Ўзбекистон ҳам носвойни тақиқлайдими? - O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Nosvoy

Ўзбекистон ҳам носвойни тақиқлайдими? - Ўзбекистонлик масъул масалага ойдинлик киритди. Маълум бўлишича, Ўзбекистонда ҳозир қарийб ҳар тўрттадан битта эркак носвой чекади.

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.

34 миллиондан ортиқ фуқаросининг ярмидан кўпроғини айнан эркаклар ташкил этади.

Шу пайтгача минтақа давлатлари орасидан Қозоғистон ва Туркманистонда носвой ишлаб чиқариш ва сотиш расман маън этилган.

Бу каби тақиқ яна Россия ва Беларусда ҳам амал қилади.

Худди шу мамлакатлар тажрибаси мисолида Ўзбекистоннинг бу ишга қўл уриш-урмаслиги саволи анча аввал кун тартибига чиқиб бўлган.

Бу саволга кеча, 7 январь куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъули жавоб берган.

Вазирлик матбуот хизматининг ўзи Тамакига қарши курашиш бўйича бош консультанти, тиббиёт фанлари номзоди Шуҳрат Шукуров билан суҳбат уюштирган.

Масъул Ўзбекистонда носвой бозорлар, кўчалар ва таълим муассасаларида олдида ҳали-ҳануз очиқ сотилишини эътироф этган.

Носвойни ишлаб чиқариш ва сотишни чеклаш бўйича ҳеч қандай қонун ҳужжати ва кўрсатма йўқлигини ҳам тан олган.

"Мунтазам тутунсиз тамаки истеъмол қилувчи минглаб инсонлар бевақт ўлим хавфига дучор бўлишаётгани"ни ҳам "ачиниш" билан тилга олган.

Аммо, Шуҳрат Шукуровнинг айтишича, носвой инсон саломатлигига катта зарар келтираётгани учун тегишли идоралар томонидан махсус қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Ўзбекистонлик масъулга кўра, янги қонун лойиҳаси мамлакатда тутунсиз тамаки маҳсулотлари, жумладан, носвой айланмасини тақиқлашни кўзда тутади.

Шуҳрат Шукуровнинг сўзларидан маълум бўлишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган.

"Тутунсиз тамаки маҳсулотларининг инсон организмига зарарли эканлиги борасида аҳоли орасида мунтазам тарғибот-ташвиқот ишларини ҳам олиб бормоқда".

Мамлакат аҳолиси орасида носвой истеъмол қилиш ҳоллари қанчалик кучайиб бораётгани, агар, шундай бўлса, бунга нималар сабаб бўлаётганига оид янги тафсилотлар имконли эмас.

Вазирликнинг расмий Telegram каналида эълон қилинган суҳбатда бу каби саволлар кўзга ташланмайди.

Носвой ва Марказий Осиё

O'zbekiston

Сурат манбаси, Getty Images

Носвой чекилмайдиган тамаки тури бўлиб, Марказий Осиёда кенг тарқалган.

У аксар Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб эркин сотилади.

Аммо 2008 йилда Туркманистон носвойни расман маън этган биринчи минтақа давлатига айланган.

Орадан етти йил ўтиб, Қозоғистон ҳам бу ишга қўл урган, носвойни тақиқлаган.

Масъуллар ўшанда бунинг сабабини нос таркибида заҳарли маҳсулотлар кўплиги билан изоҳлашган.

Носвой савдоси билан шуғулланганларга $50 АҚШ доллари миқдорида жарима белгиланган.

Бу ишни такрор содир этган тақдирда эса, икки баробар кўп жарима тўлаш кўзда тутилган.

Аммо, тақиқ ортидан ҳам, Қозоғистон шаҳар ва туманларида исталган миқдорда нос сотиб олиш мумкинлиги кўрилган.

Нархи ҳам кескин ошмаганига оид хабарлар олинган.

Бундан учун йил бурун эса, Божхона Иттифоқи ҳам шунга ўхшаш тақиққа қўл урган.

Иттифоққа аъзо давлатлар ҳудудига носвой олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сақлашни маън қилган.

Бу каби ишга қўл урган шахсларнинг жиноий жавобгарликка тортилишлари айтилган.

Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия Божхона Иттифоқига аъзо давлатлар бўлишади.

Ўшанда Ўзбекистондаги нашрлар мамлакат божхона қўмитаси бу ҳақда хорижга чиқаётган фуқароларни огоҳлантирганига ҳақида ҳам ёзган.

Орада Ўзбекистон аэропортларида ҳам нос чекиш маън этилган.

Россия 2013 йилда носвойнинг улгуржи ва чакана савдосини тақиқлаган.

Носвой савдоси билан шуғулланганлар учун жарима белгиланган.

Ўтган йил Россия Давлат думаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган тузатишларни маъқуллаган.

Вояга етмаганларга носвой сотганлар учун жарима миқдорини бир неча баробарга оширган.

Россия дунёнинг энг катта - миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.

Носвой Россиядаги юз минглаб Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари энг кўп истеъмол қилувчи тамаки маҳсулоти бўлади.

Россияга ҳам дастлаб айнан уларнинг эҳтиёжини қондириш учун олиб келингани айтилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek