You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Франция маҳкамаси ўз сўзини айтди, Макрон коронавирусга чалинди, Путин иқрори, Тоғли Қорабоғда янги иддао, Fransiya, Tog‘li Qorabog‘, O'zbekiston, Turkiya, Islom dini, dunyo, yangiliklar
Муҳаммад пайғамбар (с.а.в)ни ҳажв этган журнал билан боғлиқ ҳукм ўқилди. Аммо кўплаб саволлар очиқ қолди. Франция президентида коронавирус аниқланди. Путин нега ўзини эмлатмаяпти? Юзга яқин арман аскарига нима бўлди? - Халқаро дайжест.
Париждаги суд
Париж маҳкамаси 14 судланувчи барчасини айбдор, деб топди.
Улардан икки нафарини 30 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этди.
Прокурор Али Ризо Пўлат ва Ҳаёт Бумедьен учун ўлим жазоси сўраганди.
Улар 2015 йилда Charlie Hebdo журнали ва яҳудийларнинг кошер дўконига уюштирилган ҳужумларда айбланишмоқда.
Бу ҳужумлар жами 16 инсоннинг ҳаётига зомин бўлган.
Ҳужумларга мазкур журнал томонидан айнан Ислом дини пайғамбари ҳажв этилган карикатураларнинг чоп этилиши сабаб бўлган.
Уч ҳужумчи - ака-ука Саид, Шариф Қуаший ва Амеди Кулибали ҳужумлардан бир неча кун ўтиб, полициянинг махсус амалиёти чоғида ўлдирилган.
Шу йил сентябрь ойидаги маҳкама эса, уларга кўмак беришда гумон қилинаётган шахслар устидан бошланган.
Аммо судланувчилар ўзларига қарши илгари сурилаётган айбларни тан олишмаган.
Маҳкама жараёнида бир неча киши коронавирус юқтириб олган, шу боис, орада тинглов маълум муддат тўхтаб ҳам қолган.
14 айбланувчидан уч нафари сиртдан судланган. Уларнинг орасида Кулибалининг маъшуқаси ҳам борлиги айтилган.
Учовлон ҳужумлар арафасида Суриянинг ўша пайтда ИШИД назорати остида бўлган ҳудудларига жўнаб кетишган. Тақдирлари номаълум.
Айбловлар террорчиликни молиялашдан тортиб, жиноий гуруҳга аъзолик қадар бўлган.
Судланувчилардан икки нафари ҳужумни тайёрлашда бирор бир иштироклари йўқлигини айтишган.
Би-би-си мухбири Хью Скофилднинг айтишича, сўнгги маҳкама жараёни ортидан кўплаб саволлар очиқ қолган.
Дейлик, Charlie Hebdo офисини ҳужумга тутган ака-ука Саид ва Шариф Қуашийлар қурол-яроғни қаердан олишган, дейди мухбиримиз.
Унинг айтишича, бундан ташқари, теракт борасида уларга "Ал-Қоида" ва ИШИДдан айнан кимнинг буйруқ бергани масаласи ҳам ноёан қолган.
Четдан қараганда, судланувчилар худди майда жиноятчилардек таассурот уйғотишган.
"Улар ҳеч нарсани билишмасди ёки ўзларидан айнан нима талаб қилинаётганини тушунмаганликларини яхши тасвирлашди. Айбланувчиларнинг барчаси Кулибалининг жиҳодчи ниятлари тўғрисида умуман тасаввурга эга эмасликларини айтишди. Қоралов томонига бунинг аксини исботлаш қийин бўлмади", - дейди мухбиримиз.
Париж маҳкамаси томонидан 30 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган иккита маҳкумдан биттаси эса, уч асосий ҳужумчидан бири Амеди Кулибалининг севгилиси экани айтилмоқда.
Худди шу соатларда эса, Франция президентининг ҳам коронaвирус юқтиргани хабари олинди.
Расмий хабарларга кўра, аломатлари пайдо бўлгандан кейин, 42 ёшли Эммануэль Макрон ўзини Ковидга текширтирган. Тест натижаси мусбат чиққан. Унинг бир ҳафта ўзини яккалаши айтилган.
Аммо, маълум бўлишича, у мамлакатни бошқаришда давом этади, масофадан туриб ишлайди.
Коронавирус ҳоллари шитоб билан ортиб борар экан, Франция шу ҳафта яна тунги комендантлик соатини жорий этган.
Шу пайтгача Францияга коронавирусга чалинганлар сони расман 2 миллион кишидан ортган. Ўлим ҳоллари эса, 60 мингга яқинлашган.
Путин иқрори
Россия президенти ўзини нега коронавирусга қарши эмлатмаётгани сабабини айтди.
Сўнгги ойларда кўпчиликни қизиқтираётган бу саволга ўзининг йиллик матбуот анжумани чоғида жавоб берди.
Путин аввалига ўзи ҳам мутахассислар фикрига қулоқ тутиши, бошқаларга ҳам шуни маслаҳат беришини айтди.
Кейин, "оммавий истеъмолга чиқаётган вакциналар ҳозир муайян ёшдаги одамларга мўлжаллангани"ни эслатди.
"Ўзига ўхшаганларга ҳали вакцина етиб келмагани"ни тушунтирди.
"Шу боис ҳам, бу вакцинани, мутахассислар айтмоқчи, қўймадим. Аммо имкони бўлиши билан, албатта шундай қиламан", - деди Россия президенти.
Тоғли Қорабоғда янги иддао
Қорабоғдаги арман ҳарбийлари янги иддао билан чиқишди.
Тахминан 73 аскарининг тақдири номаълум эканини айтишди.
Маълум бўлишича, аскарлар Қорабоғнинг тоғли туманида бедарак кетишган.
Сўнгги бир неча кун ичида бу туманда беқарорликлар кузатилган.
Расман тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси Мудофаа вазирлиги бу хабарни кеча, чоршанба куни кечқурун расман тасдиқлаган.
Аммо жами икки юзга яқин ҳарбий бедарак кетганига оид гап-сўзларни рад этишган, арман матбуотидаги бу каби хабарлар ҳақиқатдан йироқ эканини айтишган.
Хцаберд ва Хин Тахер (Чайлаққалъа ва Кёҳне Дағлар) қишлоқлари атрофидаги можаро ўтган дам олиш кунларида келиб чиққан.
Бу қишлоқлар амалда Озарбайжон Армияси қуршовида қолган, сўнгги Тоғли Қорабоғ уруши ортидан ҳам у ерларда арман ҳарбийлари бўлишган.
Ўтган дам олиш кунларида Озарбайжон ҳарбийлари бу икки қишлоқни ҳам олмоқчи бўлишган, юриш қилишган.
Хабарларга кўра, бунинг ортидан, жанглар бошланиб кетган, озар ҳарбийлари қуршовига тушган ўнлаб арман кўнгиллилари гўёки уларга таслим бўлишган.
Озарбайжон томонининг билдиришича, шу ерда тўрт аскарини бой берган, бир неча нафари тан жароҳати олган.
Арманлар ҳам ўз ҳарбийлари орасида ярадорлардан ташқари, асир олинганлари ҳам борлигини айтишган.
Бунинг ортидан, ҳудудга Россиянинг тинчликни сақлаш кучлари етиб келишган, можарони бостиришган.
Степанакерт ва Ереваннинг таъкидлашича, ўнлаб ҳарбийлари билан алоқа узилиб қолган.
Сешанба ва чоршанба кунлари ижтимоий тармоқларда қўл телефонида олинган камида иккита видео тарқалган.
Уларда Озарбайжон ҳарбийлари қуршовида кетаётган қуролсиз бир гуруҳ одамларни кўриш мумкин бўлган.
Бу Арманистонда катта шов-шувга сабаб бўлган, улар ҳарбийлар асирга олинган, деган тўхтамга келишган.
Аммо кеча, чоршанба куни 30 га яқинининг дараги чиққан.
Озарбайжон ҳарбийлари уларни қуролсизлантириб, Россия тинчликни сақлаш кучларининг постигача олиб бориб, кейин қуйиб юборганликлари маълум бўлган.
Бу ахборотни худди шу куннинг ўзида кечга яқин Арманистон Мудофаа вазирлиги ҳам тасдиқлаган.
Озарбайжон ҳарбийлари асирларга оид видео юзасидан ҳалича бирор бир расмий шарҳ билан чиқмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek