Путин Россияси: 2020 йил энг оғири бўлди - Россия, Ўзбекистон ва дунё, Rossiya, Putin, Qirg‘iziston, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Putin

Сурат манбаси, official

Путин Россияси: 2020 йил энг оғири бўлди - бунақаси ўтган 20 йил давомида кузатилмаган. Янги сўров натижалари худди шу нарсага далолат қилмоқда. Россияда "миллионлаб ўзбекистонликлар" ишлаб, яшашади.

Россия чорак асрдан ортиқроқ вақт мобайнида, таъбир жоиз, ўзбекистонликлар учун асосий меҳнат бозори вазифасини ўтаб келади.

Ўзбекистондаги аксарияти чекка қишлоқ ҳудудларида яшовчи кўплаб оилаларнинг тирикчилиги эса, йилларки, айнан улар яқинлари Россиядан ортга юбориб келган маблағ орқасидан ўтади.

Янги сўров Россиядаги етакчи "Левада" омма фикрини ўрганиш маркази томонидан олиб борилган.

18-20 декабрь кунлари бу хусусда икки мингга яқин кишининг фикри ўрганилган, уларга сим қоқилган.

1991 йилдан буён биринчи марта 90 фоизга яқин россиялик кечаётган йилни мамлакатлари учун энг оғири бўлганини айтишган.

Агар, қиёс учун олинса, 2019 йилни 15 фоизгина россиялик ёмон, деб баҳолаган.

Ўтган йилни шахсан ўзлари ва оилалари учун энг қийини, деб топганларнинг сони ҳам ўтган 12 йил бадалида кузатилмаган бир фоизда кўп бўлиб чиққан.

Олинган натижалар сўров иштирокчиларининг 65 фоизи худди ана шундай фикрда эканига далолат қилган.

Респондентларнинг тенг ярми учун 2020 йил на-да яхши ва на-да ёмон бўлган.

Rossiya

Сурат манбаси, TASS

Ўтган йилни яхши, деб эътироф этганларнинг сони эса, бор-йўғи 10 фоизни ташкил этган. Бу ҳам рекорд кўрсаткич бўлган.

Россияликлар аксариятининг наздида, ўтган йили умумий ҳаёт даражаси (64%), таълим муассасаларининг фаолияти (60%), тиббиёт муассасаларининг иши (57%), яхши пул ишлаш имконияти (59%), атроф-муҳит ҳолати (44%) ва НАТОга аъзо давлатлар билан муносабатлар (45%) ёмонлашган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, оммавий ахборот воситалари фаолияти, миллатлараро муносабатлар, одамларнинг давлат ишларига таъсири, шахсий хавфсизлиги, моддий бойликларнинг адолатли тақсимланиши ва ўз фикрларини эркин ифода этиш каби соҳаларда эса, аксарият россияликлар 2020 йилда катта ўзгаришларга гувоҳ бўлмаганликларини айтишган.

Россиядаги янги сўров глобал коронавирус пандемияси фонида 18 ва ундан катта ёшдагилар орасида ўтказилган.

Россия ҳозир ҳам дунёнинг коронавирус билан боғлиқ аҳвол энг ёмон тўртта давлатидан биттаси бўлади, мамлакатда жами коронавирус ҳолларининг расман 3700 миллиондан ортгани кўрилади.

"Левада" марказининг билдиришича, рақамлардаги статистик хато 2,4 фоиздан ошмайди.

2020 йил Россиядаги ўзбекистонликлар учун қандай кечди?

Rossiya

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбекистонлик мигрант ҳикояси:

2020 йил. Оғир йил бўлди, бутун дунёда оғир йил бўлди

"Пандемия сабабли пайдо бўлган қийинчиликлар, ноқулайликлар биз мусофирларни ҳам четлаб ўтмади, аксинча кўпроқ қийинчиликлар бизларга бўлди.

Чегаралар ёпилиб, ҳамма жойда карантин қоидалари кучайтирилган илк ойларда жуда кўпчилик саросимага тушиб қолишди.

Ҳамма жойда карантин, катта-катта қурилиш фирмалари ҳам ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган, Марказий Осиёдан келган аксар мигрантлар эса, Россияда айнан қурилиш соҳасида ишлашади.

Айниқса, март, апрель, май оғир ойлар бўлди.

Кўчага чиқишга қўрқади одам, худдики эшикдан чиқсанг, сени кутиб турган вирус томоғингдан оладигандек ваҳима, ишсизлик, яшаш учун ижара пули, ейиш учун нон топиш...кўпчилик қийналди ўша дамлар.

Хайрият, яхши одамлар бор яхшиям, хайрия уюштирганлар, қийин вазиятларда қолганларга ёрдам қўлини чўзганлар ҳам кўп бўлди, Аллоҳ рози бўлсин улардан.

Шунга қарамай ўша вақтларда ҳам иши тўхтаб қолмаганлар ҳам бўлди.

Иш...

Migrantlar

Сурат манбаси, Getty Images

Ўнга яқин ҳамюртларим билан битта уйни ижарага олиб яшар эдик, кимдир ресторанда официант, яна бири қурилиш фирмасида қурувчи, бири магазинда сотувчи, хуллас, ҳаммасининг иши тўхтаб қолди, мен шахсий уйларни ички таъмирлаш ишларини қилардим, менинг ишим тўхтамади, ҳар куни эрталаб кетаман, кечгача ишлаб қайтаман.

Биласизми, энг ёмон одамга чиқдим ўша вақтлар хонадошлар олдида.

" Сен уйда ўтирмаяпсан, ҳамма жойда вирус тарқаган, агар юқтириб олсанг, сенинг касрингга уйдан чиқмай ўтириб, ишга бормай ўтирсак-да, биз ҳам вирус юқтириб оламиз", дея ҳаммаси мендан ўзини олиб қоча бошлади.

Уларнинг гапи ҳам тўғри эди, аммо менда бошқа илож йўқ эди-да, ишламасам бўлмасди.

Уларнинг охирги ойликларини уйга юбормасдан, олиб қолган захираси бор, уйга-ку умуман пул чиқаришнинг иложи йўқ.

Мен оилада ёлғиз ишловчи бўлганим учун ишлашга мажбур эдим, Аллоҳга таваккал қилдим, ишни тўхтатмадим, ўзи асради.

Одамлар орасида кўп юриб кўрганларим шу бўлдики, вирус ваҳимаси тарқаб, карантин қоидалари юмшаб, ҳамма жойда ишлар бошланиб кетгач ҳам, ишга чиқмасдан уйида ётганларни кўрдим.

Бир куни ёнимга шерик керак бўлиб қолди.

Бир танишимни чақирдим, уч-тўрт кунлик иш бор, ҳар куни кечқурун иш ҳаққингни нақд қилиб бераман, дедим.

Бир кун келиб кечгача ишлади, кейинги куни йўқ.

Телефон қилсам, "узр ака, бугун бора олмайман" дейди.

Rossiya

Сурат манбаси, Getty Images

Орадан ўн беш-йигирма кунлар ўтди, яна ўша йигитни ишга чақирдим, келди яна бир кун ишлади.

Иккинчи куни йўқ.

Яна телефон қилдим.

"Ака, бу пандемия деб ётавериб ғирт дангасага айланиб қолибмиз, бир кун ишласам, иккинчи куни ишга ярамай қолаяпман", дейди.

- Пул керакмасми сенга, қандай кун кўраяпсан?- дедим.

- Бир ойда яшашим учун тўрт минг рубль ижара пули, еб-ичишимга ҳам кўп кетса яна шунча кетади, ҳужжатларим йўқ, патент тўламайман, яна бошқа харажатларим учун ҳам тўрт минг кетадиган бўлса, ҳаммаси ўн икки минг рубль бўлаяпти, сизда икки кун ишладим, кунига икки мингдан, яна шунақа кунликка тўрт марта чиқсам бир ой куним ўтади, бўлди.

- Оиланг-чи, бола-чақанг бордир?

- Оилам бор, хотиним, битта ўғлим бор, ота-онам билан бирга яшашади, бир амаллаб кун кўришаяпти.

- Номард экансан-ку, ҳеч бўлмаса ўғлингни ўйламайсанми, ота-онангни-чи, улар сени шу мақсадда узоқ юртларга юбориб ўтирибдими?

Тўрт мучанг соғ бўлса, иш бор бўлса ишламайсанми жони бордай, гапни кўпайтирма, эртага ёнимга кел.

- Хўп ака.

Эртаси куни келди, ёнимда ишлади, кечгача ваъз ўқидим қулоғига, яхши таъсир қилди, ишлаб кетди.

Яна икки кун мен билан бирга ишлади, кейин бошқа жойга ишга кетди.

Бир ойдан кейин телефон қилаяпти.

- Ака, кеча уйга беш юз доллар юбордим, отам-онам хурсанд, ўғлимни хурсандлигини кўрсангиз, раҳмат сизга, яхшигина дакки бердингиз, акс ҳолда ётаверар эканман дангаса бўлиб қолдим дея, олти ойга яқин уйга бир сўм чиқармабман а.

Бу хабардан ўзим ҳам хурсанд бўлдим.

Йўл

Rossiya

Сурат манбаси, videograb

Пандемия кўпчиликни ваҳимага солиб қўйди, уйга кетаман деб йўлга чиққанлар қанча бўлди.

Кўпчилиги танишларим эди.

Чегаралар ёпиқ, кета олмайсан шошмай тур, мана ишлар бошланаяпти, кетма, десак қулоқ солмасдан йўлга чиқиб, чегара яқинида тўпланиб, шов-шув қилиб, ҳамманинг эътиборини ўзига тортганлар қанча бўлди.

Ўша одамларнинг ҳам кўпчилигини алдаб, ўзим уйинггача олиб бориб қўяман, чегарада танишларим бор, муаммосиз ўтиб кетамиз, дея ўзимизни юртдошларимиз бўлган ҳайдовчилар олиб кетган.

Telegram каналларда шунақа эълон берган ҳайдовчилар билан тортишиб қолар эдим.

"Барака топгур йўл ёпиқ-ку, қандай ўтасан, нега одамларни алдаяпсан, чегарадан ўта олмайсан", - десам, пўписа қилганлар бўлди.

Содда одамларга борманглар, деса қулоққа илмай йўлга чиқади.

Энди акси, яна ҳалқимизни чув тушираётганлар бегона эмас.

Ўзим жавоб бераман дея фалон пулга билет сотаяпти, мана беш юзга яқин одам яқинда аэропортда тўпланиб, Россияга бизни киргизмаяпти, дея шов-шув қилди яна".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek