You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Фикр: Ўзбекистон "Хитойдан қўрқмаслиги керак"ми? Уйғурлар ва мусулмонлар
Фикр: Ўзбекистон, Марказий Осиё "Хитойдан қўрқмаслиги керак"ми? - Айрим сиёсий экспертларга кўра, худди шундай.
Уларнинг айтишларича, бу давлат ҳукуматлари уйғурлар ёки бошқа мусулмон озчиликларни ҳимоя этишса, Хитой бизни "жазолайди", деб хавотирланишларига асос йўқ.
Аммо нега? - Лондондан асли ўзбекистонлик эксперт Алишер Илҳомов таҳлили:
Таҳлилчи суҳбатдошимизга кўра, бу - Хитойнинг Марказий Осиёдаги шахсий манфаатлари ва ташқи дунёдаги имижи борасидаги истиҳолалари билан боғлиқ.
Хитой жорий пайтда минтақа давлатларининг энг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори бўлади.
Сўнгги таҳлиллар расмий Пекиннинг бу масалада бугун ҳатто Россияни ҳам ортда қолдирганига далолат қилади.
Аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош Хитой дунёнинг иккита иқтисодий қудратидан биттаси саналади.
Устига устак, Хитой жаҳоннинг аҳолиси энг кўп (қарийб 1 миллиард 400 минг - таҳр.) мамлакати бўлади.
Худди шу фонда чанқоқ Хитой табиий маъданлар ва энергия заҳираларига бой Марказий Осиё давлатларининг энг йирик сармоядори ҳисобланади.
Халқаро иқтисодий экспертларнинг бирдек эътироф этишларича, ҳозир минтақага Хитой даражасида ётирим киритиш потенциалига эга бошқа бирор бир давлатнинг ҳам ўзи йўқ.
Хитой сўнгги йилларда аксарият минтақа давлатларини ўз ичига олувчи бир неча миллиард долларлик улкан иқтисодий лойиҳалар билан ҳам ўртага чиққан.
Бу каби мега лойиҳалар ҳозирча бирор бир бошқа минтақа мамлакати томонидан илгари сурилмаган.
Эксперт Алишер Илҳомовнинг айтишича, худди шу боис ҳам, Хитой Марказий Осиёга кўп бўлса бордир, аммо кам қарам эмас.
Суҳбатдошимизга кўра, бу айнан Хитой учун ўта муҳим стратегик аҳамиятга эга "Бир белбоғ, бир йўл" лойиҳаси билан боғлиқ.
Таҳлилчи бу каби хулосаси сабабини мазкур лойиҳа доирасидаги учта муҳим қуруқлик йўлагидан иккитасининг айнан Марказий Осиё орқали ўтиши билан изоҳлайди.
Яъни, бу йўлаклардан бири Қозоғистон орқали Россиягача узанса, бошқаси Хитойни Ўзбекистон, Эрон орқали Хитой билан боғлайди.
"Шундай экан, бу давлатлар ҳукуматлари Хитойдаги уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликлари тақдиридан ўз хавотирларини изҳор этишса, уларга бошпана беришса, қўрқишлари учун асос йўқ", - дейди Алишер Илҳомов.
Тарихча ўрнида - хитойлик икки қочоқ
Эксперт ўзининг бу каби хулосаси билан Қозоғистоннинг икки нафар этник қозоқ қочоқни ортга - Хитойга депортация этиш истагида эканига оид расмий баёнотлари манзарасида бўлишган.
Хитойнинг Шинжон Уйғур Мухтор минтақасидан қочиб, Қозоғистонга келган Кастер Мусахонули ва Мурагер Олимули чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбланиб, шу йил 6 октябрь куни ҳибсга олинишган.
Хабарларга кўра, икковлон Қозоғистондан бошпана сўрашга улгуришган ва жорий пайтда мамлакат шарқидаги ҳибсхонада тутиб турилишибди.
Айрим етакчи минтақавий нашрларнинг ёзишларича, Кастер Мусахонули Шинжонда экан, ўзининг жамлоқларга ташлангани ва у ерда калтаклангани ҳақида айтган.
Аммо ўтган ҳафта Қозоғистон Миллий Хавсфизлик Қўмитаси Чегара хизмати раҳбари уларни Хитойга депортация қилишларини расман маълум қилган.
Кеча, 12 декабрь куни бу масалага нуфузли инсон ҳуқуқлари ташкилоти - "Амнести Интернэйшнл" эътибор қаратган.
Халқаро ташкилот махсус баёнот билан чиқиб, Қозоғистонни икки қочоқни Хитойга депортация қилмасликка чақирган.
"Амнести Интернэйшнл"га кўра, бу - Қозоғистон қатор халқаро Конвенциялар доирасида ўз зиммасига олган мажбуриятларга зид амал бўлади.
Халқаро ташкилот қозоғистонлик масъуллар тергов ишларини тўхтатиб, уларни озод қилиши, бошпана олишларига тўлиқ имконият яратиб, лозим даражада ҳуқуқий кўмак кўрсатиши шартлигини айтган.
"Амнести Интернэйшнл"нинг бу баёнотига ҳалича расмий Нур-Султоннинг муносабати маълум эмас.
Жамлоқлар ва маҳбуслар
Қозоғистон томонининг депортацияга оид сўнгги баёноти айнан Хитойнинг бир миллионга яқин мусулмон тутиб турилгани ишонилган улкан жамлоқлар тармоғи юзасидан халқаро миқёсда хавотирлар кучайиб бораётган, Ғарб расмий Пекинга босим устига босим ўтказаётган бир манзарада янграган.
Хитойнинг бу жамлоқлар тармоғи дунёдаги мусулмонларга мўлжалланган энг йиригига қиёс берилади.
Расмий Пекин эса, уларнинг жамлоқ-қамоқхона эмас, "касб ўргатиш марказлари" эканини таъкидлаб келади.
Масала Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон Ҳуқуқлари қўмитасида кўтарилган.
Қатор Ғарб давлатлари илк бор ошкора ва расман Хитойдаги уйғурлар ва мусулмон озчиликлари ҳимоясига чиқишган.
Аммо ўшанда ҳам уларнинг орасида бирор бир исломий ёки аксар аҳолиси мусулмон давлат кўринмаганди.
Қозоғистоннинг депортацияга оид баёнотидан саноқли кунлар ўтиб, Шинжон раиси бу жамлоқларда бирор бир маҳбус қолмаганини иддао қилган.
У ердаги барчанинг "таълимлари"ни тугатиб, энди "ишли ва бахтли ҳаёт"га юз тутишларини айтган.
Аммо Би-би-си бу даъволарни ҳали-ҳануз мустақил манбалардан тасдиқлашга имконли бўлмаган.
Жамлоқлардаги маҳбусларнинг яқинлари ҳам ҳали-ҳануз исбот сўраб ўтиришибди.
Хитойлик масъул худди шу баёноти манзарасида "марказлар" ҳукуматга диний экстремизмга қарши курашиш учун керак бўлганини яна бир бор такрорлаган.
Расмий Пекиннинг Хитой шимоли-ғарбидаги уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликларга нисбатан сиёсати айрим ғарблик экспертлар баҳосида "маданий қатлиом"га ҳам қиёс берилган.
Хитойдаги воқеаларнинг бу каби ривожи Марказий Осиё давлатларида ҳам бирдек акс-садо берган.
Қозоғистон ва Қирғизистонда норозилик намойишлари кузатилган.
Қолган минтақа давлатларида эса, кўпчилик бу борадаги қарашларини ижтимоий мулоқот тармоқларига тўкиб солишган.
Ўз ҳукуматларини Хитойнинг бу каби сиёсатига қарши қатъий мавқеини намоён этишга чақиришган.
Ўзбекистонда эса, битта бўлса-да, мамлакат тарихида илк бор бу масалада бир парламент депутати шахсан мамлакат президентига мурожаат билан чиққан.
Аммо буларнинг барчаси манзарасида бетараф қолган Қозоғистон ва Қирғизистон истисно қолган барча Марказий Осиё давлатлари расмий Пекиннинг мазкур сиёсатини "қўллашлари" маълум бўлган.
Бу ҳақда кетма-кет Хитой томони баёнотлар билан чиққан, аммо Ўзбекистон мисолида расмий Тошкент ҳали-ҳануз бу масалада ўзининг муносабатини билдирмаган.
Аммо ўтган ой Алматидан Тошкентга учиб борган уйғурлар ҳимоячиси, тадқиқотчи ва фаол Евгений Бунин Ўзбекистонга киритилмаганди.
Таҳлилчи хулосаси
Маҳаллий кузатувчилар уларнинг бу каби мавқеъларини айнан Хитойнинг иқтисодий, ҳарбий-техник қудратига йўйишган.
Анчайин жиддий иқтисодий, ижтимоий муаммоларга юз тутиб турган аксарият минтақа давлатларининг иқтисодий жиҳатдан Хитойга қанчалик қарам эканига эътибор қаратишган.
Сўнгги ҳисоб-китоблар айнан Хитойнинг барча Марказий Осиё давлатлари бирдек энг кўп қарздор давлат эканига ҳам далолат қилган.
Аммо, эксперт суҳбатдошимиз Алишер Илҳомовнинг айтишича, бу давлат ҳукуматлари уйғурлар ёки бошқа мусулмон озчиликларни ҳимоя этишса, Хитой бизни "жазолайди", деб хавотирланишларига асос йўқ.
Унга кўра, Хитой ўзининг минтақадаги шахсий манфаатларини ўйлаб, уларга қарши қандайдир чора кўрмайди.
"Расмий Пекин томонидан қанақадир дипломатик эътирозлар, норозиликлар бўлиши мумкин. Аммо Хитой ҳукумати бунинг учун қандайдир санкциялар, жазо чораларигача бормайди. Буни эса, Марказий Осиё давлатлари осонгина ҳазм қилишлари мумкин", - дейди у.
Экспертга кўра, аксинча, "улкан лойиҳаси ижросини таҳдид остига қўйиши ва обрўси ҳақидаги истиҳоласи Хитойни мусулмон озчиликларга нисбатан мавқеини юмшатишга мажбур қилиши мумкин".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek