Таҳлил: Навальний қамалиши Путин ҳокимияти учун нимани англатади? - Россия ва Дунё, video, Rossiya, Navalniy, Putin, dunyo, yangiliklar

Rossiya

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Tаҳлил: Навальний қамалиши Путин ҳокимияти учун нимани англатади? - Бу Путин ашаддий танқидчиси қамалиши маълум бўлиши ортидан, бугун кун тартибига чиққан савол бўлади.

Ўзбекистонлик айрим сиёсий таҳлилчиларга кўра, Навальнийни қамаш, табиийки, Путин тузумига бўлган ишончсизликни кучайтиради.

Энди нима бўлади - Россияда оммавий намойишлар кучаядими, Алексей Навальний яна бир "Нельсон Мандела"га айланадими, Кремль Ғарбнинг яна янги санкцияларига юз тутиб, мамлакат янада иҳоталаниб қоладими?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Россия дунёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади. Ўзбекистонликлар учун энг йирик меҳнат бозори вазифасини ўтаб келади.

Энг катта сондаги Тожикистон ва қирғизистонликлар ҳам, йилларки, айнан Россияда меҳнат муҳожирлигида банд бўлиб келишади.

Улар, йилларки, ортга юбориб келаётган миллиардлаб долларлик маблағлар аксарият Марказий Осиё давлатлари иқтисодини тутиб, юритиб келаётган асосий молиявий манбалардан бири бўлади.

Россия барча минтақа давлатларининг бирдек анъанавий энг йирик савдо-иқтисодий, стратегик ва ҳарбий-техник шерикларидан бири саналади.

Россиядаги сўнгги ҳодисалар аллақачон аксарият Ғарб ҳукуматларининг кескин танқид ва хавотирларига сабаб бўлиб улгурган.

Бу воқеаларга ҳозирча бирор бир Марказий Осиё давлатининг расмий муносабати кўзга ташланмайди.

Навальний қамалиши Путин ҳокимияти учун нимани англатади?

Kamoliddin Rabbimov

Сурат манбаси, facebook

Камолиддин Раббимов

Ўзбекистон - Франция

"Алексей Навальнийнинг қамалиши Путин ҳокимияти, Россия тарихий хотираси учун бир қанча муҳим ҳолатларни англатади, расмийлаштиради.

Биринчидан, Владимир Путин тузумининг Алексей Навальнийни жуда юзаки, ҳуқуқий асосланмаган баҳоналар билан реал қамоқ орқали озодликдан маҳрум қилиши расмий Кремлнинг ўзига бўлган ишончи пастлигини кўрсатади.

Россияда суд тизими мустақил эмас. Суд ҳокимияти тўлиқ Кремлнинг иродасини ижро қилади.

Навальнийни озодликдан маҳрум қилиб, Кремль ўзининг рейтингги паст эканлиги, Россияда норозилик потенциали жадал ошиб бораётганини билвосита тан олади.

Агар Путин 5-6 йил илгари бўлгани каби ўзининг мустаҳкам рейтингги, жамоатчилик орасидаги юқори обрўйига ишонганида эди, Навальнийни қамаб, ўз ҳокимиятини Россия ва жаҳон ҳамжамияти кўз ўнгида ноқулай аҳволга солмаган бўлар эди.

Путин олдида муқобил икки йўл бор эди:

Prezident Putin

Сурат манбаси, official

Навальнийни озод қилиб, таваккал қилиш. Бунда Навальний йил давомида Россия бўйлаб оммавий намойишларнинг харизмали лидери сифатида фаолият олиб борар ва натижада Россия Федерацияси бўйлаб сиёсий вазият жиддий чайқалиши аниқ эди. Ҳаттоки, бунинг натижасида, Путин режимига ўта кучли ёки инқилобий зарба берилиш эҳтимоли сақланиб қолаётган эди.

Иккинчи муқобил йўл - Навальнийни 2-3 йилга қамаш орқали унинг Россия жамоатчилигига таъсирини маълум муддатга бўлса-да сўндириш ва шу йўл билан давлатдаги ижтимоий норозиликлар потенциалини пасайтириш, йўқотишга ҳаракат қилиб кўриш эди.7

Ушбу йўл Кремлнинг ҳалқаро обрўйини янада тушириб юборишини Путин яхши тасаввур қилади. Айниқса, янги АҚШ маъмурияти учун Навальнийнинг ҳуқуқий асосланмаган важлар билан қамалиши - Путин тузумига жиддий босимларни расмийлаштириш учун қулай сиёсий фурсат ҳисобланади. Коллектив Ғарб учун Навальнийнинг озодликдан маҳрум этилиши - Путинга босим қилиш учун жуда қулай имконият эканлигини Кремль яхши англайди.

Лекин бугун Путин ва уни атрофидагилар учун обрў-эътибор ва экзистенциал хавфсизлик - бир-бирини инкор қилувчи ҳолатга айланиб улгурди. Шу сабаб, Путин ўзининг халқаро обрў-эътиборидан воз кечиб бўлса-да, экзистенциал хавфсизлиги, режим барқарорлигини танлашга мажбур.

Rossiya

Сурат манбаси, Reuters

"Навальнийнинг қамалиши Россиядаги ижтимоий норозиликларга қандай таъсир қилади?", - деган саволга узил-кесил жавоб бериш қийин. Табиий, унинг қамалиши Путин тузумига бўлган ишончсизликни кучайтиради, ижтимоий тафаккурдаги қўрқув, норозиликнинг чуқурлашувига туртки беради.

Лекин Навальнийнинг қамоқда ўтириши россияликларда нафратнинг кучайиши сабаб, уларни намойишларга кучлироқ чорлайдими ёки фаоллигини сўнишига сабабчи бўладими - буни айтиш қийин.

Rossiya

Сурат манбаси, EPA

Айни пайтда, Навальнийнинг қамалишидан Путинга қарши бўлган мухолифат ва фаоллар шу йилнинг баҳори ва ёз фаслида имкон қадар унумли фойдаланиш, ҳар сафар у-бу баҳона бўлганда, Россия бўйлаб оммавий намойишлар уюштиришга ҳаракат қилиши аниқ.

Яъни, Навальнийнинг 2-3 йилга қамалиши - Путиннинг муаммолари кечикишига кафолат бермайди. Балки, кутилмаганда, оммавий норозиликларни янада алангалашига олиб келиши ҳам мумкин. Ижтимоий психология - таъбир қилиш ўта қийин бўлган феномен, баъзан, одамлар оғир муаммоларга ўн йилликлар давомида чидашади, баъзан арзимаган муаммо сабаб, ижтимоий бўҳрон кўтарилиб кетиши ҳам мумкин.

Rossiya

Сурат манбаси, EPA

Rossiya

Сурат манбаси, EPA

Навальнийнинг қамалиши ортидан, коллектив Ғарбда Путин тузумига қарши янги санкциялар жорий қилиниши тайин. Лекин бу санкциялар Кремлни у қадар кучли безовта қилмайди. Чунки Россиянинг ички ресурслари, ҳалқаро майдондаги муқобил геосиёсий алоқалари, "жон сақлаш" - асосий эҳтиёжларни таъминлаш учун етарли имкониятлар беради. Санкцияларнинг таъсири тезда эмас, йиллар давомида сезилиб боради. Бу вақт ичида Кремль ҳам ўзининг назорат тизимини такомиллаштириб бориши аниқ.

Демак, Путин ва тузумининг асосий хавотир манбаи - бу Россиянинг ўзидаги ички вазият, ижтимоий кайфият ҳисобланади. Айтиш мумкинки, бу йил Путин учун анча мураккаб келади. Пандемия сабаб, Россия жамоатчилиги ҳам анча азият чекди. Қрим аннексияси сабаб жорий қилинган санкциялар оқибатида Россиянинг қарз олиш, сармоя қабул қилиш имкониятлари деярли мутлақ чекланди. Кейинги йилларда нефть нархи кескин тушиб кетиши - мамлакат бюджетига мисли кўрилмаган зарба берди. Россиянинг "энергетик империя" бўлиш лойиҳаси ҳам кейинги йилларда жиддий мажруҳланди. Бугун Россиянинг "Шимолий оқим" газ экспорт лойиҳаси ҳам бекор бўлиш арафасида.

Мана шу фонда 20 йилдан бери ҳокимиятда қолаётган Путиннинг "мисли кўрилмаган коррупция схемалари"га оид даъволар россияликларни шокка туширгани аниқ бўлди. Навальнийнинг қамалиши - Россиядаги ҳокимият ва жамият ўртасидаги кураш анча оғир ва узоқ йиллар давом этишига ишора қилади, холос".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek