Ўзбекистон: Тадбиркорлар энди давлат бошқарувида иштирок этади — янгиликлар, дунё, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Ўзбекистон: Тадбиркорлар энди давлат бошқарувида иштирок этади — давлат бошқаруви соҳасига хусусий сектор жалб қилинади. UzAutoMotors ва монополликка иштиёқ. Иккинчи тўлқиндан қочиб бўлмайдими? bbcuzbek.com дайжести.

Давлат бошқаруви соҳасига хусусий сектор жалб қилинади

Бу борада 7 декабрь куни"Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент қарори қабул қилинган.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 мартдан тадбиркорларга автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситалари ўрнатилишини ташкил этиш ҳуқуқи берилади.

Кузатув воситалари ўрнатиладиган жойлар тадбиркорларга электрон аукцион савдолари орқали бириктирилади.

2021-2022 йилларда республика бўйича жами 3,356 та интеллектуал видеокамералар ҳамда 763 та стационар радарлар ўрнатилади.

Бундан ташқари тадбиркорлар 2021 йил 1 апрелдан барча тоифадаги автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонлар ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шунингдек, 2021 йил 1 мартдан тадбиркорлар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан айрим турдаги давлат хизматлари кўрсатилишида агент сифатида ҳам иштирок этиши мумкин.

2021 йил 1 апрелдан хусусий сектор, хусусан, кадастр тизимига ҳам жалб этилмоқда.

Қарор билан 2021 йил 1 июндан давлат органлари ва ташкилотларининг ички маъмурий-хўжалик фаолиятини таъминлаш ва сақлаш бўйича функцияларини бажариш хусусий секторга ўтказилмоқда.

"Иккинчи тўлқиндан қочиб бўлмайди"

Ўзбекистон COVID-19нинг иккинчи тўлқинига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Бу ҳақида соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Маниш Прабхат билан учрашув давомида маълум қилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, 7 декабрь куни ўтган учрашув чоғида томонлар икки томонлама ўзаро ҳамкорлик ҳамда коронавирус инфекциясига қарши чора-тадбирлар хусусида мулоқот қилган.

"Таъкидлаш жоизки, элчи Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади, шу сабабли касаллик тарқалиши ҳозирги вақтда сезиларли даражада камайганини эътироф этди", дейилади расмий хабарда.

Бироқ хабарда вазир Хаджибаев ҳозирда вазиятнинг барқарорлиги хотиржамликка берилиш учун асос бўла олмаслигини таъкидлагани ҳақида сўз боради.

"Кўпгина бошқа мамлакатлар тажрибасига кўра, COVID-19'нинг иккинчи тўлқинидан қочиб бўлмайди деган тушунча мавжуд. Бунинг учун мамлакатда унга тайёргарлик кўриш бўйича ишлар олиб борилмоқда", дейилади вазирлик хабарида.

UzAutoMotors ва монополликка иштиёқ

Smartgov Consulting ширкати ижрочи директори ва жамоатчи фаол Азиза Умарова ўзининг Facebook саҳифасида автомобилсозлик саноати бошқа кўплаб монополистларни бозорни эгаллаб олиб, эркин рақобат муҳити юзага келишига йўл қўймасликка "илҳомлантираётгани" ҳақида ёзган.

"Кеча тармоқли дўкондан маиший техника изладим. Танладим, саволлар билан қийнадим, солиштирдим. Сотувчи миллий брендга тегишли барча майда маиший техника Хитойдан тўғридан тўғри импорт қилинишини очиқ тан олди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатимизда майда маиший техника умуман ишлаб чиқарилмайди, фақат йирик техника, унинг ҳам бўлса, қисмлари. Бу аввал ҳам муҳокама қилинган. Ўзи инсоф берсин. Бироқ нега майдаси ҳам дохил импорт қилинувчи барча майда маиший техникага бож ва акцизлар жорий этилган?" савол берган у.

Умарова автомобилсозлик саноатининг "ақл бовар қилмас муваффақияти"дан кўплар "илҳом олаётгани"ни тахмин қилган.

"Яъни бозорни ўзининг импорт қилинадиган товарлари фойдасига ёпиб қўйишга имкон берувчи қарорларни шунчаки лобби қилиш. Бунинг ортидан бож тўловлари ва акцизлар туфайли рақобатчилар [товарлари] автоматик тарзда 20-30-50-100 фоизга қиммат бўлишига эришиш", ёзган у.

Умарова бундай амаллар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ёки иш жойларини яратиш борасидаги баландпарвоз сўзлар асосида олиб борилишини таъкидлаган.

"2016 йил сентябрида иқтисодиётда жиддий илгари силжиш юз берди. Ҳа, бизнеснинг фаолияти енгиллашди, аммо бозордаги рақобат билан боғлиқ вазият абгор аҳволда. Афтидан, маҳаллий истеъмол бозорини ёпиб қўйиб, имкон қадар "тошдан текин даромадни сиқиб олиш"га бўлган иштиёқ ҳеч қачон ўлмайдиган кўринади".

Фаолнинг сўзларига кўра, бундай ҳолатга барҳам беришнинг ягона йўли бозорда тенг рақобат муҳитини яратиш ва бож тўловлари ҳамда акцизларни доимий ошириш лоббиси амалга ошириладиган барча давлат бирлашмаларини тугатишдир.

Тобутда қайтган мигрантлар

2020 йилнинг январь—ноябрь ойларида хориждан 211 нафар мигрантнинг жасади давлат ҳисобидан олиб келинган.

Бу ҳақида бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқовнинг сўзларига таянган ҳолда Daryo.uz нашри хабар бермоқда.

Нашрнинг ёзишича, 4 декабрь куни ўтган матбуот анжуманида хорижга норасмий равишда чиқиб кетиб, қийин ва хавфли шароитларда қолган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари масаласи муҳокама қилинган.

Анжуман давомида Умрзоқов ҳукуматнинг меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш масаласига эътибор бераётгани ҳақида сўзлаб, 2020 йилнинг 11 ойи давомида чет элдан 211 инсоннинг жасади давлат ҳисобидан олиб келиниб, дафн маросимлари ташкил этилгани ва уларнинг оилаларига моддий ёрдам берилганини маълум қилган.

Заправкалар газдан узилади

Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз табиий газ билан таъминлаш мақсадида автомобилларга газ қуйиш шаҳобчалари соат 17.00 дан 05.00 га қадар тармоқдан узиб қўйилади.

Бу ҳақида энергетика вазири ўринбосари Беҳзот Нарматов Zoʻr TV'га берган интервьюсида маълум қилган.

"Кўп марта айтганмиз - биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий объектларга газни бир маромда етказиб беришни таъминлашимиз керак. Тизимдан интенсив равишда газ олувчи истеъмолчиларни биринчи навбатда ўчиришга мажбурмиз".

"Автомобилларга газ қуйиш шаҳобчаларига [газ таъминотини] 17.00 дан эрталабки 05.00 га қадар қисқартириш режалаштирилган. Бу орқали аҳолига газ етиб боришини таъминлашимиз зарур", деган вазир ўринбосари.

Совуқ мавсум бошланар экан, мамлакат бўйлаб энергетика тақчиллиги кузатила бошланган.

Аҳолини электр ва табиий газ билан таъминлашдаги муаммолардан ташқари заправкаларда ҳам узундан узоқ навбатлар юзага келган.

7 декабрь куни ижтимоий тармоқда, ҳатто, пойтахт Тошкентдаги автомобилларга газ қуйиш шаҳобчалари куннинг маълум қисмида тармоқдан узиб қўйилиши режаланаётгани ҳақида хабар тарқалган.

"Ҳудудгазтаъминот" матбуот хизмати ушбу маълумотни тасдиқлаб, мазкур қарор аҳоли ва ижтимоий объектларни газ билан тўлақонли таъминлаш йўлида олинганини маълум қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek