Адвокат: Қамоқдаги блогер Тўлқин Астанов очлик тутди, соғлиги ёмон - Ўзбекистон, video, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Яқинларидан яширин тарзда ўтгани айтилаётган судда 5 йилга қамалган блогер Тўлқин Астанов 3 кундан бери очлик тутаётгани маълум бўлди. Адвокатининг Би-би-сига айтишича, Астанов руҳан чўкиб қолган ва соғлиги ёмонлашган. Унга кўра, ҳалича ҳимояси остидаги шахсни шифокор келиб назорат қилмаган.

Арслон Шаймардоновнинг блогер сўзларига таяниб айтишича, у қонунларга зид равишда қамоққа ҳукм қилинган. Ички ишлар вазирлиги Астанов шартли қамоқ шартларини бузганини айтмоқда.

49 ёшли Астановга 27 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Блогер билан Тошкент шаҳридаги 1-сонли тергов ҳибсхонасида учрашган адвокат Арслон Шаймардонов Би-би-сига унинг суд қарори ва қамоқда ушлаб туришларидан норози бўлиб, 3 кундан бери очлик тутаётганини билдирди.

«Очлик эълон қилганлар, 27 ноябрдан бери ҳеч нарса еганим йўқ, дедилар. Тасаввур қилинг, совуқ кунда одам уч кун овқат емаса қанақа бўлади. Уже унча-мунча нарсага ақлим етмаяпти, деб гапларидан ҳам адашиб кетяпти. Соғлиги ёмонлашган. Одам озиқланмаса, мия ҳам озиқланмайди. Мия озиқланмагандан кейин одамнинг хаёли жойида бўлмайди. Кўз ўйнайди, фикр жамлаш қийин бўлади. Худди шу ҳолатга тушган, кўп нарсани эслолмаяптилар. Руҳан чўкиб қолганлар. Лекин Тоштурмада менга жуда ҳам яхши муомала қилишяпти, олиб қўйган китобларимни ҳам қайтариб беришмоқчи, дедилар. »

Адвокат ҳалича ҳимояси остидаги шахсни шифокор келиб текширмаганини айтди.

Чақирув

Сўнгги вақтларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланаётган блогер Тўлқин Астанов 27 ноябрь куни эрталаб Учтепа Ички Ишлар Органи пробация гуруҳи инспектори капитан Акром Йўлдошев томонидан чақирилган.

Яқинлари 9:40 да Йўлдошевнинг олдига борган Астанов дараксиз кетганлигини айтишди.

Улар Тўлқин Астановнинг 5 йилга қамалганидан якшанба куни хабар топишган.

Адвокат Арслон Шаймардоновнинг ҳибсхонада ўтирган Астанов гапларига таяниб айтишича, Жиноят ишлари бўйича Учтепа суди Олий суднинг қарори билан 2 йилга шартли равишда қамалган Тўлқин Астановни Тошкент шаҳридан чиқиб, қамоқ шартларини бузганликда, айбдор деб топган ва унга 2019 октябрь ойида берилган 5 йиллик жазони қайтариб қамоққа олиш бўйича ҳукм чиқарган.

Адвокат суд 27 ноябрь куни соат 18:00дан 21:00гача уч соат давом этгани айтди.

«Суд залида давлат адвокатидан воз кечган. Менга қонунан ҳимоя қиладиган ўзимнинг адвокатим келсин, деган. Уни инкор этишган. Суд залида давлат адвокатидан воз кечган. Барибир ўша адвокат қатнашган, аёл киши экан. Ҳамма протоколларга қўл қўйиб чиқиб кетибди», дейди Арслон Шаймардонов.

Адвокат Шаймардоновнинг айтишича, Тўлқин Астановга нисбатан Тошкент шаҳридан чиқмаслик шартининг қўйилиши қонунларга зид.

«Условно (шартли) қамоқ дегани чет элга чиқмаса, қайта жиноят қилмаса ҳамма нарса мумкин дегани. Бир марта жамоатчи сифатида бировни ҳимоя қилиб, Фарғонанинг Бувайда туманига борган экан, ўшани баҳона қилишган. Кейин Чинозда судда қатнашган. Мумкин эмас, сен бормаслигинг керак эди, ҳимоя қилмаслигинг керак эди, дейишган. Бу нарсанинг ўзи ноқонуний», дейди адвокат.

Арслон Шаймардонов ҳали суд ажримини қўлига олмагани, бераётган хулосаларини Тўлқин Астанов берган кўрсатмалар асосида айтаётганини билдирди.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати 2 йиллик синов муддати давомида Тўлқин Астанов суд томонидан юкланган Тошкент шахри ҳудудини тарк этмаслик мажбуриятини бузганини айтди.

Тошкент шаҳар ИИББ Тўлқин Астановнинг ҳуқуқбонлик фаолиятини қонун посбонларига нисбатан бўҳтон сифатида талқин қилган.

«Уларга ўзини "давлат идораларидан азият чеккан шахслар ҳимоячиси" сифатида таништириб, уларни қонун посбонларига нисбатан бўҳтон ва нохолис маълумотлар беришга кўндириб, ушбу материалларни Интернет тармоғига жойлаштириб келган», дейилади хабарда.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохрух Ғиёсов Би-би-сига шартли қамоқ жазосини ўтаётган шахсга нисбатан аниқ талаб қўйилишини айтиб, адвокат Арслон Шаймардоновнинг гапларини инкор қилди.

«Шартли қамоқ жазосини ўтаётган шахс учун аниқ талаблар қўйилади, ушбу талабларга риоя этмаслик тегишли жавобгарликни келтириб чиқаради. Қонунларга риоя қилиш керак, холос. Қонунчилик бузилган бўлса, уларга нисбатан чора кўрилади. Барча тартиб шаффоф белгиланган», дейди Шохрух Ғиёсов.

Яқинлари Астановнинг қамоққа олиниш асл сабаби унинг ҳуқуқбонлик фаолияти билан боғлиқлигини айтди.

«Ҳамма билиб турибди. У киши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғуллангани учун қамашди. Биз шундай деб ўйлаймиз», дейди блогернинг яқинларидан бири.

Тўлқин Астанов сўнгги вақтларда ҳуқуқлари топталганини айтаётган фуқароларнинг жамоатчи вакили сифатида ҳимоя қилиб келаётганди.

Қамалишидан олдин у Би-би-сига ўзига мурожаат қилган 20 фуқарога ҳуқуқий жиҳатдан кўмак бераётганини айтганди.

Блогер томонидан олинган видеолар шов-шувларга сабаб бўлаётганди.

Тўлқин Астанов 2019 йил октябрь ойида Жиноят кодекси 244−1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилганди.

Унга Жиноят Kодексининг 244−1-моддаси 3-қисми «г» банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Жиноят Kодексининг 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) тартибида, тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли деб ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланган.

Адвокати Арслон Шаймардонвонинг Тўлқин Астановга таяниб айтишича, кейинчалик Олий суд ушбу жазони 2 йиллик шартли қамоққа ўзгартирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek