You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Газ ва электр инқирози кучаяркан, Мирзиёев шошилинч йиғилиш чақирди, видео, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar
Ўзбекистонда сўнгги кунларда газ ва электр инқирози кучайиб, бу аҳоли турмуши ва тадбиркорлар бизнесига салбий таъсир қилаётган бир вақтда Президент Шавкат Мирзиёев шошилинч йиғилиш ўтказиши маълум бўлди:
Telegram да «Банк ва мижоз» каналининг хабар беришича, 24 ноябрь Тошкент вақти билан соат 16:00 да Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида "Ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлиги" юзасидан кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилади.
23 ноябрь куни юборилган хабарнинг тепасига шошилинч, деб ёзиб қўйилган.
Йиғилишда вазирлик, идора, сектор раҳбарларининг кун тартибида белгиланган масала бўйича ҳисоботлари тингланиши айтилган.
Мирзиёевнинг видеоселектори кунлар кескин совиб кетиши натижасида аҳолининг айрим қисмлари газ ва электрсиз қолган ва узилишлар кузатилаётган вақтга тўғри келмоқда.
Жойларда тадбиркорликни ривожлантириш учун ўчмайдиган алоҳида электр линияси тортилган бўлса-да, сўнгги узилишлар уларга ҳам таъсир қилган кўринади.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган бир видеодан маълум бўлишича, Яккабоғда 3 кун чироқ бўлмаганидан 5200 та парранда нобуд бўлган.
Би-би-сига юборилган айрим суратларда Каттақўрғонда газ ва электр бўлмаганлиги учун иссиқхоналардаги сабзавотлар нобуд бўлганини кўриш мумкин бўлган.
Ижтимоий тармоқларда айтилишича, тадбиркор қарийб $35000 доллар зарар кўрган. Чет эл билан қилинган шартномаси куйиб кетган.
Бу хабарлардан сўнг, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги иссиқхоналар муқобил ёқилғи таъминотига эга бўлиши керак, деб тадбиркорни айблаб чиқди.
Вазирлик ижтимоий тармоқлардаги иссиқхоналарга газ етказиб беришни тўхтатиш билан боғлиқ мурожаатларни таҳлил қилиб, «иссиқхоналар куз-қиш мавсумида муқобил ёқилғи манбаларига ўтиш улар билан тузилган шартномаларда назарда тутилганлигини эслатади», дейилади хабарда.
Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот котиби Шерали Саттаровнинг Би-би-сига айтишича, Ўзбекистондаги қонунлар газ ва электр истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилмайди. Улар монополистнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.
«Сиз вақтида электр ва газга пул тўламасангиз сизга пеня, қарз ёзади, тармоқдан узади. Лекин таъминотчи томони бир ҳафталаб таъминлаб бермаса ҳам уларга ҳеч қандай чора кўриш йўқ», дейди у:
Ўзбекистонда тадбиркорларнинг олдида чироқ ва газ узилишидан ташқари бошқа тўсиқлар ҳам борлиги айтилади.
Янги ҳукумат томонидан тадбиркорликни ривожлантириш учун шароитлар яратилаётгани таъкидланса-да, айрим ҳолларда одамлар маҳаллий ҳокимлар ва бошқа амалдорлар билан зиддиятга бориб, тадбиркорлик юритишда тўсиқларга учраётгани айтилади.
Интернет сайтларида тадбиркорлар дуч келаётган муаммолар ёзилган ўнлаб мақолаларга дуч келиш мумкин.
Ушбу ишларда миллионлаб долларлик сармоя маъмурий тўсиқлар туфайли адолатсизликка учрагани ҳақида гап боради.
Суд тизимининг мустақил бўлмаганлиги сабаб, уларнинг аксарияти ҳоким ва амалдорлар билан маҳкамадаги тортишувда ютқазиши айтилади.
Давлат раҳбари иштирокида шу вақтгача ўтказилган видеоселекторларда ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлган тадбиркорларнинг ишларига алоҳида эътибор берилмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek