Ўзбекистон Қуръони Каримни таҳқирлаган шахсни топди, жазоламоқчи – O‘zbekiston, Mirziyoyev, Islom dini, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, Muslim.uz

Ўзбекистон Қуръони Каримни таҳқирлаган шахсни топди - унга қарши жиноий иш қўзғади. Ўзбекистон минтақанинг энг йирик мусулмон давлати бўлади. Ислом дини муқаддас китобининг топталиши Ўзбекистоннинг бу яқин тарихида кузатилмаган.

29 октябрь куни Қуръони Каримнинг таҳқирланиши билан боғлиқ ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган видео юзасидан шу куннинг ўзида Ўзбекистондаги иккита масъул идора устма-уст баёнот билан чиқди.

Аввалига Ўзбекистон мусулмонлари идораси мазкур ҳодисани кескин қоралади, ўз баёнотини, "Қуръони Каримни таҳқирлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!", деб номлади.

"Бу ноинсоний ҳаракат ҳеч қайси диний таълимотга ҳам, ақлга ҳам, умуман олганда, инсонийлик тамойилига ҳам тўғри келмаслигини билдириши"ни айтди.

"Қонунчиликка кўра, инсон ким бўлишидан қатъиназар муайян дин вакилининг диний туйғулари, қадриятлари ҳурмат қилиниши шартлиги, уларнинг таҳқирланишига йўл қўйилмаслиги"ни таъкидлади.

Видеолавҳа ўша соатларнинг ўзидаёқ кибер фазода кескин акс-садоларга сабаб бўлган.

Диний идора ўз баёнотида бу воқеъликка ҳам эътибор қаратган, "бундай манфур хатти-ҳаракатларга нисбатан тажовузкорона эмас, балки ақлни ишлатиб муносабат билдириш лозим эканини ҳам таъкидлаган".

"Бу фуқаронинг қилмиши, албатта, қонуний асосда кўриб чиқилиши", унинг шахсини аниқлаш бўйича аллақачон масъул идоралар иш олиб боришаётгани"ни билдириб, ўз баёнотига якун ясаганди.

Жиноий иш

O'zbekiston

Сурат манбаси, ISLOM.UZ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси баёнотидан саноқли соатлар ўтиб, бу хусусда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳам расмий билдиришнома билан чиққан.

Вазирлик ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилган суриштирувлар ўз натижасини берганини маълум қилган.

"Mазкур шахс аниқланган, у Мингбулоқ тумани яшовчиси бўлиб чиққан".

Ушбу видеотасвирни суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирган шахс аниқланиб, терговга қадар текширув ҳаракатларига жалб қилинган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳатто унинг исм-шарифигача тўлиқ эълон қилган.

Худди шу текширув натижасига кўра, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисми (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вазирлик ўз баёнотида жиноят иши бўйича тергов натижаси асосида қўшимча маълумот бериб борилишини ҳам қўшимча қилган.

Сўнггида эса, мамлакат фуқароларига Ислом динини оёқости қилиб, аҳоли орасида ихтилофлар келтириб чиқаришга бўлган уринишлар учун қонунда жавобгарлик белгиланганлигини ҳам эслатиб ўтган.

Shwetsiya

Сурат манбаси, EPA

Охирги ойларда Қуръони Каримнинг топталиши ҳодисаси қатор Европа давлатларида кузатилган.

Бу каби хатти-ҳаракатлар ўшанда Туркия ва айрим йирик исломий ташкилотларнинг кескин танқидларига сабаб бўлган.

Европадаги Қуръонни ёқиш, йиртиш, топташ тарафдорлари бундан аввал ўз амалларини "зўравонликни тарғиб этадиган Исломга қарши норозилик ифодаси" сифатида изоҳлашган.

"Исломнинг радикал унсурларига улар ҳаётларини назорат қилмасликларини кўрсатмоқчи" эканликларини иддао қилишган.

Бу агар муқаддас Қуръонга дахл қилинса, Ислом дунёси ва Ғарб ўртасидаги адоват кучайишига оид жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаганди.

"Қуръони Каримни таҳқирлагани кўрилган ўзбекистонлик эса, видеолавҳада ўзини "атеист", деб атаган.

Унинг бу иши дунёнинг исломий ёки аксар аҳолиси мусулмон давлатлари, исломий ташкилотлар эътиборига тушгани ҳалича кузатилмаган.

Аммо воқеълик янги Ўзбекистон исломий туризмни ҳам кучайтириш саъй-ҳаракатларига зўр бераётган бир манзарада юз берган.

Ўзбекистондаги Қуръони Каримнинг оёқости қилиниши билан боғлиқ воқеълик Франция президентининг Муҳаммад пайғамбар(с.а.в.) ҳажв қилинган карикатураларни ҳимоя қилиб чиқиши ва Ислом динига оид баёнотлари Ислом оламида кескин акс-садоларга сабаб бўлаётган бир манзарада бўй кўрсатган.

Муҳаммад пайғамбар(с.а.в.) ҳажв қилинган карикатуралар сабаб, Франция сўнгги ҳафталарда қатор ҳужумларга ҳам саҳна бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek