Коронавирус аёлларни нимага мажбурлади? - Ўзбекистон ва дунё, коронавирус, koronavirus, Covid-19, O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

- Author, Cандрин Лунгумбу, Амелия Баттерли
- Role, Би-би-сининг "100 аёл" лойиҳаси туркумидан
Ўзбекистон ва дунё: Коронавирус аёлларни нимага мажбурлади? - Уларнинг аҳволидан ҳатто Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хавотирда. Аёлларга нима бўлди?
Коронавирус пандемияси 25 йил давомида олиб борилган гендер тенглиги учун кураш самарасини барбод қилди, дейилади БМТнинг дунёдаги вазият бўйича янги ҳисоботида. Ковид-19 туфайли аёллар сезиларли даражада кўпроқ уй ишларини бажаришлари керак, улар карьера қилиш ва таълим олиш имкониятларидан маҳрум бўлиб, ҳаётларида жисмоний ва руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлмоқда.
"Ўтган 25 йил ичида эришганларимиз атиги бир йил ичида йўқ бўлиб кетиши мумкин, - дейди БМТнинг аёллар бўйича директори ўринбосари Анита Бҳатия. - 1950 йилларнинг жинсий стереотипларига қайтиш хавфи мавжуд."
Ушбу материал Би-би-сининг 100 та аёл лойиҳаси доирасида тайёрланган. Бу ҳақда кўпроқ маълумотни мақола охирида ўқишингиз мумкин.
БМТ маълумотига кўра, коронавирус пандемиясидан олдин ҳам дунёнинг барча мамлакатларида ҳақ тўланмайдиган ишлар кунига 16 миллиард соат бўлган, улар орасида уй ишлари ҳам бор. Ушбу ишларнинг тўртдан уч қисмини доим аёллар бажарган, яъни эркаклар бажарган ҳар бир соатлик иш ҳақи учун учта "аёл" соати тўғри келади. Аммо Ковид-19 туфайли аёлларга юк янада ортди.
"Агар пандемия олдидан бу нисбат 3:1 бўлган бўлса, энди ишонаманки, бу фарқ камида икки бараварга ошди", дейди Анита Бҳатиа.
38 та сўровноманинг аксарияти "БМТ аёллар" томонидан кам ва ўрта даромадли мамлакатларда ўтказилган бўлса-да, ривожланган мамлакатлар маълумотлари ҳам худди шундай манзарани кўрсатмоқда.
"Энг даҳшатли нарса шундаки, кўплаб аёллар карантиндан кейин ишлашга қайтмайди, - дейди Анита Бҳатиа. - Фақат шу йилнинг сентябрь ойида 865 минг аёл ва 200 минг эркак АҚШда иш излашни тўхтатди ва бу фарқ асосан шундай изоҳланади: аёлларнинг ўз фарзандлари ва уйлари билан боғлиқ ишларида уларга ҳеч ким ёрдам бермайди."
Ишловчи аёллар сонининг пасайиши уларнинг моддий фаровонлиги, ривожланиши ва иқтисодий мустақиллиги учун оғир оқибатларга олиб келади, дея огоҳлантиради "БМТ аёллар".
Би-би-сининг "100 аёл" лойиҳаси учта аёл билан пандемия уларнинг ҳаёти ва ишига қандай таъсир қилгани ҳақида суҳбатлашди. Биз барча суҳбатдошларимиздан ҳар куни қилган ишларини соатма-соат ёзиб, бир мунча вақт кундалик юритишни илтимос қилдик.
"Мен руҳий бардошим чегарасига келган эдим"

Сурат манбаси, TENI WADA
Пандемиядан аввал Японияда аёллар уй ишларига эркакларга нисбатан ўртача беш баробар кўпроқ вақт сарфларди, бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири.
Тени Вада Токиода яшайди. У бренд бўйича консультант ва карантиндан олдин болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ҳам ишларди.
"Вақт тонгги соат беш, мен ҳали ҳам саке ҳақидаги мақоламни ёзиб тугатишга ҳаракат қиляпман. Менда ҳали бир неча кун бор, лекин таваккал қилмаган яхши. Онамнинг ҳаётини олдиндан айтиб бўлмайди ва мен бу олдиндан айтиб бўлмайдиганлар сабабли маошсиз қолишни истамайман", деб ёзган у кундалигида.
Тени учун вақт - хазина. Вақт бола, иш, ошхона ва кир ювиш ўртасида тақсимланиши керак. Тени ва унинг эри уйда ишлайди, аммо уларнинг кунлари бир-бирига ўхшамайди.
"Эрим соат 09:30да иш бошлайди ва кечқурун соат олти ярим орасида тугатади. Аммо у бемалол хонага кириб кетиши, диққатини жамлаши мумкин, мен бундай қилолмайман, бу умуман адолатдан эмас", дейди у.
Тенининг айтишича, у уй ишларининг қарийб 80 фоизини, шу жумладан, уч ёшли қизи билан тарбия ишларини олиб боради.
"Дастлабки икки-уч ой даҳшатли эди, ҳар бир кун сўнгида мен руҳий бардошим чегарасига келиб қолардим. Баъзида қизим йиғлаб қолса, мен ҳам унинг ёнига ўтириб йиғлардим", деб эслайди Тени.
"Биз хавотирли тенденцияларни, жумладан, юқори даражадаги стресс ва руҳий саломатлик муаммоларини кўряпмиз, айниқса, аёлларда. Бу қисман иш ҳажми ошиши билан боғлиқ", дейди БМТнинг аёллар бўйича бош статистиги Папа Сек.
"Мен ҳаммасини ўзим бажарардим"

Сурат манбаси, ESPERANZA BOLIVIA
Делина Веласкес Боливиянинг жанубий қисмидаги Серкадо вилоятидан бўлган фермер.
Унинг куни одатда тонгги соат 5 да бошланади, иссиқхона ва уй ишлари ўртасида бўлинади. У икки ойда бир бозорда сабзавот сотиш учун яқиндаги Тариху шаҳрига боради. "Далада ишлаш жуда чарчатади, уй атрофида ҳам ишлар бор, лекин ҳозир қизим менга ёрдам беряпти, у менинг ўнг қўлим. У уйда, далада ва иссиқхонада ёрдам беради", дейди Делина.
Анъанавий гендер меъёрларига кўра, эркаклар пул топади, аёллар эса уй бекаси.
"Болалар уй шароитида ёрдам беришлари кераклиги тўғрисида гап кетса, ота-оналар буни қизларидан кўпроқ кутмоқда", дейди Папа Сек.
Аммо Делина карантин пайтида оиласи билан кўпроқ вақт ўтказганидан хурсанд. "Илгари мен ҳамма нарсани ўзим қилардим: уруғларни сотиб олар, сақлар, экар, суғорар, ҳатто тозалаб пиширар эдим", дейди у. "Энди мактабда дарслар йўқ, қизим пишириш ва ювиш ишларида ёрдам беради, кенжа ўғлим иссиқхонада, эрим ҳам кўпроқ вақт уйда ва имкон қадар ёрдам беради. Мен ўзимни яхши ҳис қиляпман."
"Мен жуда омадлиман"

Сурат манбаси, IJEOMA KOLA
Асли нигериялик америкалик бўлган Льома Кола Кения пойтахти Найробида яшайди.
Унинг айтишича, у янги туғилган чақалоқни тарбиялаш ва ишлашни уддалаяпти, чунки эри унга ёрдам беришга тайёр ва улар уй хизматчиси ёллашга қурблари етади. "Бундай имконият ҳамма аёлларда ҳам мавжуд эмас. Аммо мен барибир ҳар куни соат 6-7 да тураман, чунки ўғлимга қарашим керак", дейди у.
Льоманинг айтишича, жамият шундай тартибга солинганки, оддий аёл ҳаётдан ҳамма нарсани олишга имкони йўқ. "Аёллар фарзанд кўриши ва ишлаши мумкин, лекин бир вақтнинг ўзида эмас ва катта қурбонликлар билан. Менга ўхшаганлар кўп эмас. Мен жуда бахтлиман деб ўйлайман", дейди у.
Уйда ёрдам бериш учун кимнидир ёллай олишлари Льома ва унинг эри учун карантин шароитида ҳаётни осонлаштирди.
"Мен бир ойга яқин ёлғиз эдим, ўзимни мутлақо бахтсиз ҳис қилардим, - дейди у. - Ишим жуда кўп эди, ҳеч нарсани профессионал равишда қила олмасдим, чунки мен уйда ўралашиб қолгандим".
Эри болалар тарбиясида фаол бўлса-да, тозалаш, идиш ювиш ва кир ювиш билан шуғулланса ҳам, Льома уй учун асосий масъулият ўзининг зиммасида эканлигини ҳис қилади. "Хаёлим эрим ўйламайдиган нарсалар билан, масалан, қандай сабзавот сотиб олиш кераклиги, ўғлимнинг биринчи туғилган кунини қандай нишонлаш, дам олиш кунлари оилавий суратга тушиш ва "Zoom"да дўстлар билан учрашувни қачон белгилаш кераклигини ҳам ўйлайман", дейди у.
Шифокорга бориш, тушлик менюси ва уйни таъмирлаш каби кўп нарсаларни ёдда тутиш аёлларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига таъсир қилиши мумкин.
Ҳақ тўланмайдиган ва етарли қадрланмайдиган иш
Аёлларнинг оила ва иқтисодиётни қўллаб-қувватловчи ва хизматлардаги бўшлиқларни тўлдирадиган уй ишлари камдан-кам ҳолларда расман иш деб тан олинади. "У доим кам баҳоланган ва унга эътиборга лойиқ бўлмаган нарса сифатида қаралган, чунки у пул келтирмайди-да", деб таъкидлайди Анита Бҳатиа.
"Пандемия маош тўланмайдиган уй иши глобал хавфсизлик ёстиқчаси эканлигини кўрсатди. Бу бошқаларга даромад олиш имкониятини беради, лекин, айни пайтда, юкни кўтарганларнинг ўсиши ва карьера имкониятларини йўққа чиқаради", дейди у.
Натижада, аёллар аслида эркаклардан кўпроқ ишлашга ёки пуллик ишларга кам вақт ажратишга ва молиявий мустақилликни йўқотишга мажбур бўлмоқда.
"Агар ҳукуматлар ва компаниялар ҳеч нарса қилмаса, ушбу муаммонинг жиддийлиги ва унинг салбий таъсирини инобатга олмаслик мумкин эмас", дейди Анита Бҳатиа.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таклиф қилган чора-тадбирлар орасида аёллар учун қўшимча пуллик таътил бериш ва болалар боғчалари тармоғини кенгайтириш ҳам бор.
"Бу нафақат ҳуқуқ, балки иқтисодий яшовчанлик масаласи ҳамдир. Иқтисодиёт аёлларни максимал даражада жалб қилишдан фойда кўради", дейди Анита Бҳатиа.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













