You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Қозоғистон: Норозиликлар ва жазолаш таҳдиди - дунёнинг ишлари, Qozog'iston, O'zbekiston, dunyo, siyosat, yangiliklar
Қозоғистон: Норозиликлар ва жазолаш таҳдиди - xабарларга қараганда, вазиятга ҳатто жиноий авторитет Дикий Арман ҳам аралашган. Булар барчасининг марказида ким ёки нима турибди?
Қозоқ туризм расмийлари Борат такрорловчи иборадан ўз янги тижорий акцияларида фойдаландилар.
Британиялик комик фильмлар ижодкори Саша Барон Коэннинг қозоғистонлик Борат Сагдиев исмли журналист ҳажв қилинган навбатдаги фильми Қозоғистонда норозиликларга туртки берди.
"Borat Subsequent Moviefilm"га бўлган умумий муносабат ўз‑ўзини баҳолаш ва сатиранинг асл нишони Америка эканини тушунишга томон оғмоқда.
Норозиликлар ва жазолаш таҳдиди
23 октябрь, фильм намойишга қўйилган куни бир гуруҳ одамлар Олмаотадаги АҚШ бош консуллигига фильм АҚШда тақиқланишини талаб қилиб, петиция берди. Петиция secure.avaz.org сайтида юз минг имзо тўплаган.
29 октябрь куни 20 чоғли одам АҚШ консуллиги олдига АҚШ байроғи билан қопланган "Борат тобути"ни келтиришди.
Фильм қозоқ жиноий олами реакциясини ҳам қўзғаган. Хабарларга қараганда, жиноий авторитет Дикий Арман Коэнни топиб "жазолаш"га ваъда берган.
Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги расмий норозилик нотаси беришдан ўзини тийган. Аммо 24 октябрь куни у фильмни "ўта ирқчи ва ксенофобик" деб атаган ва фуқаролар "ғазабланишга ҳақлари бор" деган, аммо нота бериш маънисиз иш бўлишини билдирган эди.
Ғарбнинг маданий чўкиши маҳсулоти
Журналист Земфира Ержан "фильм Ғарб маданияти ўлими"ни акс эттиради, деди.
Унинг айтишича, фильмнинг мазмуни немис файласуфи Освальд Шпенглернинг 1918 йили чиққан "Ғарбнинг чўкиши" асарида кўрсатилган симптомлар - "индивидуализм эвазига руҳониятдан воз кечиш ва шунга мос равишда агрессив, паст сифатли, сийқа кўнгилочар асарлар вужудга келиши"га мувофиқ келади.
У 24 октябрь куни "Экспресс‑К" газетаси вебсайтида фильмни "бакханалия" деб атади ва "Замонавий Қозоғистон Австралияга қандай зарар берди? Исроилга‑чи? Буюк Британияга‑чи? Мамлакат имижини бу қадар ерга уришдан мақсад нима?", деб савол қўйди.
Ержан бундан қозоқлар чиқариши мумкин бўлган ягона хулоса "биз фақат ўзимизга суянишимиз мумкин" ва "бу қадар содда ва дунёга очиқ бўлмаслигимиз керак. Чунки у ўзининг ("ёқимли бўлмаган) тасаввурини бизга ёпиштиради", деб қўшимча қилган.
Бу биз ҳақимизда эмас
"Караван" газетаси веб сайтида 26 октябрь куни чиққан бир мақолада журналист Александр Григорянц Борат фильмида "кимнингдир туйғусини ҳақоратлайдиган" кўплаб эпизодлар бор деб ёзди.
Аммо "таъкидлаш керакки, фильмда Қозоғистонни давлат сифатида кўрсатишга жуда оз вақт ажратилган" ва "АҚШдаги ҳолатлар ҳажв қилинганда Қозоғистонга доир айтилган гаплар бутунлай безарар".
"Замонавий Америка, унинг турмуш тарзи, маданияти, сиёсатига келганда Коэн имкон қадар сатирадан фойдаланган. "Borat Subsequent Moviefilm"да учта асосий мавзу бор: АҚШ президент сайлови, коронавирус эпидемияси ва феминизм", дейди Григорианц.
Миллатчи Abai.kz вебсайтида 30 октябрь куни чиққан мақоласида ҳуқуқшунос Сирим Абил ҳам фильм Қозоғистон ҳақида эмас деди.
"Айрим америкалик Республикачилар Демократлар ташлаган ҳар бир қадам ортида конспирация назариясини кўради, айримлари очиқча ирқчи, педофилияга ва аёлларга қарши зўравонликка тоқат қилади", деб ёзди у.
Аксар америкаликлар "ташқи дунё ҳақида ҳеч нарсани билмайди" ва бу ерда гапни ўзимизга олишимиздан "маъно йўқ", деб қўшимча қилди у.
"Психологик нуқтаи назардан, кимдир сизга агрессив муносабат қилганда босиқ бўлсангиз, ўша агрессияни маънисиз қилиб қўясиз", деди Абил. "Биз эътибор бермаслигимиз" ва "ўз мамлакатимизни ривожлантиришда давом этишимиз керак", деб маслаҳат беради у.
Британияда яшайдиган ва Коэнни танийдиган қозоқ скрипкачи Марат Бисенгалиев Борат образи "америкаликларнинг ташқи дунёга, жумладан, камбағал Қозоғистонга ҳам манмансираб қараши, догматиклиги ва аҳмоқлигини фош қилиш учун восита бўлган", деди Exclusive.kz вебсайтида.
"Саша Барон Коэн жуда ақлли, у биздан истерик реакцияни кутмоқда. Унинг учун бу овқатга, ёқилғига ўхшайди. У пул топади. Шунинг учун биз, Қозоғистон аҳолиси, аксинча, тинчланишимиз, ушбу фильмнинг намойиш этилишига қўйиб беришимиз керак ва унинг ижодкорлари биздан оладиган ёқилғисиз ёниб битсин", дейди Бисенгалиев.
Норози бўлишга сабаб йўқ
Мухолиф журналист сифатида танилган Гулжан Ергалиева 26 октябрь куни Facebook да пост қўйиб, фильмда норози бўлиш учун "ҳеч нарса йўқ"лиги ҳақида ёзди.
Унинг айтишича, фильмни танқид қилаётганлар ё уни кўрмаган ёки тушунмаган, чунки у "Трамп маъмурияти ва унинг нўноқлиги ва муваффақиятсизлиги ҳақида".
"Назарбоевнинг қора, дунёқараши тор, аҳмоқ маҳсулоти Борат трампизмни янада даҳшатли қилиб кўрсатиш учун қўлланган (яъни уларнинг бир‑биридан фарқи йўқ)", деб ёзди у.
Бошқа бир журналист Мирас Нурмуҳамбетов Борат фильми Ковид‑19 атрофидаги конспирация назариялари, обамафобия, ҳолокост инкорчилари ва жоҳиллар устидан кулади, деб ёзди.
Platon.asia веб сайти 26 октябрь куни чиқарган мақолада Нурмуҳамбетов фильм Қозоғистонга қизиқишни орттирганини таъкидлади: "дунё бўйлаб одамлар аёлларимиз чинданам қафасга солинишини, ўзбеклар давлат жиноятчиларини қатл этишда қатнашишини аниқлаш учун Қозоғистонни интернетдан қидирмоқда".
"Шундай бўлса ҳам, айни пайтда улар келин ўғирлаш борлигини, мамлакатимизда сиёсий маҳбуслар борлигини билиб олишмоқда. Аммо бу хавотирли эмас, шундай эмасми?" деб сўрайди у.
Биз кулгили эмасмизми?
Кино танқидчи Карим Кадирбаев 23 октябрь куни Facebook ка пост қўйиб, Боратнинг давоми "аёллар ҳуқуқлари каби марказий нозик масалаларни кўтариши билан" биринчи фильмдан ҳам кўра "тематик" деб ёзди.
Фильм "Қозоғистонда юз бераётган воқеаларнинг енгил версияси", дейди у. Мисол сифатида у ТВ шоуда зўрланган аёлни ўзини зўрлаган одам билан ярашишга мажбурлашлари, тўйда гапирган аёл "эри калтакламаган аёл аёл эмас" дегани, "минглаб" ошкор қилинмайдиган уйдаги зўравонликларни келтиради.
Кадирбаев "фильм орқали Коэн айтмоқчи бўлган гап ҳар бир одамга етиб боргани"га умид қилишини қўшимча қилади.
InformBURO янгиликлар сайти 3 ноябрь куни эълон қилган мақолада журналист Ертай Нусипжанов Борат ижодкорлари ҳайп қўзғашни истаган эди, "биз осонгина уларнинг тузоғига тушдик" деб ёзди.
"Исталган ақлли одам унинг бу маҳсулоти арзон кулги қозониш экани, реаллик билан алоқаси йўқлигини тушунади", дейди у.
"Мен сўрамоқчи бўлган савол: Биз чиндан ҳам кулгили давлатмасмизми? Агар унинг [Қозоғистон ҳақидаги] тўқима ҳикояларини ёқтирмасангиз, Қозоғистонда юз бераётган ҳақиқий воқеалар ҳақидаги сценарий асосида фильм олайлик", деб таклиф қилди у.
Масалан, ҳукумат мулозимлари қозоқ тилини ривожлантириш учун катта маблағ ажратса ҳам, ўзлари ҳамон русча гапиради; маҳаллий расмийлар карантинга қарамай тўй қилишяпти; одамлар ҳукумат коррупциясини танқид қилади, аммо йўл полицияси тўхтатса, пора беришга уринади, дейди у.
"Менимча, бу комедия бўлмайди, балки сизни йиғлатадиган драма бўлади. Нима дейсиз?"
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek