Тожикистон: Педофиллар, фоҳишахона очганлар, қўшмачи-сутенёрлар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилади - минтақа ва сиёсат, Tojikiston, O‘zbekiston, koronavirus, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Author, Мустақил журналист,
- Role, Тожикистон
Тожикистон: Педофиллар, фоҳишахона очганлар, қўшмачи-сутенёрлар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилади - масалани парламент кўриб чиқмоқда.
Тожикистонда балоғатга етмаган (16 ёшга тўлмаган) болалар номусига тажовуз қилган, шунингдек, фоҳишахоналар ташкил этган кишилар ва қўшмачи-сутенёрлар энди фақат жиноий жавобгарликка тортилибгина қолмасдан, ота-оналик ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилиши мумкин.
Бу борада Тожикистон Оила Kодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш борасидаги қонунчилик лойиҳаси мамлакат Парламентининг қуйи палатасида кўриб чиқилди. Бу борада Парламентнинг матбуот маркази хабар қилди.
Қонунчиликка киритилаётган янги лойиҳага мувофиқ, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишга оид мавжуд асослар кенгайтирилади.
Бу қадам қўйилишига Тожикистон жамоатчилигида вояга етмаганлар номусига тажовуз қилиш ҳоллари кўпайиши сабаб бўлган.
Тожикистон минтақанинг аҳолиси энг йирик учта мусулмон давлатидан биттаси бўлади.
Жамоатчилик фаоллари яқинда Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, мамлакатнинг юқори ва қуйи палаталари раислари Рустам Эмомали ва Маҳмадтоир Зокирзодага болаларни жинсий зўравонликдан ҳимоя этишни сўраб мурожаат ҳам этишганди.
Фаолларга кўра, фақат расмий маълумотларга мувофиқ 2020 йилнинг биринчи ярмида балоғатга етмаганларга нисбатан жинсий тажовуз қилингани борасида 16 та воқеа ошкор этилган.
Жинсий тажовуз қурбонлари

Сурат манбаси, official
Тожикистонликлар ҳали она сути оғзидан кетмаган гўдакларга нисбатан жинсий тажовуз қилиш ҳолларини кечириб бўлмас ўта ёвузлик деб, бу «жирканч ишга» қўл урганларни қаттиқ жазолашни талаб этишмоқда.
Ўтган йили ёзида Душанбе шаҳри суди ана шундай ишлардан бирини кўриб чиқди. Ю. З. исмли киши уч ёшли қизалоқни зўрлагани учун Тожикистон Жиноий кодексининг учта моддаси билан айбланди. Бу моддалардан бирига кўра жиноятчи, деб айбланган шахс 12-25 йилга, ё бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум этилиши зарур эди.
Бир неча соат давомидаги жарроҳлик амалиётидан сўнг ҳам қизалоқ ўзига келмайди. У деярли бир ойгача жонлантириш бўлимида ётади.
Жамоатчилик ғазабига ўт қалаган нарса жиноятчи бу уч ёшли қизалоқнинг амакиси бўлиб чиқади.
Жамоатчилик фаолларига кўра, жинсий тажовуз қурбонлари расмий маълумотларга қараганда аслида кўпроқ бўлиши мумкин.
«Кўп ҳолларда жабрланганарнинг ота-оналари, яқинлари жинсий тажовуз борасида ҳуқуқ-тартибот мақомотларига шикоят қилишмайди. Улар фарзандларининг келажагини, эл орасида гап-сўз бўлмасликларини ўйлаб, ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолишини афзал кўришади», деди аслида ҳуқуқшунос, ҳозирда мактабда дарс бераётган фаол аёллардан бири Раъно Баротзода.
Лекин жинсий тажовуз борасида кўпчиликка маълум этилган айрим воқеаларнинг ўзи ҳам омма ғазабини қўзғади. Ана шундай ўта кўнгилсиз воқеалардан бири Турсунзода шаҳрида юз берган.
Тожикистон Бош прокуратураси хабарида келтирилишича, ёш аёл жиянини "сабзи билан" бокиралигини барбод этади. У бу қилғуликни жиянининг онасини ёмонотлиқ қилиш ниятида қилган.
Қизалоқнинг онасига кўра, у эри билан уч йил олдин ажралиб кетган. Лекин қизи ва қариндошларининг кўришиб туришларига тўсқинлик қилмаган. Қурбон ҳайити арафасида қайниси ва қайнэгачиси унинг уйига келиб, жиянларини сайр эттириб келишга ижозат сўрашади. Эртаси куни аёлга собиқ қайнотаси қўнғироқ қилиб, қизалоқнинг оғриб қолганини айтади. Аёл қизининг ҳолатини кўриб, тезда беморхонага олиб боради. Жарроҳлик амалиётидан сўнг шифокорлар 4 ёшли қизалоқнинг зўрланганини айтишади.
8 январ куни Душанбе шаҳрининг Сино тумани суди қизалоқнинг аммаси - 25 ёшли О. Ҳ.ни жиянини бокираликдан қасддан маҳрум этгани учун 11 ярим йилга озодликдан маҳрум этди. Аёлнинг қилмиши собиқ янгасидан ўч олиб, номини қоралаш мақсадида қилинган, дея изоҳланди.
Маҳкама ҳукмидан олдинроқ О. Ҳ. ўзига қўйилган айбловни рад этиб, бу туҳматлиги ва собиқ янгасининг қасоси эканлигини айтганди.
Лекин қизалоқнинг онаси айтишича, суд-тиббиёт экспертизаси болага нисбатан хўрланиш содир этилганини далиллар билан келтирган. Қизалоқнинг бокираликдан маҳрум этилиши маҳкама жараёнида ҳам исботини топди, деди унда қатнашган маҳаллий фаоллардан бири.
Маҳкама ҳукмига кўра, қизалоқнинг амакиси қаллоблиги учун 26 минг сомоний (2, 5 минг АҚШ долларига тенг) жаримага тортилган. Душанбедаги ижтимоий ташкилотлар фаоллари бу борада хабар берар эканлар, қизалоқнинг онасига адвокат хизмати кўрсатишганини, шунингдек, психологик ва ҳуқуқий ёрдам беришганини айтишган. Уларга кўра, айнан психологик ёрдам маҳкама жараёни билан чекланиб қолмаслиги зарур. «Биринчи навбатда ҳозир қизалоқнинг онаси психологик ёрдамга муҳтож. Қизалоқ ҳам улғайиб, ақлини таниб бориши билан руҳий босимларга дуч келиши мумкин», деди фаол аёллардан бири.
Душанбе яқинидаги Ҳисор шаҳрида бўлиб ўтган маҳкама ҳукми қасддан вояга етмаганларга нисбатан жинсий тажовуз қилишга нисбатан енгил-елпи қарашга қарши жамоатчилик норозилигини кучайтириб юборди.
Ижтимоий тармоқларда бу ҳукмни қоралашлар кучайди. Жинсий тажовуз қурбони бўлган қизалоқни ҳимоя қилувчи, уни таҳқирлаган кишига нисбатан эса, адолатли ҳукм чиқарилиши борасида флешмоблар пайдо бўлди.
Бундан деярли бир ой олдин - ўтган йилнинг 9 декабрида Ҳисор шаҳри суди 12 ёшли қизалоқ номусига теккан киши устидан ҳукм эълон қилди. У 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди ва мамлакат Президенти эълон қилган авфга мувофиқ суд залининг ўзидаёқ озод этилди.
Жамоатчилик норозилиги ижтимоий тармоқлар доирасида қолиб кетмади. Натижада Тожикистон Олий суди Ҳисор шаҳри суди ҳукмини бекор қилиб, қайта терговга юборди.
Ҳисорлик қизалоқ 2019 йилда зўрланади. Лекин қизалоқ зўравоннинг қутқуларидан ва яқинларининг жазолашларидан қўрқиб, бу воқеа борасида узоқ вақтгача оғиз очмайди. Ота-онаси бола дунёга келишига бир неча ҳафта қолганда, қизларининг ҳомиладорлигидан хабар топишади.
Жабрдийданинг ҳимоячиси ижтимоий тармоқларда зўравоннинг қизалоққа, унинг ота-онасига қайта-қайта таҳдид қилганлиги ва терговга босим ўтказганлигини ҳикоя қилади. У юмшоқ ҳукмдан сўнг юқори суд мақомотига шикоят билан мурожаат этади.
«Жим туриш янги жиноятларга бошлайди»

Сурат манбаси, official
Йилнинг иккинчи ҳафтаси ўтиб бормоқда. Ҳозирча ўтган йил давомида балоғатга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатлари сони ҳақида расмий хабар оммалаштирилган эмас.
Лекин Душанбедаги «Ҳуқуқий ташаббус» ижтимоий ташкилоти раҳбари Гулчеҳра Раҳмоновага кўра, расмий маълумотларда содир этилган барча жиноятлар акс этмаслиги мумкин.
Чунки аксарият ҳолларда ота-оналар жим туришни маъқул кўришади. Фарзандларининг келажагини ўйлашади, одамлар орасида «фалончини ундай қилишган», деган маломатга қолишларидан қўрқишади.
Ҳозирда кўп аёллар зиммасига тирикчилик ташвиши тушгани учун жиноят пайтида фарзандини ёлғиз ташлаган оналар ўзларини гуноҳкор ҳисоблашади.
Лекин бу қўрқув янада аянчилироқ воқеаларни келтириб чиқариши мумкин. Кўплар ана шундай воқеалардан чўчиган ҳолда болаларини ёлғиз қолдиришни исташмайди. Боғча тугул, ҳатто, мактабларга болаларини қўлидан етаклаб олиб бориб, олиб келаётган ота-оналар оз эмас.
Оилавий ва жинсий зўравонликка қарши курашни мақсад қилиб қўйган ижтимоий гуруҳ ташкилотчиси Елена Нажмиддинова Ҳисордаги суддан сўнг ижтимоий тармоқда киноя билан ёзади:
«Мен ҳатто кимга «раҳмат» айтишни билмайман - қонунгами, судларгами, тизимгами? Зўравонлар ва педофиллар йўлига яшил чироқ ёқиб қўйганликлари учун раҳмат. Энди бизнинг қизларимиз ўзларининг хавфсиз сезмасликлари учун раҳмат. Қизларнинг ота-оналарига фарзандларини уларнинг ўзларидан бошқа ҳеч ким ҳимоя қилмаслигини кўрсатиб қўйганликлари учун раҳмат».
«Нега ҳаммамиз жим турибмиз? Фарзандларимизни ҳисорлик қизалоқ Шабнамнинг ўрнига қўяйлик. Ахир, унинг ўрнида ҳар битта бола бўлиши мумкин-ку!», деб ёзишади ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари.
Маҳаллий блогерлар эса, Ҳисордаги воқеа ҳақида ёзар эканлар, қизалоққа, унинг оиласига ёрдам кўрсатиш зарурлигини таъкидлашади. Ана шу блогерлардан бири руҳий ёрдам бериш муҳим дея ҳисоблайди. Унга кўра, қизалоқ уни ҳеч ким қораламаслиги ва у ҳақида ёмон фикрларга бормаслигини англаб етиши зарур.
Лекин руҳшуносларга кўра бола онгидаги жароҳатни тузатиш қийин. Жинсий зўравонликка учраган қизлар одамови бўлиб қолишади, ўзларини ҳатто икки-уч киши йиғиладиган давралардан четга олишади. Энг ёмони, айбсиз айбдорга айланиш ҳатто ўз жонига қасд қилишгача бошлаши мумкин, дейди руҳшунос Тўлқиной Каримова.
Тожикистон расмийлари болаларга нисбатан жинсий зўравонлик масаласини ҳали қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритишдан олдин ҳам кўриб чиқишганди.
Ўтган йил сентябрида Тожикистон Парламентининг юқори палатаси спикери Рустам Эмомали Тожикистон Бош прокурори Юсуф Раҳмон, мамлакат Олий Суди Раиси Шоҳиён Шермуҳаммад ва болалар ҳуқуқлари бўйича ваколатдор Ражабмо Ҳабибуллозода билан учрашар экан, асосий мавзу айнан жинсий зўравонлик бўлган эди.
Рустам Эмомали масъул кишилар сўзларини эшитгач, болаларга нисбатан жиноят содир қилганлар учун суд амалиётларини таҳлил этиш, зарур бўлганда, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик қилган кишиларга нисбатан жазо чораларини кучайтиришни тайинлаганди.
Лекин болалар руҳшуноси Зулфия Раҳматовага кўра, болаларга нисбатан жинсий зўравонликларга қарши ҳамжиҳатлик билан курашиш зарур. Унга кўра жиноятларни кўра-била туриб жим туриш янги жиноятларга етаклайди. Жимликни бузиш учун эса, ишонч қозониш зарур. Ана шундай ишонч туфайли жиноятни ўзича «қонунийлаштириб» олган шахс қилмишлари ошкор этилган. Душанбеда яшайдиган 50 ёшга яқинлашган киши камбағал оилалар қизларини (асосан 10 ёшдаги) никоҳига олган. Бу одамнинг уйида ижарада турган камбағаллар ота-оналар кўчага чиқариб юбориш таҳдидидан қўрқиб, ёш қизларини оилали одамга беришга мажбур бўлишган. У одам олдин номусга тегиш ва қаллоблик учун жазога тортилган бўлиб чиққан. Унинг хотини эрининг қилмишларини билса-да, миқ этмаган.
Худди шу аёл каби бошқа хотинлар ҳам эрларининг жинсий зўравонлик содир этганликларини билсалар-да, оилалари бузилмаслиги учун жим юришади, дейди Зулфия Раҳматова.
Болалар ҳуқуқи ваколатдори Ражабмо Ҳабибуллозода зўравонлик ҳоллари олдини олиш мақсадида аёллар орасида тушунтириш ишларини кучайтириш зарур, дея ҳисоблайди. Зулфия Раҳматовага кўра эса, мактабларда зўравонлик мавзусида ҳеч бўлмаганда, синфдан ташқари тарбиявий соатларини кўпайтириш зарур.
Тожикистонда 2004 йилдан буён ўлим ҳукмига мораторий эълон қилинган. Лекин ҳозирда болаларга нисбатан жинсий зўравонлик қилган кишиларга нисбатан олий жазони жорий этиш ҳақида таклифлар янграмоқда.
Ўтган йил бошида мамлакат Бош прокурори Юсуф Раҳмон ҳам ўта оғир жиноят содир этаётганларга нисбатан мораторийни бекор қилиш таклифи билан чиққан эди. Тўғри, у буни террорчиларга нисбатан қўллашни айтганди.
Жинсий зўравонлик қурбони бўлган болаларнинг ота-оналари эса, жиноятчиларнинг «намунали ахлоқи учун» ҳукмда белгиланган муддатдан анча олдин - 5 йил, ҳатто 3 йилда озод этилаётганидан норози бўлишмоқда.
Тирик етимлар ҳоли не кечади?

Сурат манбаси, official
Оила Kодексга киритиладиган янги ўзгартиш ва қўшимчалар қонуний куч олгач, фоҳишахона ташкил этганлар ва қўшмачи-сутенёрлар ҳам ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Тожикистон ҳукуматининг бу оғриқ масалаларга биринчи марта жиддий эътибор қаратиши эмас.
2018 йил ноябр ойида Тожикистон Парламентининг қуйи палатаси фоҳишахоналар ташкил этганлиги учун жазоларни кучайтирди.
Депутатлар Республика ҳукумати томонидан мамлакат Жиноий Kодексига киритиш таклиф этилган қўшимчаларни маъқуллашди.
Бунга кўра, фоҳишахона ташкил этишда иккинчи марта қўлга олинганларга 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланадиган бўлди.
Бунгача эса, бу жиноят учун 5 минг сомонийдан (500 АҚШ долларига яқин) 10 минг сомонийгача жарима тўлаш ё 5 йилгача қамоқ жазоси белгиланган эди.
Лекин жазонинг кучайтирилишига қарамай, фоҳишахоналар ташкил этиш камаймади. Республика Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда фоҳишахоналар ошкор этилганлиги борасидаги хабарлар кўлами ҳам ўша-ўша.
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарларга кўра, яқинда бирданига иккита фоҳишахона ташкил этиш ҳодисаси ошкор этилган. Ҳар икки ҳолатда ҳам фоҳишахоналар аёллар томонидан ташкил этилган.
Душанбелик бошқа бир аёл эса, 23 ёшли йигит ва 17 ёшли қизга «фоҳишахона» эшигини очган ва бунинг учун 150 сомоний олган.
«Фоҳишахона»лар ташкил этишда айбланаётган кишиларнинг аксарият кўпчилиги айнан кекса ва ёлғизликлари ё беморликларини айтиб, озиқ-овқат ё дори-дармон учун пул тополмай қолганларида, нотўғри йўлга киришга мажбур бўлганликларини иддао этишади. Лекин уйларини ижарага бериб қўйганликлари, у ерда нима воқеа юз берганлигини айтаётганлар ҳам эмас.
Айрим таҳлилчиларга кўра, "бу аёлларни жиноий жавобгарликка тортишдан олдин уларнинг ижтимоий аҳволини ўрганиб чиқиш зарур".
«Бундан йигирма йилча олдин Хўжанд шаҳрида фоҳишахона ташкил этганликлари учун 9 нафар аёл айбланганди. Шаҳарнинг гавжум еридаги бу кеча-кундуз фаолият юритган йирик фоҳишахонадан ҳуқуқ-тартибот ходимлари нега бехабар қолишгани борасида саволлар янграганди. Лекин суд жараёнида айрим милисия ходимларининг фоҳишахона эгалари билан ҳамкорлик қилишгани маълум бўлди. Мен ҳозир мамлакатда бундай бемалол иш юритадиган катта фоҳишахоналар бор, демайман. Лекин фақат бир нарсага ҳайронман: нега мудом бир мартагина уйи эшигини очиб берган қариялар, аёллар қўлга тушишмоқда?», деди исм-шарифини ошкор этишни истамаган собиқ ҳуқуқшунос.
Лекин унга кўра, фоҳишалик бор экан, ижтимоий сабабми, ё бойлик орттириш мақсадидами, фоҳишахоналарни бутунлай йўқотиб ва қўшмачи-сутенёрлар фаолиятига чек қўйиб бўлмайди.
Айниқса, телевидениедаги инсон ва ҳуқуқ борасидаги кўрсатувларда фоҳишалар қўлга тушгани ҳақида лавҳа, репортажлар тез-тез кўрсатилади. Лекин айни шу қўлга тушган фоҳишаларнинг яна бу одатини ташламагани маълум бўлади. Таҳлилчиларга кўра, бунинг сабаблари оз эмас. Улар бу сабаблар қаторига яна камбағаллик, ночорлик боис бу йўлга кираётган қизлар, ёш аёллар кўплиги ва яна фоҳишаларга нисбатан қўлланаётган жазо чораларининг енгиллигини айтишади.
Бундан бир ярим йил олдин Тожикистон Маъмурий ҳуқуқбузарликлар Kодексига фоҳишалик билан шуғулланишга оид қўшимчалар киритилди. Бу фаолият учун жарима миқдори 1100 сомонийдан 1650 сомонийгача (ўша пайтдаги курс бўйича 117-175. 5 АҚШ доллари) кўтарилди. Бир йил давомида фоҳишалик такрорланадиган бўлса, 1650 сомонийдан 2650 сомонийгача жарима солинадиган бўлди.
Айни бир пайтда Тожикистонда фоҳишалар хизматидан фойдаланадиган эркаклар жазога тортилмайди.
Тожикистон Оила Kодексига киритилаётган янги ўзгариш ва қўшимчалар кўпчилик томонидан илиқ қаршиланди. Лекин ўртага савол ташлаётганлар ҳам оз эмас. «масъум болаларга нисбатан жинсий зўравонлик қилаётганларни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳам кам деб ҳисоблайман. Лекин янги жазо фоҳишахона очганлар ва қўшмачи-сутенёрлар қўлланса, нима бўлади? Агар улар ёлғиз аёллар бўлишса, болалари кўчада қоладими ё етимхоналарга топшириладими?», деди аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи ижтимоий ташкилотлардан бирининг ходимаси.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













