Мирзиёев Каримов даври “муаммоси”ни ҳал қилдими – Ўзбекистон ва сиёсат, video, O‘zbekiston, Мирзиёев, Karimov, o'zbeklar, dunyo, yangiliklar

Islom Karimov

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Мирзиёев Каримов даври "муаммоси"ни ҳал қилдими - 30 ёшли ўзбек чемпиони Муҳаммаджон 28 йил деганда паспорт олди. Яна ўн минглаб одамнинг тақдири нима бўлади?

Муҳаммаджон Турғунов кикбоксинг бўйича собиқ чемпион ва ҳозир ёшларга таэквондо сирларини ўргатади, мураббий.

Унинг онаси ўзбекистонлик, аммо ўзи Шўролар Иттифоқи парчаланишидан тўрт ой олдин шундоққина чегаранинг нариги тарафи - Қирғизистонда туғилиб қолган.

Чақалоқлигида оиласи билан она юртига келган Муҳаммаджон қарийб бутун умр Ўзбекистонда яшаган.

Лекин ўзбекистонлик бўлолмаган.

Ўзбекистон ҳукумати 28 йил давомида унга фуқаролик бермаган.

Орзулари улкан чемпион учун бу катта зарба ва чеклов эди.

Ўзбекистон паспортини 28 йил кутган 30 яшар ўзбек чемпиони - BBC News O'zbek yangiliklar

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Аммо Ислом Каримовнинг кутилмаган вафоти ортидан, 2016 йилда Ўзбекистонда янги президент - Шавкат Мирзиёев қудратга келади.

Ҳозир, 2020 йилги янги қонунга кўра, Муҳаммаджон Турғунов - Ўзбекистон фуқароси.

У энди халқаро мусобақаларда қатнашиш учун тўсиқсиз саёҳат қилади олади.

Ва ўзига 28 йил фуқаролик бермаган давлат - Ўзбекистон байроғини баланд кўтармоқчи.

Айрим рақамларга кўра, Ўзбекистонда шу пайтгача қарийб юз мингга яқин фуқаролиги йўқ ёки ўзбек паспортини ололмаган одам бўлган.

Бу яқин-яқингача дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири саналган.

Аммо, янги қонунга кўра, энди Муҳаммаджон каби ўн минглаб инсонлар Ўзбекистон фуқаролигини олишлари мумкин.

Олдинроқ Шавкат Мирзиёев фуқароликсиз шахслар сонини тугатишга бел боғлаганини эълон қилганди.

Ислом Каримов даврида эса, фуқаролик олиш амалда деярли имконсиз бўлган.

Фуқароликсизлик...

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Афғонистон илова қолган тўрт минтақа давлати Ўзбекистонга бевосита чегарадош бўлади.

Ўзбекистонга қўшни бу давлатларда миллионлаб ўзбеклар яшайди.

Улар ҳар доим Ўзбекистон билан мустаҳкам риштага эга бўлган.

Бироқ мустақиллик даврида - Тожикистон ё Қирғизистон чегара ҳудудларидан келин бўлиб тушган ўзбек жувонлари жуда қийин аҳволда қолишган.

Ўзбекистоннинг қолган минтақа давлатлари билан чегара муаммоси эса, йил сайин кескинлашиб борган.

Совет даврида турмуш қурган 20-30 йиллик келинларда қирғиз ё тожик паспорти бўлмаса, Ўзбекистон ҳам паспорт беравермаган.

Аммо улар атиги бир неча чақирим наридаги - Ўш ё Хўжандда қолган ота-онасининг жанозасига ҳам боролмаган.

Қўшни давлат паспортига эга бўлганлар келинлар эса, муайян вақтда фақатгина кирди-чиқди муҳри учун ҳам чегарадан ўтишга мажбур эди.

Касаллик ё бошқа сабаб билан буни қилолмаса, Ўзбекистон уларни эри ва болаларидан узиб депортация ҳам қилгани айтилган.

Пандемия даврида бундай инсонлар, айниқса аёллар жуда қийналди.

Ўзбекистон талаб қиладиган кирди-чиқди муҳрини ўз хорижий паспортига бостириш учун чегарадан ўтган ўнлаб ўзбек келинлари уйига қайтолмади.

Ўзбекистон карантин бошлангани пайтлари уларни киритмади.

Аёллар Ўзбекистонда қолган ёш болаларининг ҳам олдига келолмай, йиғлаганча, чегарада қолиб кетаверишди.

Ўзбекистонга турмушга чиққан бу каби келинлар энди паспорт олиб, бемалол, қийналмай яшай оладими? - Буни, шаксиз, вақт кўрсатади.

Бироқ Муҳаммаджон Турғунов мисолида бир нарса аниқ:

Бундай инсонлар зарурий ҳақ-ҳуқуққа эга бўлса, нафақат Ўзбекистонга фойда келтириши, ҳатто мамлакат фахрига ҳам айланиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek