You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Марказий Осиёга хавф қанчалик яқин – Ўзбекистон, Россия ва дунё, O‘zbekiston, Putin, Mirziyoyev, koronavirus, yangiliklar
Марказий Осиё ҳам янги хавфдан хавотирдами - масалага шахсан Ўзбекистон президентининг ўзи эътибор қаратди. Шавкат Мирзиёев куни-кеча Бухорода экан, "Европада чиққан штамм ўзларига қадар етиб келмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмаслиги"ни айтди. Худди шу манзарада Қирғизистон ва Қозоғистоннинг ҳам янги штаммлардан хавотирда экани кўрилмоқда.
Британ штамми
Коронавируснинг Европада чиққан янги штамми ўтган йил охирида Буюк Британияда топилган.
Таҳлиллар коронавирус бу янги турининг ўта юқумли эканига далолат қилган.
Шу кунларда эса, унинг бошқаларидан "ҳалокатлироқ" эканига оид дастлабки хавотирлар ҳам бўй кўрсатган.
Штамм аллақачон Жаҳон Соғлиқ ташкилотининг диққат-эътиборига тушган, ташкилот коронавируснинг бу тури саноқли ойлар ичида дунёнинг ўнлаб давлатларига кириб борганини расмийлаштирган.
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати саналади. Фуқаролари сони расман 34500 миллиондан ортади.
Ўзбекистон ҳозир Қозоғистон ва Қирғизистондан кейин Марказий Осиёнинг коронавирус энг кўп тарқалган учинчи давлати бўлади.
Агар, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг куни-кеча қилган расмий баёнотига таянилса, мамлакатдаги коронавирус беморларининг 98 фоизи соғайиб бўлган.
Ўзбекистон ҳали бундан бир неча ой аввал ўзларидаги Ковид марказларини ҳам ёпишга киришган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Европада чиққан янги штамм" билан боғлиқ хавотирли сўзлари худди шу каби бир вазиятга тўғри келган. Бу ҳақда президентнинг сўзларига таяниб, daryo.uz мухбири хабар берган.
Пойтахт Тошкентдан олинган сўнгги хабарлардан эса, ўзбек олимлари ҳозир коронавируснинг янги "британ штамми"ни аниқловчи тест яратиш устида ишлашаётгани ҳам маълум бўлган.
Ўзбекистонлик масъулларнинг сўнгги икки ой ичида қилган чиқишларига қаралса, мамлакатда ҳалича коронавируснинг "британ штамми" аниқланмаган.
"Ушбу касалликнинг ўзларига четдан кириб келишини англаган ҳолда тезкор чоралар кўрилган, жумладан, ҳаво қатнови ёпиб қўйилган".
Ўзбекистонлик айрим масъулларнинг, "агар, керак бўлса, темир йўл алоқаси ҳам чекланиши"ни айтишганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Аммо худди шу манзарада "жорий барқарор вазият алдамчи экани"га оид эътирофлари янграгани ҳам кўрилган.
Британияда топилган "ўта юқумли"янги коронавирус штамми Россияга ҳам "кириб борган"и шу ой бошида расман ўз тасдиғини топган.
Сўнгги янгилик Ўзбекистон ҳануз Россиядан ўз фуқароларини олиб қайтишда давом этаётган бир пайтга тўғри келган.
Россия эса, дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.
Ўзбекистон ва чоралар
Ўзбекистон ҳам коронавируснинг янги штаммлари боис, 21 декабрдан бошлаб, Буюк Британия, Германия, Италия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка билан халқаро авиарейслар - кириш, чиқиш, транзит рейслари орқали мамлакатга киришни тўхтатган.
Республика махсус комиссияси ҳали 22 декабрь куни бу хусусда махсус баёнот билан чиққан.
Сўнгги 14 кун давомида бу давлатларда бўлган ҳолда учинчи мамлакат орқали Ўзбекистонга кириб келаётган ўз фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг икки ҳафта карантинга олинишини ҳам маълум қилган.
Жорий йилнинг 10 январига қадар амалда бўлиши айтилган чекловларнинг ушбу давлатлардаги эпидемиологик вазият барқарорлашгани сари босқичма-босқич бекор қилиб борилишини айтилган.
11 январь куни эса, Ўзбекистон бу давлатлар билан авиақатновларга қўйилган тақиқ муддатини 10 январдан кейин яна 1 февралгача узайтиришга қарор қилган.
Карантинга олиниши тартиби ҳам давом этдирилиши айтилган.
Республика махсус комиссиясининг янги қарорида ҳам яна бир бор жорий этилаётган бу чекловларнинг ушбу давлатлардаги эпидемиологик вазият барқарорлашгани сари босқичма-босқич бекор қилиб борилиши айтилган.
Сўнгги вазият
Ҳозирча бирор бир Марказий Осиё давлати ўзларида коронавируснинг "британ" штамми аниқланганига оид баёнот билан чиқишмаган.
Аммо шу вақт оралиғида вируснинг янги штамми билан боғлиқ янгилик аксарият минтақа давлатлари масъулларининг ҳам эътиборларидан четда қолмагани кўрилган.
Шундоқ ҳам минтақада коронавирус билан боғлиқ энг ёмон аҳвол қайд этиб турилган Қозоғистон эса, Россияга бевосита чегарадош ягона Марказий Осиё давлати бўлади.
Куни-кеча айнан Қозоғистон мисолида минтақада коронавирус билан боғлиқ кундалик антирекорд янгиланган.
Шу йил 17 январь куни Қозоғистонда бир кунда мингдан ошиқ коронавирус ҳолати расман қайд этилган.
Бу янгилик эса, коронавируснинг "британ штамми" Россияга ҳам кириб боргани расман тасдиқланишидан саноқли кун ўтиб бўй кўрсатганди.
Аммо қозоғистонлик масъулларнинг сўнгги кунларда қилган баёнотларига таянилса ҳам, "британ штамми" Қозоғистонга ҳали кириб келмаган.
Шу кунларда айрим минтақавий нашрлар қирғизистонлик масъулларнинг Россия томони билан "британ штамми"ни жиловлаш масаласини муҳокама этиб олишгани ҳақида хабар беришган.
Айрим хабарларда Қирғизистоннинг худди шу мақсадда Россиянинг Спутник V вакцинасини ўзларида имкон қадар тезроқ ишлаб чиқариш саъй-ҳаракатида экани ҳам айтилган.
Қирғизистонда ҳам юз минглаб аҳолининг тирикчилиги, йилларки, асосан Россиядаги ташқи меҳнат миграцияси ортидан ўтиб келади.
Бундан сал аввал минтақанинг коронавирус расман аниқланмаган ягона давлати бўлган Туркманистоннинг эса, Спутник V ортидан, Россиянинг яна бир вакцинасини расман қайддан ўтказиш режасида эканига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Аммо расмий хабарда бунинг сабаби ноаён қолган, расман очиқланмаганди.
Тожикистон президенти эса, бугун мамлакат парламентига қилган йиллик мурожаатида ўзларида ортиқ "коронавирус қолмагани"ни расман баён қилган.
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қолган барча минтақа давлатларига бевосита чегарадош мамлакати бўлади.
Британиянинг ўзида коронавирус билан боғлиқ аҳвол сўнгги бир неча ойнинг ўзида жиддий ёмонлашган.
Жами ҳолатлар ҳозир 3,5 миллионни ортда қолдирган, ўлим ҳоллари юз мингга яқинлашган.
Қолган бирор бир Европа давлатида бу каби аҳвол кузатилмайди, ҳозирга келиб, Британия улар барчасини ортда қолдирган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek