Таҳлил: Россия иккинчи Беларусга айланадими? – Путин ва Навальний, Rossiya, Navalniy, Putin, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Таҳлил: Россия иккинчи Беларусга айланадими? - Агар, ўтган шанба кунгиси назарда тутилса, Россия бу яқин йиллар ичида бунга ўхшаш йирик оммавий норозилик намойишларига саҳна бўлмаган. Россияда нималар бўлмоқда? Бу Путин бошқаруви учун нимани англатади?
Россия дунёнинг энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.
Норасмий рақамларда уларнинг сони, йилларки, бир неча миллионга нисбат бериб келинади.
Россия чорак асрдан ортиқроқ вақт мобайнида, таъбир жоиз, ўзбекистонликлар учун асосий меҳнат бозори вазифасини ўтаб келади.
Россия Ўзбекистоннинг минтақадаги энг муҳим савдо-иқтисодий шеригидан биттаси, энг йирик ҳарбий-техник ҳамкори саналади.
Мамлакат шу шанба куни бу яқин йилларда кузатилмаган рухсатсиз йирик оммавий норозилик намойишларига саҳна бўлган.

Сурат манбаси, EPA
Ҳибсдаги оппозиция лидери, президент Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальнийни дастаклаб, ўн минглаб одам кўчага чиққан.
Намойишлар Узоқ Шарқдан тортиб, Сибирь, Санкт-Петербургу пойтахт Москва қадар Россиянинг юзга яқин ҳудудини қамраб олган.
Масъулларнинг "зудлик билан бостирилиши"га оид огоҳликлари ва полициянинг кескин қаршилиги ҳам бунга тўсқинлик қила олмаган.
Бунга ўхшаш кўп минг кишилик оммавий намойишлар сўнгги йилларда собиқ Шўро давлатлари орасидан фақат Беларусда кузатилган.
Ўтган йилги зиддиятли президент сайлови ортидан, Лукашенко истеъфоси талаби билан бошлаб кетган намойишлар ҳали-ҳануз тинмаган.
Беларусдаги воқеаларни Россия ҳам, Ғарб ҳам яқиндан кузатмоқда ва шу пайтгача у ердаги жараёнга бир-бирларининг аралашувларидан хавотирда бўлиб келишган.

Сурат манбаси, Reuters
Алексей Навальний тарафдорлари ҳам биргина шанба кунги намойишлар билан чекланишмоқчи эмас, аллақачон ўз акцияларини яна давом этдириш истагини ошкора баён этиб бўлишган.
Хабарларга кўра, биргина шанба кунги намойишларнинг ўзида Россиянинг ўтган 20 йиллик тарихида кузатилмаган бир сонда - 3,500 дан зиёд одам ҳибсга олинган.
Ғарб Алексей Навальний илова ҳибсдаги барчани зудлик билан озод қилишга чақирган.
Европа Иттифоқи эса, бугун Россияга қандай жавоб бериш масаласини расман кўриб чиқади. Сўз Россияга қарши жазо чораларини кучайтириш ҳақида бормоқда.
Ҳозирча бирор бир Марказий Осиё давлати Россиядаги сўнгги воқеалар ривожига ўз муносабатини билдирмаган.
Россияда нималар бўлмоқда?

Сурат манбаси, facebook
Камолиддин Раббимов
Ўзбекистон - Франция
"Мен учун Россиядаги оммавий намойишлар айни пайтда табиий, лекин кутилмаган вақтда юз берди. Табиий дейишимнинг сабаби, Россия жамиятида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий норозиликлар учун замин аллақачон пишиб етилган. Яъни, Россия ижтимоий кайфиятида, оммавий норозиликлар учун жиддий асослар мавжуд. Лекин, мен учун, бу намойишларни кутилмаган жиҳати бир қанча.
Биринчидан, Путин томонидан шакллантирилган ва бошқарилаётган тизим, ахборот сиёсати нуқтаи назаридан, ниҳоятда кучли манипулятив қобилиятга эга. Кейинги йигирма йил ичида Кремль жамоатчилик фикрини моҳирона манипуляция қилиш қобилиятини кўрсатиб келди. Шу сабаб, Россиядаги ҳаққоний мухолифатнинг барча қанотлари, ўнглар ва сўллар жуда ожизона холатда бўлиб келди. Уни устига, Россия куч ишлатар тизимлари ҳам вазиятни ўта қаттиқ назорат қилаётгани кўриниб турибди.
Иккинчи томондан, ҳозир Россияда қаҳратон қиш - бу оммавий норозиликлар учун анча ноқулай бўлган фасл. Россия тарихида қаҳратон қишда инқилоблар ва аёвсиз намойишлар кузатилган. Лекин бу воқеаларда жамиятдаги ҳокимиятга бўлган нафрат ниҳоятда юқори ва муросасиз кўринишга келганлиги айтилади.
Бугунги Россиядаги ижтимоий кайфият у қадар муросасиз демаган бўлардим. Кузатувлар шуни кўрсатяптики, Россиядаги охирги намойишлардаги асосий демографик қатлам - бу ёшлар. Ёшларни бу фаолликка йўналтирган нарса - ижтимоий тармоқлар, энг аввало ТикТок экани кузатиляпти.
Назаримда, Алексей Навальный Россиядаги оммавий норозиликларнинг сабабчиси эмас, катализатори, холос. Россия жамиятида янги консенсус шаклланиб улгурди. Унга кўра, бундан кейин россияликлар истиқболи учун Путин - барқарорлик ва тараққиёт кафили эмас, аксинча - қолоқлик, коррупция, ҳалқаро изоляция ва иқтисодий тушкунлик рамзи сифатида қабул қилинмоқда.

Сурат манбаси, EPA
Путин ҳокимиятининг бугун бўй кўрсатаётган "нолегитимлиги", обрўсизлигининг бир қанча сабаблари мавжуд. Энг аввало, Путин ҳокимиятда йигирма йил ўтирганлиги, Конституцияни ўзгартириб, истаса яна 2036 йилга қадар қолиши мумкинлиги - россияликларни жиддий безовта қилади. Бугун Путин Россиянинг ўзида ва дунёда фақатгина авторитар сиёсатчи сифатида қабул қилинади. Путиннинг 2000-йиллардаги "Россия халоскори", деган имижи бугун тамомила сўниб бўлган.
Путин тузуми "нолегитимлиги"нинг иккинчи йирик сабаби - мураккаб иқтисодий вазият. Кейинги беш йил ичида, хусусан, Қрим аннексия қилингач, Россияга нисбатан жиддий санкциялар жорий қилинди: нефтнинг нархи бир неча баравар тушиб кетди, Россия банкларига кредит бериш тақиқланди, янги технологиялар ва сармоялар келиши тўхтатилди. Натижада кейинги йилларда ҳокимиятнинг ташқи сиёсатдаги зўравонлигига ифтихор билан қараётган оддий россияликлар жиддий иқтисодий турғунлик даврига кириб келишди. 2018 йилда амалга оширилган пенсия ислоҳотлари эса, пенсионерлар Путинга бўлган ишончининг йўқолишига сабабчи бўлди.
Бир сўз билан айтганда, Россия жамияти Путин образига тўйинди ва энди ундан қутилиш орзусида яшамоқда. Шу фонда Навальныйнинг заҳарланиши, даволаниб, Германиядан қайтиши ортиданоқ, янги фильми билан Россия ҳокимиятидаги мисли кўрилмаган коррупция схемалари ва миқдорини фош қилиши - менимча, россияликларнинг сабр-косаси тўлганлигини расмийлаштирди, холос. Лекин, Навальный бўлмаганида ҳам, Россиядаги ижтимоий-сиёсий норозиликлар бошқа шахслар ва каналлар орқали ўзини ифода қилишга имкон излаши аниқ эди.
Бугун Навальный билан бир сафда жуда кўплаб мухолифатчилар, сиёсатчилар, сиёсатшунослар, собиқ давлат мулозимлари ва собиқ хавфсизликчилар борлигини кўриш мумкин. Демак, Россияда изчиллик билан янги сиёсий консенсус шаклланмоқда ва бу консенсусга кўра, Россия жамиятининг ва давлатчилигининг яшовчанлигини таъминлаш учун ҳокимият ўзгаришига эҳтиёж катта тезликда ошиб бормоқда.
Ўйлайманки, Россиядаги оммавий намойишлар динамикаси энди куч йиғиб бошлади. Бу йил баҳор ва ёз фасли Путин тузуми учун анча мураккаб келиши кутилади. Кунлар илиши билан янги ва янада кўп сонли оммавий намойишларни кутиш мумкин. Чунки Россияда оммавий намойишларни вақтинча бўлса-да тўхтата оладиган ягона омил - бу мисли кўрилмаган репрессиялар, бостиришлар ва қўрқитиш кампанияси ҳисобланади.
Айни пайтда, бундай қўрқитиш кампанияси ҳокимият ва жамият ўртасидаги нисбатан репрессив бўлмаган курашни кескинлаштиради, Путин ва унинг атрофидагиларни боши берк кўчага киритиб қўяди. Шунинг учун, яқин ойларда Кремль бутун Россия бўйлаб бошланган намойишларни худди Хабаровскдагиси каби оҳиста қадрсизлантириш, яъни, сиёсий технологиялар ва ахборот кампанияси орқали бу намойишларни аҳамиятини сўндиришга ҳаракат қилади.
Муаммо шундаки, бу сафарги намойишлар бир эмас, ўнлаб шаҳарларда, бутун Россия бўйлаб амалга ошмоқда. Путин ўта қийин вазиятга тушиб улгурди: у ҳозирда ҳокимиятдан кета олмайди, лекин Россиядаги оммавий норозиликларнинг ички кайфиятини - табиатини сўндириш ёки ўзгартириш имконсиз, уни аёвсиз бостириш эса - тузумни ўзи учун хавфли оқибатларга олиб келади".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















