"Вақф" қорбобо кийимида жамғарманинг совғаларини тарқатган ҳокимликни бефаросатсизликда айблади - Ўзбекистон, янгиликлар

qorbobo

Сурат манбаси, Social media

"Вақф" хайрия жамоат фонди қорбобо кийимида совға тарқатганини рад қилди. Фонд совғаларини қорбобо кийимида тарқатган Қумқўрғон тумани ҳокимлигини фаросатсизликда айблади ва зудлик билан узр сўрашга чақирди. Мусулмонлардан йиғилган хайриялар қорбобо кийимида тарқатилгани олдинроқ ижтимоий тармоқларда норозиликларга сабаб бўлганди.

Ижтимоий тармоқларда айланган суратларда "Вақф" фонди логотипи туширилган қутиларни бир гуруҳ қорбоболар тарқатишга тайёргарлик кўраётгани ва муҳтожларга бергани акс этганди.

Раддияга «Қорбобони хайрия тадбирига жалб этилгани - "Вақф" фондининг ташаббуси эмас!", дея сарлавҳа қўйилган.

"Қатъий таъкидлаймизки, "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан ташкил этилган меҳр-мурувват тадбирлари бирор-бир сана ёки ижтимоий байрамларга алоқаси ҳам, қорбобони таклиф этишда Фонднинг ўрни ҳам йўқ", дейилади унда.

vaqf

Сурат манбаси, Screenshot

«Вақф» фонди томонидан чиқарилган хабарда Сурхондарё вилоят Қумқўрғон туман ҳокимлиги алоҳида тилга олинади.

"Жойлардаги тадбирларнинг шакли ва мазмуни ҳудудлардаги ташкилотлар томонидан уюштирилган бўлиб, бундай фаросатсизликка йўл қўйган маҳаллий мутасаддиларни мутлақо оқлаб бўлмайди. Хусусан мана шу ҳолатга сабабчи бўлган Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокимлиги вакиллари узр сўрашлари керак", - дейилади баёнотда.

"Вақф" хайрия жамоат фонди тарқатилган суратлардаги қорбоболарнинг уларга «ҳеч қанақа алоқаси йўқлигини таъкидлаган ва ушбу суратларни тарқалишини адолатсиз деган.

«Бу ҳолат учун Фонд ва унинг ходимларини обрўсизлантириш ҳақорат ва адолатсизликдир. "Вақф" фондини обрўсизлантириш орқали обрў ва шуҳрат орттиришга уринадиганлар ҳам борлиги ҳар қандай мўмин кишини хавотирга солади. Аслида, бу ҳам нафсдаги касаллик бўлиб, шайтоний қутқу туртки бўлади. Мўмин банда бунга ҳушёр бўлиши керак», дейилади хабарда.

qor

Сурат манбаси, Social media

Фонд матбуот хизмати йиғилган хайриялар қорбобо кийимида муҳтожларга тарқатиш нима учун мақбул иш эмаслиги борасида тушунтириш бермаган.

Ижтимоий тармоқдаги айрим эътиқодли фаоллар хайрияларнинг қорбоболар иштирокида тарқатилишини ҳурматсизлик сифатида қабул қилган.

"Халқ қилган эҳсонни қорбобо номидан тарқатадиган "Вақф" жамғармасини тушунмадим. Бу масхарабозликми ё каззоблик?", деб ёзади Акмал Андижоний.

Қорбобо кийимида "Вақф" совғалари Узун туманида ҳам тарқатилгани айтилмоқда.

"Бу маҳсулотлар давлат ҳисобидан эмас. Балки Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи мусулмон диндор аҳолининг шундай оғир вазиятда хам ўзидан ошириб эҳсон қилган пуллари эвазига олинган. Бу эҳсонларни мусулмон диндор аҳоли мутлақо ишонмайдиган ҚОР Боболар билан олиб борилиши. Узун туманида истиқомат қилувчи диндор аҳолининг ҳиссиётларини қўзғатиб юборди", - деб эътироз билдиради Ирисов Нодирбек.

Қорбобо кийимида "Вақф" совғалари Узун туманида ҳам тарқатилгани айтилмоқда

Сурат манбаси, Social media

Сурат тагсўзи, Қорбобо кийимида "Вақф" совғалари Узун туманида ҳам тарқатилгани айтилмоқда

19 ноябрь куни Шайхонтоҳур туманидаги "Шайх Зайниддин" жоме масжиди имом-хатиби Яҳё Абдураҳмонов "Вақф" хайрия жамоат фонди бошқарув кенгаши раиси вазифасига тайинланганди.

Қора Малибу машмашаси

"Вақф" жамғармаси 2019 йил апрель ойида ўз эҳтиёжи учун 276 миллион сўмга қимматбаҳо Малибу 2 автомобили сотиб олиб шов-шувларга сабаб бўлганди.

Жамғарманинг ўша вақтдаги раиси Искандар Халиловнинг Би-би-сига айтишича, фонд учун сотиб олинган "Малибу 2" автомобили ҳар кунлик эҳтиёж учун минилмайди, чекка вилоятларга сафар ва хорижлик меҳмонларга хизмат қилишга мўлжалланган.

"Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбарияти автомобиль хайрия-эҳсонга тушган маблағларга эмас, балки жамғарманинг ўзининг асосий ҳисоб рақамидаги пулга харид қилинганини билдирганди.

Жамғарманинг асосий ҳисоб рақамига эса пул Ўзбекистон Мусулмонлари идорасидан келиб тушади.

Орадан бир йил ўтиб шов-шувларга сабаб бўлган қора Малибу Мусулмонлар диний идораси томонидан сотилгани маълум бўлди.

Бу ҳақда "Вақф" хайрия фонди раҳбарининг биринчи ўринбосари Зоҳид Тўраев маълум қилган.

Масъул тушган пул яхши мақсадларда сарфланишини билдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek