You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Вазият Каримов давридагидан ўзгараяптими? – Мирзиёев ва Ўзбекистон, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar
Вазият Каримов давридагидан ўзгараяптими? - Ўзбекистон ўтган беш ойнинг ичида иккинчи бор қамоқхоналаридаги жами маҳкумларнинг сонини расман ва ошкора маълум қилди. Мамлакатда қанча диний-сиёсий маҳкум қолган?
Ўзбекистон қамоқхоналарида аниқ қанча маҳкум сақланиши ва улар тутиб турилган шарт-шароитлар яқин-яқингача халқаро ташкилотларнинг жиддий хавотир ва танқидларига сабаб мавзулардан бири бўлиб келган.
Айниқса, сонлари ҳатто маҳаллий фаоллар ҳисоб-китобларида ҳам мингларга нисбат берилган диний-сиёсий маҳкумлар масаласи бу ўринда алоҳида аҳамият касб этган муаммо бўлгани кўрилган.
Сўнгги рақамлар Ўзбекистон Олий Мажлис палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 11 январь куни бўлиб ўтган йиғини чоғида маълум қилинган.
Ички ишлар вазирлиги тақдим этган маълумотга таяниб, жорий пайтда мамлакат жазони ижро этиш тизимида жами 22 мингдан ортиқ маҳкум ўз жазо муддатларини ўтаётганликлари айтилган.
Аммо йиғин тафсилотларидан улардан қанчасининг диний-сиёсий маҳкумлар экани саволи очиқ қолган.
Бу маҳкумларнинг аксарияти - 14 мингдан зиёди ёпиқ турдаги колонияларда сақланаётгани маълум бўлган.
Маълум бўлишича, шаффофлигини таъминлаш, қийноқ ва жисмоний тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бу 54 муассаса 3 280 дона замонавий видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган.
Қийноқлар Каримов даври Ўзбекистони билан боғлиқ яна бир ўта хавотирга молик воқеъликлардан бири бўлган.
Ўзбекистон матбуотида бўй кўрсатаётган хабарлардан қийноқ ҳолларининг мамлакатда ҳали-ҳануз буткул барҳам топмагани англашилади, аммо бу ҳақда очиқ ва ошкора гапиришга ўтилган.
Ўзбекистон ва диний маҳкумлар
Ўзбекистондаги Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов 2018 йилда Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатида мамлакатдаги диний маҳкумлар сонини тахминан "15 мингга яқин" эканини айтган.
Фаол бу рақамларга ўз гуруҳининг узоқ йиллик фаолияти ва ўзларининг олиб борган тадқиқотлари натижалари далолат қилишини таъкидлаган.
Архивларида буларнинг барчаси ҳужжатлаштирилганини ҳам ўз сўзларига қўшимча қилишни унутмаганди.
Айнан узоқ йиллардан буён Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган катта сондаги диний-сиёсий маҳкумларнинг тақдири - мамлакат президентининг афв тўғрисидаги ҳар бир янги фармони ортидан кун тартибига чиқувчи, аммо ўз жавобини топмай келаётган энг асосий саволлардан бири бўлган.
Ўзбекистондаги диний-сиёсий маҳкумлар ва уларга нисбатан муносабат, йилларки, инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланувчи барча йирик халқаро ташкилотларнинг бирдек хавотирларига сабаб бўлиб келган.
Ўзбекистон ҳукумати эса, яқин-яқингача мамлакатда диний ва сиёсий маҳкумлар борлигини тан олмаган.
Аммо амалдаги биринчи президенти Ислом Каримовнинг 2016 йилдаги кутилмаган вафоти ортидан, Шавкат Мирзиёев қудратга келаркан, чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида шаклланган мавжуд вазият ҳам анчайин жадаллик билан ўзгаришларга юз тута бошлаган.
Айнан 2018 йилда Ўзбекистонда 18 мингдан ортиқ фуқаро "қора рўйхат"дан чиқарилган.
Ўшанда президент фармони билан 2700 маҳкум афв этилгани, инсонпарварлик тамойили асосида 1932 маҳкум озодликка чиқарилган айтилган.
8835 маҳкумнинг манзил колонияларига ўтказилгани, 9462 нафарига тайинланган жазонинг енгилроғи билан алмаштирилгани маълум бўлган.
Aфвлар
Президент Мирзиёевнинг, айниқса, 2018 йил август ойида имзо чеккан афв тўғрисидаги фармони кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.
Бу фармонда илк бор Ўзбекистонда тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахсларни ҳам афв этиш ҳақида сўз борган.
Маҳаллий фаоллар ўшанда бунақаси Ўзбекистон мустақиллиги тарихида кузатилмаганини эътироф этишганди.
Президент Мирзиёевнинг ўтган йил август ойидаги афви ҳам яхшигина "шов-шув"га сабаб бўлган, афвга, йилларки, тақдирлари халқаро миқёсда хавотирларга сабаб бўлиб келаётган қатор диний-сиёсий маҳкумларнинг ҳам тушгани кўрилган.
Мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг катта сондаги маҳкумни ҳам президент Мирзиёев афв қилган.
Мамлакат тарихига кирган бу афв ўшанда Конституция куни муносабати билан эълон қилинган.
Конституциянинг 25 йиллиги арафасида Президент Шавкат Мирзиёев 2700 нафар маҳбусни озод этиш ҳақидаги фармонни имзолаган.
Ўшанда қилган чиқишида Мирзиёев "кўп-кўп одамларнинг адолатсиз қамалгани" ва ҳануз қамоқда ўтирганини айтган.
"Адолатсиз ўтиргани учун адолатсиз халққа ҳам, жамиятга ҳам душман бўлгани"ни айтган.
Айни пайтда у ноҳақ қамалганларни реабилитация қилиш ҳақида ҳеч нарса демаган.
У 10 минг нафар маҳбусни озод этишни режалагани, аммо маҳбусларнинг аксари "қилмишидан пушаймон бўлмаган"ини айтганди.
Тошкентдаги йиғин чоғида эса, Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларининг умумий сонига ҳам ойдинлик киритилган, бугунги кунда жами 54 та экани айтилган.
Бу муассасаларнинг 18 таси ёпиқ турдаги, 25 таси манзилли колония ва қолгани тергов ҳибсхоналари экани маълум бўлган.
"Шаффофлик"
Ўзбекистондаги жами маҳкумларнинг сонига ўтган йил август ойида мамлакат Ички ишлар вазирининг шахсан ўзи расман аниқлик киритган.
Вазир Пўлат Бобожонов ўшанда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига катта интерьвю берган.
Унинг бу суҳбати Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг "Ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазони ижро этиш фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қароридан саноқли ой ўтиб бўй кўрсатган.
Вазир ҳукумат қарори президентнинг топшириғи бўйича, тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида қабул қилинганини айтган.
Шу пайтгача сир тутиб келинган маълумотлар махфийликдан чиқарилганига эътибор тортган.
"Эндиликда жазони ижро этиш тизимида очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик амалда таъминланиши"ни айтаркан, жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари сони, уларнинг юридик манзиллари, уларда сақланаётган шахслар сони тўғрисидаги маълумотлар энди махфий ҳисобланмаслигини маълум қилган.
"Реал ҳолатга кўра, бугунги кунда жазони ижро этиш тизимидаги маҳкумлар сони 22,9 минг нафарни ташкил этиб, ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан 67 нафар шахс тўғри келиши"ни айтганди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазири ўз суҳбатида сўнгги вақтларда чет эл жазони ижро этиш тизими тажрибаси атрофлича ўрганилиб, таҳлил қилиб чиқилганини таъкидлаган.
Ўрганиш натижаларига кўра, бир қатор давлатларда жазони ижро этиш тизимига оид масалаларга тегишли айрим маълумотлар интернет тармоғида умумий фойдаланиш учун очиқлиги маълум бўлганини айтган.
Бу эса, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот тузилмалари томонидан ушбу мамлакатлар пенитенциар тизимига доир аниқ маълумотларга асосланган рейтинглар тузиш ва унга холис баҳо бериш имконитини яратишини таъкидлаган.
Бунинг ортидан, вазир Лондонда жойлашган Қамоқхоналарни тадқиқ қилиш халқаро маркази томонидан 2019 йилда эълон қилинган маълумотга тўхталиб ўтган.
Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига 150 нафар жазо ўтаётган шахс тўғри келиши, тизимда 43,9 минг нафар шахс сақланаётганлиги кўрсатилиб, Ўзбекистон бу борада 222 давлат ичида 105-ўринни эгаллаганини кўрсатиб ўтган.
Пўлат Бобожоновнинг айтишича, ушбу маълумотларнинг очиқланиши Ўзбекистоннинг мазкур рўйхатдаги кўрсаткичи 70 поғонага яхшиланишини кўрсатади.
Ўзбекистонлик масъулларнинг бу рақамлари глобал коронавирус пандемияси фонида эълон қилинган.
Дунё бўйлаб ҳукуматлар қамоқхоналарда коронавирус тарқалишининг олдини олиш ёки тўхтатишга қаратилган кескин чораларни кўрмоқда.
Ўзбекистоннинг ўзида расмийлар жазо муассасаларида қатъий карантин тартиби эълон қилингани, тумов ва шамоллаш симптомлари бўлган терговчи ва адвокатлар қўйилмаётгани, шунингдек, маҳкумларнинг яқинлари билан учрашувлар тўхтатилганини айтишган.
Мамлакат қамоқхоналарида расман коронавирус тарқалиш ҳолатлари қайд этилмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek