Мусулмон эридан ажратилган аёлнинг "боласи тушди" - "Севги жиҳоди" яна баҳсларни қизитди, Ислом ва мусулмонлар, Islom dini, musulmonlar, Hindiston, dunyo, yangiliklar

    • Author, Гита Панди
    • Role, BBC News, Деҳли

Мусулмон эридан ажратилган аёлнинг "боласи тушди" - ҳомиладор аёл шикоятда. "Севги жиҳоди" яна баҳсларни қизитмоқда. Янги қонун мусулмон эркагининг муслима бўлмаган аёлини шаръий никоҳ билан Ислом динига киритишни тақиқлайди.

Мусулмон эридан мажбуран ажратилган ҳомиладор ҳинду аёлнинг "боласи тушиб қолгани" ҳақидаги хабарлар Ҳиндистоннинг динни ўзгартиришни тақиқловчи қонуни устидаги баҳсларни янада қизитди.

Шу ой бошларида Ҳиндистонда бир видеоролик кенг тарқалди.

Унда шимолий штат Уттар Прадешдаги Муродобод шаҳарчасида бўйнига оловранг шарф ташлаб олган бир гуруҳ эркаклар бир аёлга бақираётгани тасвирланган.

"Сенга ўхшаганлар туфайли бу қонун қабул қилинди", деб бақиради эркаклардан бири.

Шовқин солаётганлар Бош Вазир Нарендра Модининг Бҳаратия Жаната партиясини (БЖП) қўлловчи радикал ҳинду гуруҳ - Бажранг Дал аъзоларидир.

Улар гапираётган қонун яқинда штатда қабул қилинган "Диний эътиқодни ноқонуний ўзгартиришни тақиқлаш" қонуни бўлиб, ундан кўзланган мақсад - радикал ҳинду гуруҳлари қўллайдиган исломофобик атама билан айтганда - "севги жиҳоди", яъни мусулмон эркакнинг ўз динига ўтказиш учун ҳинду аёлга уйланишига чек қўйиш эди.

Видеода кўрсатилган воқеа 5 декабрда содир бўлган. Бажранг Дал фаоллари 22 яшар аёл, унинг эри ва қайнисини полицияга топширади, полиция эса аёлни ҳукуматнинг махсус тутқунгоҳига жўнатади, эркакларни эса қамайди.

Бир неча кун ўтиб, тутқунгоҳда етти ҳафталик ҳомиласи бўлган аёл боласи тушиб қолгани ҳақида даъво қила бошлайди.

Шу ҳафта бошларида у расмийларга ёш бола эмаслиги, ўз хоҳиши билан мусулмон эркакка турмушга чиққанини айтгач, суд уни эрининг олдига кетиши учун рухсат беради. Унинг эри ва қайниси эса қамоқда қолади.

Душанба куни оқшомда чиқариб юборилгандан буён биринчи марта берган интервьюсида аёл тутгунгоҳда ўзига қўпол муносабатда бўлган хизматчиларни айблади, қорни оғриётгани ҳақидаги шикоятларига парво қилишмаганини айтди. Тутқунгоҳ вакили эса буни рад этди.

"Аҳволим оғирлашганда, улар мени касалхонага олиб боришди [11 декабрда]. Қон таҳлилидан сўнг мени қабул қилишди ва менга укол қилишди. Шундан сўнг мендан қон кета бошлади."

Унинг айтишича, икки кун ўтиб унга яна бир неча марта укол қилишади. Қон кетиш кўпайиб, аҳволи оғирлашгач, боласи тушиб қолади.

Унинг айтаётганлари тўғрими, касалхонада нима бўлган хали аниқ эмас.

Душанба куни тонгда, у ҳамон тутқунлигида, расмийлар унинг боласи тушиб қолганини рад қилди. Хабарлар унинг қайнонасидан олинган интервьюга асосланган эди.

Болаларни ҳимоялаш комиссияси раиси Вишеш Гупта бола тушиши ҳақидаги барча хабарларни инкор қилди ва "бола хавфдан холи", деб ҳам таъкидлади.

У даволанган касалхона гинекологи мухбирларга "етти ҳафтали эмбрион жойида турибди ва УЗИ орқали кўриш мумкин" деб айтди. Аммо доктор "трансвагинал тест орқалигина боланинг қанчалик хавфдан холилигини тасдиқлаш мумкин", деб қўшимча қилган.

Аммо озод қилингандан буён расмийлар унинг даъволарига бирор бир муносабат билдирмади. Шунингдек, унга УЗИ текшируви натижалари ва қилинган уколлар ҳақидаги маълумотлар ҳам берилмаган.

Шундай қилиб, у биринчи марта касалхонага тушганидан беш кун ўтиб, боланинг аҳволи ҳақида ҳамон аниқ хулоса йўқлиги шубҳа ва саволларни ўртага чиқаради.

Аммо ёш аёлнинг боласи тушиб қолгани ҳақидаги хабарлар Ҳиндистонда норозиликлар келиб чиқишига сабаб бўлди. Аксар одамлар ижтимоий тармоқларда расмийларни айбламоқда.

Ҳиндистонда турли диндагиларнинг никоҳи аввалдан қоралаб келинган, оилалар бундай никоҳларга қарши бўлишади.

Динини ўзгартирмоқчи бўлганлар аввал туман расмийларига хабар бериб, рухсат олишлари кераклиги айтилган янги қонун давлатга фуқароларнинг кимни севиб, ким билан турмуш қуришини назорат қилиш ваколатини беради.

Уни бузганлар 10 йилгача қамалади ва уларни гаров эвазига озод қилиш ҳам мумкин эмас. БЖП бошқарувидаги яна бошқа камида тўртта штат "севги никоҳи"га қарши шунга ўхшаш қонунларни ишлаб чиқмоқда.

Танқидчилар бу қонунни қолоқлик ва тажовузкорлик деб атаб, ундан динлараро жуфтларни, айниқса, ҳинду аёл ва мусулмон эркакларни нишонга олиш кўзланган демоқда.

Уни бекор қилишни талаб қилиб, Олий судга петиция ҳам топширилган.

Бу қонун қобул қилинган 29 ноябрдан бери ўтган қисқа вақт ичида камида бешта ҳолат аниқланиб, жавобгарликка тортилган.

Ўзаро розилик асосида, ота-оналарнинг маъқуллови билан бўлаётган турли диндаги жуфтларнинг тўйлари ҳам тўхтатилиб, мусулмон куёвлар қамоққа олинган.

22 яшар аёлнинг айтишича, у Исломни қабул қилиб, мусулмон эркак билан июль ойида, қўшни штат Уттараханддаги Деҳрадун шаҳрида никоҳдан ўтган. Улар Муродободга қайтиб, никоҳларини рўйхатга қўйдириш учун борганларида қаршиликка учраган.

"Бу каби қонунларнинг асосий муаммоси уларнинг турли диндагилар никоҳини жиноийлаштиришидир", дейди Чару Гупта.

"У, шунингдек, аёлларнинг эркини инкор қилади, уларнинг эркин иродасини писанд қилмайди. Кимга турмушга чиқиш аёлнинг ўз хоҳиши эмасми? Агар у бошқа динни қабул қилишни ихтиёр қилса, бунинг нимаси муаммо?"

"Бу қонуннинг, - дейди у, - таъсир соҳаси шу қадар кенгки, айбланганларга ўзини оқлаш мажбуриятини юклаб қўяди. Буниси жуда хавфли."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek