You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ҳиндистон Бош вазири энди Тож Маҳални асрамоқчими? - dunyo, Hindiston, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar
Ҳиндистон Бош вазири Тож Маҳални асрамоқчими? - Нарендра Моди Тож Маҳал ва қадим Аградаги бошқа тарихий обидалар тақдири билан боғлиқ $1.1 миллиард долларлик лойиҳани тақдим этди. Ҳиндистон Бош вазири нима қилмоқчи?
Хабарларга кўра, янги лойиҳадан мақсад - бу қадимий ва ноёб меъморчилик намуналарини ифлосланишдан асрашдир.
Аграда Бобурийлар сулоласи ҳукмронлиги давридан қолган тарихий обидалар сони эса, озмунча эмас.
Аммо, айниқса, жаҳон меъморчилиги дурдоналаридан бири сифатида эътироф этилувчи Тож Маҳалнинг аҳволи ва тақдири сўнгги йилларда жиддий хавотирларга сабаб бўлиб келади.
Лойиҳа Агра шимолида янги темир йўл тармоғини барпо этишни назарда тутади.
Тармоқ Тож Маҳал ва Аградаги бошқа тарихий сатҳларни темир йўл ва автобус бекатлари билан боғлайди.
Янги лойиҳа Ҳиндистонга бир миллиард доллардан ортиқроққа тушиши мумкин ва беш йилнинг ичида амалга оширилиши режаланган.
Тож Маҳал дунёнинг энг машҳур туристик манзилларидан бири бўлади.
Уни кўриш учун кунига 70000 киши мақбарага келади.
Янги лойиҳа глобал коронавирус пандемияси боис, Twitter орқали виртуал тақдим этилган.
Бош вазир Нарендра Модининг айтишича, бу лойиҳа доирасида камбағаллар учун 10 миллион турар-жой ҳам қурилади.
Моди ҳукуматининг мамлакат темир йўлларини замонавийлаштириш учун қилаётган ишларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.
2018 йилда Ҳиндистон Олий маҳкамаси ҳукуматни Тож Маҳални асрай олмаётганликда танқид қилган.
Ўша йил май ойида Тож Маҳалнинг рангини аслидек сақлаб қолиш учун ҳукуматга четдан ёрдам сўрашни ҳам буюрганди.
Ҳиндистон Олий маҳкамаси оқ мармар ва қимматбаҳо тошлардан барпо этилган масжид-мақбара ранги ўзгариб бормоқда, деган тўхтамга келган.
Тошларининг сарғайиб, кўкимтир ва қўнғир тус олиб бораётганига атроф-муҳитнинг ифлосланиши, қурилиш ишлари ва ҳашаротларнинг ахлати сабаб бўлаётганини айтганди.
Доимий тозалаш ишлари эса, обиданинг тошлардан ўйиб ишланган нафис безакларига таъсир қилмай қолмаган.
Тож Маҳал 17-асрда Бобурий ҳукмдорларидан бири бўлган Шоҳ Жаҳон томонидан суюкли рафиқаси Мумтоз Маҳал ўлими ортидан, унинг хотирасига атаб қурилган.
Бутун жаҳонга машҳур обида дунёнинг етти мўъжизасидан бири сифатида ҳам эътироф этилади.
Бобурийлар даври меъморчилигининг "шоҳ обидалари"дан бири бўлган Тож Маҳал Уттар Прадеш штатининг Агра шаҳрида жойлашган.
Оппоқ мармардан барпо этилиб, қимматбаҳо тошлардан сайқал берилган мўъжизакор иморат Жамна дарёси бўйида барпо этилган.
Обида баъзан "ёноқдан оқаётган кўз ёши"га ҳам қиёс қилинади.
Тарихий манбаларда Тож Маҳални тиклаш учун чорак асрча ортиқ вақт сарфлангани ва қурилиш ишларида ўн минглаб одамлар банд бўлишгани ёзилади.
Муҳаббат мақбараси ҳисобланган Тож Маҳал ЮНЕСКОнинг Жаҳон Маданий мероси рўйхатидан жой олган обида саналади.
Охирги юз йилда Тож Маҳал тўқнаш келаётган хавф-хатарлар эса, биргина зараркунандалар билан чекланмаган.
Қадимий обида ифлосланишдан тортиб, "виждонсизларча қурилган" крематория ва бомба таҳдиди билан ҳам рўбарў келган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek