You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Отабек Умаров ООК вице-президенти, кундузги чироқлар тақдири нима бўлади ва Ички ишлар вазирлигидан рухсат, видео, янгиликлар, дунё, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar
Отабек Умаров ООК вице-президенти, кундузги чироқлар тақдири нима бўлади ва Ички ишлар вазирлигидан рухсат - президент Мирзиёевнинг кичик куёви, Марказий Осиё ММА Конфедерацияси раҳбари қитъа миқёсида яна бир лавозимга тайинланди. bbcuzbek.com дайжести.
Ўзбекистон: яна кундузги "фаралар" маcаласи кун тартибига қайтди - BBC News O'zbek
Отабек Умаров ООК вице-президенти
Бу ҳақда кеча, 15 декабрь куни Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси расман хабар берди.
Осиё Олимпия Кенгашининг Ўммон пойтахти Маскатдаги Бош Ассамблеясидан аввал Ижроия қўмитанинг 74-йиғилиши бўлиб ўтган.
Унда ташкилот раҳбариятининг янги таркиби ва Ижроия қўмитасига аъзолар сайланган.
Ўзбекистон 5 йирик комплекс мусобақаларга мезбон мамлакатлардан бири сифатида илк бор бу мақомга ўз номзодини кўрсатишга ҳақли бўлган.
Ўзбекистон 2025 йилда IV ёшлар Осиё ўйинларини қабул қилади.
Қўмитанинг билдиришича, Отабек Умаровнинг номзоди Ўзбекистон номидан 10 декабрь куни онлайн тарзда кўрсатилган.
Ижроия қўмитанинг Маскатдаги йиғилишида унинг номзоди бир овоздан маъқулланган.
Отабек Муҳаммадалиевич Умаров Осиё Олимпия Кенгашининг вице-президенти этиб расман сайланган.
Расмий хабарга кўра, Отабек Умаров "ўзига билдирилган юксак ишонч учун барчага ўз миннатдорчилигини билдирган".
"Бундай нуфузли ташкилотда Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилиш, қитъада олимпия ҳаракатини ривожлантиришга ҳисса қўшиш ўзи учун шараф экани"ни айтган.
Отабек Умаров маълум муддат Ўзбекистон Триатлон Федерацияси ва ММА Ассоциацияси раҳбари бўлиб ишлаган.
Аммо шу йил август ойида бу лавозимларидан муддатидан илгари кетишга қарор қилгани хабар берилган.
Ўшанда gazeta.uz ассоциация матбуот хизматига таяниб, "ушбу қарорнинг COVID-19 пандемияси билан боғлиқ ўзгаришлар негизида қабул қилингани" ҳақида ёзганди.
Отабек Умаров, бир вақтнинг ўзида, Президент хавфсизлик хизмати раҳбари биринчи ўринбосари лавозимида ҳам ишлаб келади.
Kундузги чироқлар
Ўзбекистонда автомобиллар чироғини кундузи ёқиб юриш яна муҳокама муҳокама мавзусига айланди.
Кундузи автомашинаси чироғини ёқмасдан юрган ҳайдовчи 2021 йил 1 январидан жаримага тортилиши кўзда тутилган ҳукумат қарори кучга кириши эслатилмоқда.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги қарори 2019 йил апрелида жорий этилган, аммо жамоатчиликда юзага келган норозилик сабаб ҳукумат қарорининг ижроси 2021 йилгача қолдирилган эди.
Ички ишлар вазирлиги бу тартиб кучида қолгани ҳақида баёнот берди.
"Ҳақиқатдан ҳам, "Йўл ҳаракати қоидалари"нинг 138-бандида "Куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт"лиги белгиланган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 июндаги "Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 460-сон қарори 2-бандида 2021 йил 1 январга қадар куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги бўйича талаб автоматик ёниб турувчи кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозланмаган автомототранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилмаслиги кўрсатилган.
Ушбу масала юзасидан ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг ўз фикр мулоҳазалари мавжуд бўлиб, тегишли таклифлар тайёрланган ва ушбу йўналишда чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Ўйлаймизки, белгиланаётган чора-тадбирлар халқ манфаатларига хизмат қилади", дейилади Ички ишлар вазирлигининг йўл ҳавфсизлиги бошқармаси тарқатган хабарда.
2021 йил 1 январидан кучга кириши кўзланган янги тартиб бўйича куннинг ёруғ вақтида ҳам яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланмаган ҳайдовчилар МЖтКнинг 128-моддаси тартибида маъмурий жавобгарликка тортилади.
Биринчи марта содир этилганда 111 500 сўм, бир йил ичида такрор содир этилса 223 минг сўм ва 3-марта содир этилса 669 минг сўм жарима солинади.
Агар 1 йил ичида 3 мартадан кўп содир этилса 892 минг сўм жарима ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 6 ой муддатга маҳрум этишга сабаб бўлиши мумкин.
Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари янги тартибни эски автомобилларга татбиқ этмасликни сўраб ҳукуматга мурожаат қилган.
Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев шундай деган:
"Айни вақтда жамоатчилик, хусусан ҳайдовчилар томонидан ушбу тартибнинг 1 январдан кучга кириши кундузги чироқлари автоматик равишда ёнмайдиган янги автомобилга эга бўлмаган фуқароларда жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкинлиги боис, уни бекор қилиш масаласида яна мурожаатлар бўлмоқда.
Ўз ўрнида жойларда ўтказилаётган учрашувлардаги таклифлар ва мутахассисларнинг фикрлари шунингдек, мамлакатимизнинг иқлим шароити, аҳолининг турмуш даражаси, экологик вазият ва имкониятларни инобатга олиб бир гуруҳ депутатлар билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига ҳамда Ички ишлар вазирлигига ушбу тартибни бекор қилиш ҳақида яна сўров хати киритдик.
Сўров хатида куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги бўйича талабни автоматик ёниб турувчи кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозланмаган автомототранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этмасликни сўрадик.
Умид қиламизки, ҳукумат ва соҳа вакиллари фуқароларимиз мурожаатлари ва фикрлари асосидаги ушбу сўровимизни эътиборсиз қолдирмай унинг ечими бўйича адолатли қарор қабул қилишади".
Ички ишлар вазирлигидан рухсат
Ички ишлар вазирлигини сўнгги йилларда оддий ўзбекистонликларнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлиб келаётган яна бир масалага расман ойдинлик киритди.
Вазирлик матбуот хизмати раҳбари ИИВ ходимларини ишига халақит бермаган ҳолда уларни хоҳлаган жойда тасвирга олиш мумкинлигини айтди.
Кеча, 15 декабр куни АОКАда Ички ишлар вазирлиги масъуллари иштирокида "Жамиятда коррупцияга қарши курашиш, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган ишлар" мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтган.
Шоҳруҳ Ғиёсов худди шу анжуман чоғида бу ҳақда маълум қилган.
"Биз ички ишлар органлари давлат хизматчисимиз. Давлат хизматчисини хоҳлаган одам, хоҳлаган вақтда тасвирга олиши мумкин ва хоҳлаган платформага ушбу видеони қўйиши мумкин. Бу ҳеч қаерда тақиқланмаган. Лекин ички ишлар органлари, йўл патруль ва пост патруль хизматлари ходимлари ишига халақит бермаган ҳолда хоҳлаган жойда, хоҳлаганча тасвирга олиш мумкин", - деб айтган.
Орада айрим ўзбекистонликларнинг ҳуқуқ-тартибот ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларини видеога олгани учун босим остида қолиб, Бош вазир вирутал қабулхонасига шикоят йўллашгани, мазкур масалага қонунан ойдинлик киритиш ниятида бўлганликларига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek