АҚШ: Капитолий ишғоли ортида ким турибди? – FBI қидирмоқда, AQSH, Rossiya, dunyo, yangiliklar

    • Author, Майк Вендлинг
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

АҚШ: Капитолий ишғоли ортида ким турибди? - FBI қидирмоқда. Дастлабки тахминларга кўра, ишғолчилардан баъзиларининг Qanon фитна назарияси издошлари ва ўта ўнг қанотчиларга алоқаси бўлиши мумкин.

Бу каби ишғол ва қамал эса, Америка Қўшма Штатларининг бу яқин замонавий тарихида кузатилмагани билан алоҳида эътибор тортган, ҳайрат, кескин танқид ва қораловларга сабаб бўлган.

Чоршанба куни Конгресс биносига бостириб кирганлар орасида QAnon ҳаракати тарафдорлари ҳам бўлган.

Бино ичида унинг бир неча кўзга кўринган фаоллари кўрилган, айримлари ичкарида ва ташқарида QAnon ҳаракатига дахлдор белгилар туширилган байроқларни кўтариб олган эди.

Ушбу ҳаракат аъзолари қаҳрамон деб биладиган Президент Трамп бу фитна назариясини қўлламайди, аммо "QAnon" фаолларини "ватанимизни севувчи инсонлар", деб таърифлаган.

QAnonнинг ўзи нима ва ким унга ишонади?

Нима у?

QAnon моҳиятан кенг қамровли, тамоман асоссиз назария бўлиб, унга кўра, Президент Трамп ҳукумат, бизнес ва медиа ичидаги сатанга топинувчи педофилларга қарши махфий кураш олиб бормоқда.

QAnonга иймон келтирганларнинг фаразича, бу кураш жазо кунига элтади ва ўша кунда собиқ президентликка номзод Ҳиллари Клинтон каби шахслар ҳибсга олиниб, қатл қилинади.

Ана шу ушбу фитна назариясининг қисқача баёни, аммо унинг ўзаро келишолмайдиган турлари кўп, QAnon даъволарининг рўйхати ниҳоятда узун ва аксариси ўзаро зиддиятли.

Ушбу назария тарафдорлари ўзларининг ишониш қийин бўлган хулосаларини асослаш учун нумерологиядан тортиб, тарихий фактлару янгилик хабарларигача таянадилар.

Ҳаммаси қандай бошланган?

2017 йил октябрида 4chan имижбордида бир аноним фойдаланувчи кетма-кет серияли постларни қўяди. Бу фойдаланувчи "Q" деб имзо қўяди ва ўзини АҚШнинг энг махфий маълумотларига киришга ҳуқуқи бўлган ("Q clearance" рухсатномаси бўлган) шахс деб даъво қилади.

Бу постлар "Q томчилар" ёки "толқон" деб аталади. Улар турли шиорлар, ваъдалар билан бурканган тушунарсиз тилда ёзилган эди.

Ҳеч ким буларга ишонмайди, тўғрими?

Очиғи, минглаб одам ишонади. 2017 йилдан бери асосий ижтимоий тармоқ сайтлари Facebook, Twitter, Reddit ва YouTube га кирувчилар сони кескин кўтарилди, коронавирус пандемияси даврида эса бу рақамлар янада ошиб кетди.

Йирик ижтимоий медиа компаниялари QAnon га дахлдор маълумотларга нисбатан қаттиқроқ чораларни кўрди ва ушбу фитна назариясини дастакловчи юзлаб аккаунтлар ва видеоларни ўчирди.

Аммо ижтимоий медиа ва ижтимоий сўровномалар кўрсатяптики, камида юз минглаб - агар миллионлаб бўлмаса - одамлар QAnon нинг қайсидир томонига ишонади.

Бу назарияни бутунлай инкор қилувчи воқеалар юз берганига қарамай, улар сони камайгани йўқ. Масалан, илк Q томчиларида прокурор Роберт Мюллернинг суриштирувларига эътибор қаратилган эди.

QAnon тарафдорлари даъво қилишича, Мюллернинг 2016 йилги АҚШ сайловларига Россиянинг аралашувини тафтиш қилиши аслида педофилларни текшириш учун ўтказилаётган терговларни ниқоблаш учундир. Мюллернинг тафтишларидан сўнг ҳеч қандай оламшумул янгилик чиқмагач, фитна назариячиларининг этибори бошқа томонга ўзгарди.

Шунга астойдил ишонувчилар Q хабарларига атай махсус дезинформация жойлангани ва бу ушбу фитна назариясини инкор қилиб бўлмас қилиб қўйганини айтишади.

Унинг таъсири қанчалик бўлди?

QAnon тарафдорлари махсус хэштеглар ишлатади ва ўзлари душман деб билган, педофилларни яширяпти деб гумон қилган шахслар - сиёсатчилар, машҳурлар ва журналистларга зарар бериш учун ҳаракатларини мувофиқлаштирадилар.

Бу интернетдаги таҳдидли хабарларгина эмас. Twitter реал ҳаётда зарар бериши мумкин бўлгани учун QAnon га қарши чоралар кўрди.

Бир қанча QAnon аҳли интернетдаги таҳдидлари ёки реал ҳаётдаги фаолиятлари учун қамоққа олинди.

2018 йилдаги бир машҳур воқеада бир қуролланган шахс Ҳувер тўғони устидаги кўпрокни тўсиб қўйган эди. Мэтью Райт кейинчалик террорчиликда айбдор деб ҳукм қилинди.

Pew тадқиқот маркази 2020 йил сентябрида америкаликларнинг деярли ярми QAnon ҳақида эшитганини ва бу рақам шундан олти ой аввалгидагидан икки баробар кўплигини аниқлаган эди. Ана шу эшитганларнинг бешдан бири бу ҳаракат ҳақида ижобий фикрда бўлган.

Аксар ишонувчилар учун QAnon Президент Трампни қўллашга етарли асос бўлган.

Трампнинг ўзи ҳам билиб билмай QAnon"тарафдорлари постларини улашган. Сайловдан аввал унинг ўғли Эрик Трамп Instagram да QAnon мемини пост қилган.

Жоржиядан ўта дангалчи QAnon тарафдори бўлмиш Маржори Тейлор Грин ноябрда АҚШ конгрессига сайланди.

Материални тайёрлашда Жек Гудман ва Шаян Сардаризода ҳам ёрдам беришган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek