You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Янги Ренессанс: Ўзбекистон ўз маданиятини дунёга кўз-кўз қилишда давом этмоқда - дунё, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar
Янги Ренессанс: Ўзбекистон ўз маданиятини дунёга кўз-кўз қилишда давом этмоқда - президент Мирзиёев Ўзбекистонда «учинчи Ренессансга пойдевор қўйилаётгани»ни маълум қилишидан тўрт ойча ўтиб, пойтахт Тошкентда aсосий урғу худди шу мавзуга қаратилган ҳафталик бошланмоқда.
15 декабрь куни пойтахт Тошкентда Ўзбекистон маданий мерос ҳафталиги иш бошлади. Ҳафталик орқали мамлакат ўзининг тарихий маданий мероси жаҳон тамаддунига қандай ҳисса қўшганини намоён этишни мақсад қилган.
18 декабрга қадар давом этиши режалаштирилган ҳафталик «Ўзбекистон маданий бойлиги - янги Ренессанс пойдевори» IV Халқаро конгрессининг очилиш маросими билан бошланди.
Конгрессда Би-би-си мухбири ҳам иштирок этди.
Маълум қилинишича, халқаро тадбирда Ўзбекистон маданий мероси қиймати тўғрисида 300 дан зиёд хорижлик олимларнинг маъруза ўқиши кутилмоқда.
Асосий урғу «Янги Ренессанс» мавзусига қаратилган ҳафталик президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда «учинчи Ренессансга пойдевор қўйилаётгани»ни маълум қилгандан деярли тўрт ой ўтиб ташкил этилмоқда.
Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг Би-би-сига айтишича, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, қайта тиклаш ва тарғиб қилишда чет эллик олимларнинг фикрлари ҳамда тавсияларига қулоқ тутиш муҳимдир.
Учинчи Ренессансга тайёрланиб
Тадбир Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон Жамияти томонидан ташкил этилган.
Конгресснинг очилиш маросимида нутқ сўзлаган Жамият асосчиси ва илмий раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов маданий меросни ўрганиш «11-12 ва 15-асрда икки ренессансни бошдан кечириб, янги уйғониш даврига қадам қўяётган» Ўзбекистон учун муҳим экани борасида гапирди.
Бу вақтга қадар президент Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг «янги Уйғониш даври - учинчи Ренессанс»га қадам қўяётганини бир неча бор таъкидлаган эди.
Очилиш маросимида сўзга чиққан Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев эса ўта қисқа вақт ичида «дунё сиёсий харитасида Янги Ўзбекистон вужудга келгани»ни маълум қилди.
Унинг сўзлашича, мамлакатнинг биринчи ҳукумати иложи борича ўзгаришлар, чинакам ислоҳотлардан воз кечиб келган.
"Аввал совет тоталитар тузумининг сақланиб қолган охирги оролчаларидан бири сифатида таърифланган, инсоният тараққиётининг шоҳ кўчаларидан четда қолиб, иложи борича ўзгаришлар, чинакам ислоҳотлардан воз кечиб, ярим чораларни ўзининг ривожланиш модули сифатида танлаган давлат бирданига дунёда ислоҳотларнинг лидерига айланди", таъкидлади Сафоев.
Мулозим, эндиликда, ўтмишдаги ренессансларга назар ташлаб, улардан сабоқ олиб, янги уйғониш даврига тайёргарлик кўриш вақти келганини билдирди.
«Муаммоларимиз кўп, аммо…»
Ҳафталик бошланиши арафасида Ўзбекистондаги бир неча маданий обидаларга доир хавотирли хабарлар юзага чиққан.
Декабрь ойининг биринчи ўн кунлигида Хивадаги тарихий Тош ҳовли саройининг девори бузиб ташлангани борасида хабарлар тарқалган.
Бир вақтнинг ўзида таниқли археолог, тарихчи олим Эдвард Ртвеладзе маҳаллий нашрларга Марказий Осиёда антик даврнинг энг қадимий ёдгорликларидан бири бўлмиш Сурхондарёдаги Кампиртепа қалъаси девори атайин бузиб ташланганини маълум қилган.
Кампиртепа иши бўйича Бош прокуратура текширув ўтказишни режалаштираётгани хабар қилинган.
Пойтахтни тамсил этувчи тимсоллардан бирига айланган курантларнинг қизил ленталар билан байрамона безатилиши эса яна қизғин баҳсларга сабаб бўлган.
Маданият вазирлиги безакларни олиб ташлаш талаби билан чиққан.
Мамлакатдаги тарихий обидалар муҳофазаси билан боғлиқ бундай ташвишли хабарлар фонида ҳафталик очилиш маросимида Би-би-си билан суҳбатлашган Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бу борада ҳали муаммолар кўплигини айтади.
«Хабарингиз бор, дунёни ҳайратда қолдирган бир неча тарихий обидаларимиз муаммоларга дуч келди. Албатта бунга жуда жиддий қарашамиз керак».
«Айнан шундай тадбирларда биз халқаро экспертлар, олимлардан тарихий обидаларимизни ҳимоя қилиш йўлида қайси ёндашувларни танлашимиз кераклиги борасида зарурий тавсияларни олиш имконига эга бўламиз», дейди Абдуҳакимов.
Маданий мерос ва пандемия
Шунингдек, маданий мерос ҳафталиги давомида турли даврларга оид бўлган ва дунёнинг турли мамлакатлари тўпламларида ҳамда шахсий коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистон санъат асарларининг ранг-баранг палитрасини ўзида акс эттирувчи 35 та ноёб китоб-альбом тақдим этилиши режалаштирилган.
Бироқ бундай кенг кўламдаги халқаро глобал коронавирус пандемияси ҳали давом этаётган бир пайтда ўтказилмоқда.
Азиз Абдуҳакимовнинг Би-би-сига сўзлашича, мазкур ҳафталик Ўзбекистон учун муҳим эканидан, уни пандемия шароитида ҳам ўтказишга қарор қилинган.
«Бу тадбир, нафақат, бизнинг маданий меросимизга бағишланган, балки, керак бўлса, сайёҳларни Ўзбекистонга жалб қилишда бизга катта ёрдам беради».
«Ҳозир Янги йил арафасида оммавий тадбирлар ўтказиш чекланмоқда, аммо бу ҳафталикни ўтказиш олдиндан белгиланган эди. Шу сабабдан ҳам барча хавфсизлик чораларига амал қилган ҳолда, тадбирни ўтказишга қарор қилдик», сўзлайди мулозим.
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштиришга бағишланган бу шаклдаги илк халқаро тадбир 2017 йил май ойида Тошкент ва Самарқандда бўлиб ўтган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek