Хитой “уйғур геноцид”ига жавоб бердими? – Хитой ва мусулмонлар, video, АҚШ, Amerika, Xitoy, uyg'urlar, musulmonlar, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Хитой "уйғур геноцид"ига жавоб бердими? - Расмий Пекин ўттизга яқин АҚШ мулозимини жазолашга қарор қилди. Уларнинг орасида Хитойни расман "уйғурлар геноцид"ида айблаган Майк Помпео ҳам бор.

Хитойнинг қарори янги АҚШ президенти Жо Байденнинг расмий инаугурация маросими билан бир кунга тўғри келди.

Бу ҳақда Британиянинг нуфузли The Guardian нашри хабар бермоқда.

Ҳозирда собиқ АҚШ Давлат котиби ўз фаолиятининг сўнгги ҳафталарида Хитойга қарши қатор чора-тадбирларга қўл урган.

Ҳали АҚШ Давлат котиби мақомида экан, Майк Помпео ҳатто инаугурация маросими арафасида твит қилган.

У ўзининг сўнгги баёнотида Хитой "мусулмон уйғурларга қарши геноцид қилгани"ни айтган.

Помпео ўз твитида, "Хитой халқ республикаси Шинжонда уйғур мусулмонлар, бошқа этник ва диний озчилик гуруҳлари аъзоларини нишонга олиб, геноцид ва инсониятга қарши жиноятларни амалга ошираётгани борасида тўхтамга келдим", - деб ёзган.

Майк Помпеонинг худди шу твитидан кун ўтиб, демократчи Жо Байден янги АҚШ президенти сифатида расман қасамёд келтирганди.

The Guardian нашрининг ёзишича, Хитой ўз санкцияларини эълон қиларкан, янги АҚШ маъмурияти билан ҳамкорлик қилиш истагида эканини ҳам баён қилган.

Аммо Жо Байден янги АҚШ Бош котиблигига маъқул, деб топган Энтони Блинкен ҳам Майк Помпеонинг бу фикрига қўшилишини айтган.

Хитой эса, ўзи жазо чораларини қўллашга қарор қилган АҚШ мулозимларини "ёлғончи ва алдамчилар", деб атаган.

Хитой томонининг расмий баёноти мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг веб саҳифасида бўй кўрсатган.

Мазкур баёнот мазмунидан англашилишича, Помпео ва бошқалар "... қўпол равишда Хитойнинг ички ишларига аралашишган, Хитой манфаатларига путур етказишган, Хитой халқини хафа қилишган ва Хитой-АҚШ муносабатларига жиддий раҳна солишган".

The Guardian нашрининг ёзишича, Хитой санкцияси остига тушганлар орасида Майк Помпеодан ташқари Трамп маъмуриятининг Савдо вазири, миллий хавфсизлик масалалари бўйича икки маслаҳатчиси ва АҚШ элчиси ҳам бор.

Энди 28 нафар собиқ АҚШ мулозими ва улар яқин оила аъзоларининг Хитой, Гонгконг ёки Макаога киришлари, улар билан боғлиқ бўлган компания ва ташкилотларнинг Хитойда бизнес қилишлари тақиқланади.

"Хитой ўтган йил ҳам америкалик қонун чиқарувчиларга қарши санкциялар жорий қилганди. Аммо инаугурация куни ўз вазифасини топшираётган бунча катта сондаги АҚШ мулозимини нишонга олиш ғайриодатий беписандлик ифодаси", - деб ёзади нашр.

Трамп маъмурияти ўтган ҳафта ҳам уйғурлар боис, Хитойни янада кучлироқ жазолашга қарор қилган.

Бу гал Шинжондан барча пахта ва помидор маҳсулотлари импортига тақиқ қўймоқчи эканини баён қилган.

Янги тақиқ уйғурлар ҳимояси йўлида Трамп маъмурияти кўраётган чоралар орасида энг кўламлиси экани айтилган.

АҚШ Божхона ва чегара назорати қўмитаси бу ҳақда расман маълум қилган.

Хизмат ўз баёнотида тақиққа бу маҳсулотларнинг тутқунликдаги уйғурларнинг мажбурий меҳнати билан ишлаб чиқарилганига оид айбловлар асос бўлганини таъкидлаганди.

Сўнгги янгилик Америка Қўшма Штатларида расман қудрат алмашиниши кутилаётган бир пайтга тўғри келган.

Айнан уйғурлар масаласи боис, Хитойга нисбатан қатъий мавқеи билан танилган президент Трамп сўнгги президент сайловида ютқазган.

Янги тақиқ Трамп маъмуриятининг Хитойга қаттиқ иқтисодий жазо чоралари қўллаш йўлидаги сўнгги қадамларидан бири сифатида баҳоланган.

Ўшанда бу янги АҚШ президентининг Хитой билан алоқаларида озмунча таъсирга эга бўлмаслиги айтилган.

Бунинг ортидан Хитойнинг Вашингтондаги элчилиги хос баёнот билан чиққан, мажбурий меҳнат масаласи "сиёсий ёлғон" эканини айтган ва ўз ширкатларини ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун чора кўришга ваъда берганди.

Ўтган йил декабрь ойида АҚШ Конгресси "Уйғурлар мажбурий меҳнатини олдини олиш"га қаратилган икки партиявий қонунни ҳам қабул қилган.

Унга мувофиқ, АҚШ Божхона ва чегара назорати қўмитаси томонидан акси исботланмагунча, Шинжондаги барча маҳсулотлар мажбурий меҳнат билан ишлаб чиқарилган деб ҳисобланади ва шу боис, тақиқланади.

Хитой АҚШнинг Шинжондаги мусулмон уйғурларга қарши босим ўтказиш сиёсати туфайли унга алоқадор расмийларига нисбатан жазо чораларини назарда тутувчи янги қонунини Хитойнинг бўлгадаги сиёсатига "ёвуз ниятдаги ҳужум", деб атаган.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий Пекин "қатъий жавоб зарбаси" бериши ва Қўшма Штатлар барча оқибатлар учун масъул бўлишини таъкидлаган.

Трамп ўз баёнотида, қонунннинг айрим бандларига тўла қўшилмаса-да, уни тасдиқлаганини маълум қилган.

Қонунга биноан, уйғурларга қарши босим сиёсати учун масъул бўлган Хитой расмийларининг АҚШдаги мол-мулк ва ҳисоблари музлатилади ҳамда уларнинг Қўшма Штатларга кириши тақиқланади.

Қонунда АҚШ Давлат Дапертаментига Шинжондаги уйғурлар ҳуқуқларининг топталишига доир махсус ҳисобот тайёрлаш топширилганди.

Хитойнинг 'булғанган' пахтаси

Ўтган декабр ойида Би-би-си кўришга муваффақ бўлган маълумотлар Хитой Шинжонда уйғурлар илова миллий озчилик бўлган юз минглаб одамни мажбурий пахта йиғим-теримига жалб қилганига далолат қилган.

Далиллар эса, Хитойдаги пахта йиғим-теримининг аввал ўйлаганидан кўра кўпроқ мажбурий меҳнатга боғлиқ эканини кўрсатган.

Ўтган бир неча йил ичида Хитойда бир миллиондан ортиқ уйғур ушланиб, "қайта таълим бериш марказлари", деб аталувчи лагерларга ташланган.

Хитой қийноқлар, мажбурий стерилизация ва абортларга оид даъволарни рад этиб келади.

Хитой ҳукумати сўнгги далилларга ҳам ўз муносабатини билдирган.

Би-би-сига мажбурий меҳнатга оид даъволар "буткул тўқиб чиқарилгани"ни айтган.

Шинжондаги махсус журналистик суриштирувни Хитойда бўлган мухбиримиз Жон Садворс олиб борган.

Бу минтақада хорижлик журналистлар таъқиб қилинади, яқиндан кузатилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek