаган, вазирнинг ўринбосари, вазир бўлган. Яхши натижа қилмаган. Холдинг билан беш йил давомида тажриба ўтказди. Холдингга бир йилда қанча пул сарфланади? Агар билмасангиз, мен сизга айтаман, илгари Энергетика вазирлигида 73 киши ишларди. Йилига 23 миллион сўм сарфланарди. Ҳозир холдингда 40 киши ишлайди, 50 миллион сўм кетади", - дея норози бўлган депутат Рискелди Момбеков.
Улуғбек Марипов ким?
Мустақил Қирғизистон тарихида ўттиз иккинчи Бош вазир этиб сайланган 42 ёшли Улуғбек Марипов Ўш вилоятининг Новқат туманида туғилиб ўсган.
Молия-кредит ва юриспруденция мутахассислиги бўйича Ўш Давлат ва Ўш Технологик Университетларини тамомлаган.
Улуғбек Марипов мансаб поғонасида кўтарилишни Молия вазирлигининг етакчи мутахассиси лавозимидан бошлаган. У бу лавозимда 2001 йилдан 2002 йилгача ишлаган. Бўлажак Бош вазир Молия вазирлигига том маънода тасодифан келган. 1997 йилдан 2001 йилгача Улукбек Марипов "Қизил Кетмон" фермер хўжалигини бошқарган.
У 2002 йилдан 2003 йилгача Молия вазирлиги ҳузуридаги даромадлар қўмитаси раисининг ёрдамчиси бўлган. 2005 йилги март воқеаларидан олдин Боткен вилояти губернаторига маслаҳатчи сифатида ишлашга ҳам муваффақ бўлган. Мартда юз берган "лола инқилобидан" кейин амакиваччаси, депутат Болотбек Мариповнинг ёрдамчиси сифатида парламентда фаолият олиб борган.
2006 йилда Президент маъмуриятининг ташкилий ишлар ва давлат бошқаруви сиёсати бўлимида давлат бошқаруви ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш сектори мутахассиси бўлиб ишлаган.
2008 йилда у худди шу президент маъмуриятида мутахассислик фаолиятини давом этдирган. Фақатгина сектор номи ўзгарган.
2009 йилда ташкилий-назорат ишлари хизмати инспектори ва 2010 йилда эса, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи сифатида фаолият олиб борган.
Ундан кейин Улуғбек Марипов вазирлар Маҳкамасидан "Оқ уй"га кетиб, собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг ёрдамчисига айланган. У ушбу лавозимда тўрт йил ишлаган. Кейин у давлат раҳбари аппарати раҳбарининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.
2016 йил март ойидан бошлаб Ҳисоб палатасининг раиси лавозимида ишлаб келган.
Улуғбек Марипов давлат хизматининг учинчи даражали маслаҳатчиси, давлат хизмати аълочиси ҳисобланади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek