Ўзбекистонда ис газидан ҳали яна одамлар ўлиши эҳтимоли каттами? O‘zbekiston yangiliklar

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Бу йил совуқ бошланиши билан Ўзбекистонда миллионлаб одамлар газ ва электр тақчиллигига юз тутиб, зулмат ва совуқда яшашга мажбур бўлишмоқда.

Айни пайтда, жорий мавсумнинг нафақат муаммоси, балки фожиаси ҳақида хабар тарқалди.

Маҳаллий нашрлар Сирдарёда бир оиладан тўрт инсон - она ва унинг ёш болалари ис газидан нобуд бўлишгани ҳақида ёздилар.

Ҳаёт-мамот масаласи

Сўнгги фожиа ҳақидаги хабар юзасидан Ўзбекистон расмийлари текширув бошлашганини айтишди.

"Мазкур ҳолат юзасидан Ховос тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда" - деб ёзди Ўзбекистон прокуратураси вакили Телеграм каналида.

Ўзбекистондан келган хабарларга таянилса, охирги ойларда бир нечта одам ис газидан заҳарланган.

Бироқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги рақамлари мамлакат бўйлаб мавжуд фожианинг кенгроқ манзарасини чизиб беради.

Маълум бўлишича, ўтган куз-қиш мавсумида 70 нафардан кўпроқ одам ис гази қурбони бўлган.

Масъулларга кўра, улар уйма-уй юриб, ис гази ва носоз иситиш қурилмалари хавфидан одамларни огоҳлантириб, тушунтириш ишлари олиб боришмоқда.

Айрим мулозимлар бу борада фуқароларнинг ўзларини ҳам айблашаяпти.

Айб кимда?

Бироқ фуқаролар ҳам совуқ кунда бошқа иложлари қолмаслигини айтишади.

Масалан, Ўзбекистонда ҳар йили совуқ тушиши билан энергия тақчиллиги юзага келади.

Бу йил ҳам кўпчилик газсиз ва чироқсиз қолганини ёзаяпти.

Одамлар қоп-қоронғу ёки совуқ уйда ўтирган сурат ва лавҳаларини чоп этишмоқда.

Баъзи мутасаддилар чироқ ўчишини совуқ кунларда электр қувватига қўшимча босим тушгани билан ҳам изоҳлашди.

Қатор фуқаролар эса нега Ўзбекистондаги масъул ташкилотлар ёз пайтида совуқ кунлардаги истеъмолни назарда тутган ҳолда тайёргарлик кўришмагани ҳақида сўрашмоқда.

Чунки аҳоли қишда ҳам уй иситиши, ёритиши ва овқат пишириши керак.

Қишда дабдурустдан чироқ ўчиши ё газ узилиши тез-тез юз бераётгани айтилмоқда.

Газ ва чироқ бўлишига ишонмайдиган ҳамда имкони бор фуқаролар ёзда кўмир, ўтин ё тезак ғамлашади.

Носоз газ қурилмалари ва кўмир ёқиш эса хавфдан ҳоли эмас.

Ҳукумат нима қилмоқда?

Ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқларда ёзган шикоят ва изоҳлар ортидан Сенат раиси Танзила Норбоева бу масала тезда ўрганиб чиқилишини айтди.

Норбоева хоним мулозимлардан президентнинг ислоҳотлари нега жойларга етиб бормаётганини сўради.

Сенат раиси Телеграм каналида Фарғона водийсидаги энергия тақчиллигини ўрганиш учун ишчи гуруҳи тузилгани ҳам қайд этилди.

Газ бошида газсиз

Ўзбекистон - четга газ ва электр сотадиган энергияга бой мамлакат.

Аммо ўз халқининг салмоқли қисми қишда таппи ёқиб исиниш ёки овқат пиширишга мажбур.

Шу боис рассомлар ва ҳаваскор шоирлар газ кони бошида таппи тераётган ўзбекистонликлар ҳақида асарлар яратиб, ижтимоий тармоқларда чоп эта бошладилар.

Сабаби - расмий таъкидларга кўра ҳам камида 4-5 миллион нафар камбағал яшайдиган Ўзбекистонда қишдан чиқиш учун бир неча юз доллар сарфлаб, ўтин-кўмир сотиб олишга ҳамманинг ҳам қурби етмаслиги мумкин.

Зотан, дунёда иқлим исиши кучайган ҳозирги даврда одамлар дарахтларни кесиб, исинишга мажбур бўлишаётгани ҳақида ҳам айтадилар.

Айни пайтда, энергия муаммоси тез орада ҳал этилишига кўпчилик ишонмайди.

Иқтисодчи Сапарбой Жубаевга кўра, Ўзбекистонда электр қуввати ишлаб чиқиш ҳажми аҳоли сони ўсиши ва ишбилармонлик объектлари сони кўпайишидан ортда қолиб кетган.

Шунингдек, энергия тақсимлаш қурилмалари ва етказувчи қувурлари ҳам эскиргани айтилади.

Уларни тиклаш ёки таъмирлаш учун маблағ ҳамда вақт керак.

Одамлар эса бир саволни сўрашади: Нега бу ишлар шунча йиллар давомида қилинмаган?

Шундай шароитда ис гази муаммоси тез вақт ичида барҳам топишига ҳеч ким кафолат бера олмайдиганга ўхшайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek