You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
АҚШ Давлат котибининг муовини Тошкентда палов пиширди ёки Вашингтон Ўзбекистон мустақиллигини 'дастаклайверади' - таҳлил, видео, O'zbekiston, Mirziyoyev, AQSH, Rossiya, dunyo, yangiliklar
АҚШ Давлат котибининг махсус ёрдамчиси Ўзбекистонда экан, ўзбек дўпписию чопонида кўриниш берди. Қозон ва ўчоқда палов пиширди.
Ўзбекистон пойтахтидан бу яқин ўртада бунга ўхшаш суратлар олинмаган.
Дональд Лу Ўзбекистондаги ислоҳотларни олқишлади.
Расмий Вашингтон Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини дастаклайверишини маълум қилди.
Пойтахт Тошкентда Ўзбекистон билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида Стратегик шериклик мулоқотининг биринчи йиғилиши тугади.
Томонлар кеча, сешанба кунги йиғин ортидан расман эътирофлари, истаклари ва режалари ўзининг ифодасини топган қўшма баёнот билан чиқишди.
Қўшма баёнотда Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлишининг муҳимлиги ҳам таъкидлашди, буни қўллаб-қувватлашларини билдиришди.
Дональд Лу АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси бўлади.
Унинг Ўзбекистонга ташрифи Россия Афғонистон баҳона минтақада ўз таъсирини янада кучайтириш ҳаракатида бўлган, Путин Совет Иттифоқининг қулашини яна бир бор афсус билан ёдга олган, расмий Москва Украинага бостириб кириш ниятида эканига оид хавотирлар кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келди.
Марказий Осиё дунёнинг глобал ядровий қудратлар ўз геосиёсий ва геоиқтисодий таъсирларини кенгайтириш илинжида бўлган стратегик муҳим, табиий захираларга бой минтақаларидан бири.
Кеча, 14 декабрь куни эса, Абдулазиз Комиловнинг Россия Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Андрей Руденко, шунингдек, Россиянинг беш Марказий Осиё давлатидаги элчиларини қабул қилгани расман хабар берилди.
Аксарият минтақавий сиёсий таҳлилчилар наздларида бугунги расмий Тошкент кўпқутбли ташқи сиёсат юритиш ҳаракатида.
Трамп даври Америкаси янги Ўзбекистоннинг ўзаро алоқаларида стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаган илк Ғарб давлати бўлади.
Аммо АҚШ мустақил Ўзбекистон билан алоқалари силлиқ кечмаган дунёнинг иккита глобал қудратидан биттаси саналади.
АҚШ Давлат котиби махсус ёрдамчисининг Ўзбекистон президенти билан учрашуви режаланганми-йўқлиги маълум эмас.
Ўзбекистон учун ким яхши - Трамп ёки Байден?
Республикачи Трамп ютқазиб, демократчи Байден ютган сўнгги АҚШ президентлиги сайлови натижаси Мирзиёев даври Ўзбекистони, мамлакатнинг миллий манфаатлари учун нимани англатади?
Камолиддин Раббимов,
Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон-Франция
Менинг назаримда, Трамп маъмурияти ва Мирзиёев маъмурияти ўртасидаги алоқалар анча ишончли, асосийси, зўриқишлардан холи бўлди.
2018 йилнинг май ойида Мирзиёев Вашингтонга таклиф қилинди, уни Оқ уйда анча юқори мулозамат билан Трамп кутиб олди.
Мисол учун, йигирма йилдан буён Россия Федерациясини бошқараётган Владимир Путин бир марта ҳам Вашингтонга, Оқ уйга таклиф қилинмаган. Ёки Ислом Каримовни ҳам Шавкат Мирзиёев каби анча юқори мулозамат билан қабул қилишмаган эди.
Бу маънода, таъбир жоиз, «одам танлайдиган» Дональд Трамп билан Шавкат Мирзиёевнинг шахсий, инсоний ва ишончли муносабатлари шаклланган эди, мавжуд эди.
Биз биламизки, давлат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва алоқалар муҳити, давлатлар ўртасидаги муносабатларга жиддий таъсир қилади.
Қолаверса, Ўзбекистонда ҳокимият ўзгариши, Мирзиёевнинг репрессиялар сиёсатидан воз кечиши ва «Янги Ўзбекистон» лойиҳасига асос солиниши ҳам Марказий Осиёнинг калит давлати бўлмиш Ўзбекистон билан алоқаларни қайта кўриб чиқишга, яхшилашга имкон берди.
Трамп ҳокимиятга келаётганида, АҚШ маъмурияти Путин билан келишиб, минтақани «Россиянинг геосиёсий таъсир ҳудуди» сифатида тан олиши мумкин, деган маълум хавотирлар бор эди. Аслида эса, бундай бўлиб чиқмади.
Гарчи, АҚШнинг минтақадаги фаоллиги ўсмаган бўлса-да, лекин Вашингтон Россия ва Хитойнинг таъсирини жиддий ўсишига йўл қўймасликка ҳаракат қилиб келди.
Жозеф Байден Оқ уйни эгалласа, уни дастурий қарашларига кўра, у бир томондан, Путин бошқараётган Россия Федерацияси билан, иккинчи томондан, Эрдоған бошқараётган Туркия билан қаттиқ "курашиш"ни билдирган.
Бугунги кунда Россия Федерацияси ва Туркия Республикаси - Ўзбекистон жамиятининг биринчи ва иккинчи геосиёсий ориентирлари ҳисобланишади.
Россияда бўладиган ҳар қандай ўзгаришлар Ўзбекистон давлати ва халқига жиддий таъсир қилади.
Россия Ўзбекистонга кўп миллионлик ишчи мигрантлар, қудратли ОАВлари - ахборот оқимлари, жуда катта савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқалар орқали таъсир қилиб туради.
Туркия эса, кейинги йилларда Ўзбекистон интеллигенцияси, мутафаккирлари, ёш авлоди учун энг истиқболли геосиёсий ориентирга айланиб бормоқда.
Байденни Афғонистон борасидаги қарашларини таъбир қилиш қийин. Лекин Трампнинг Aмерика ҳарбийларини тезда бу давлатдан чиқариб олиш режасини қўлламаслик эҳтимоли юқори.
Одатда, ҳар бир маъмурият жиддий масалаларда узоқ вақт ўйлаб, изланиб кўради ва кейин қарор қабул қилади.
Демак, агар Байден ҳокимиятга келса, Афғонистондан АҚШ ҳарбийларининг чиқиб кетиши камида яна бир-икки йилга кечикиши мумкин. Ёки умуман ҳарбийлар сонини номига қисқартириб қўйишлари мумкин, холос.
Трамп анча изоляционист ва ташқи ёрдамлар борасида ўта тежамкорлик сиёсат юритди.
Байден эса, АҚШни глобалистик фаолликка қайтаришга уриниши мумкин.
Бу дегани, Россия ва Хитой каби қудратли давлатлар ўртасида жойлашган Ўзбекистон каби ўрта давлатлар учун қўшимча геосиёсий имкониятлар эшигини очиши ёки бу имкониятларни кучайтириши мумкин.
Назаримда, ким АҚШ Президенти бўлишидан қатъиназар, кейинги маъмуриятни Ўзбекистонга сиёсати кардинал ўзгаришини кутиш ноўрин.
Ўтган йиллар мобайнида, Ўзбекистоннинг ҳалқаро майдондаги субъектлик даражаси, дунё ва минтақа ишларига таъсир қилиш салоҳияти жуда маргиналлашиб қолди.
Мирзиёев келгач, Ўзбекистон ўзининг минтақавий дипломатиясини янгилади, давлатнинг глобал репутациясини анча юмшатди.
АҚШ геостратегиясига кўра, Марказий Осиёдек катта минтақада Россия ва ўсиб бораётган Хитойнинг таъсирини олдини олиш борасида, минтақа хавфсизлиги ва тараққиёти йўналишида Ўзбекистон муҳим давлат сифатида тан олинади.
Лекин, бир томондан, жиддий сабабларга кўра, Ўзбекистон кўп векторли ташқи сиёсатга мойил бўлиб қолаверади.
Иккинчи томондан, Ўзбекистоннинг Ғарб билан ишончли, стратегик ҳамкорлигига тўсиқ бўлиши мумкин бўлган асосий омиллар - ички сиёсат билан, ислоҳотлар кўлами ва ҳаққонийлиги билан боғлиқ.
Демак, агар Трамп қоладиган бўлса, АҚШнинг Ўзбекистон билан ишончли, зўриқишлардан xоли айни пайтда динамикаси паст бўлган муносабатлар сақланиб қоларди.
Байден-Ҳаррис эса, АҚШ янги маъмурияти Ўзбекистон билан муносабатларни тўрт йўналишда жонлантиришга, қайта кўриб чиқишга ҳаракат қилиб кўради, булар: Россия таъсирини чеклаш, Хитой таъсирини жиловлаш, Афғонистон борасида ҳамкорликни кучайтириш ва инсон ҳуқуқлари - сиёсий ислоҳотлар борасида ҳамкорликни кучайтириш бўлиши мумкин.
Би-би-си: Америка Қўшма Штатлари жорий пайтда дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар яшаб, ўқиб, ишлаб келаётган тўртта давлатидан биттаси бўлади.
Айрим ҳисоб-китобларга кўра, ўзбекистонликлари дохил Америкадаги ўзбекларнинг тахминий сони ҳозир деярли уч юз минг кишига етай, деб қолган.
Улардан аксариятини эса, Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.
Америкада яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида етакчи олимлар, ишбилармонлар, турли халқаро ва жамоат ташкилотлар вакиллари мақомида бўлганлари, нуфузли университетларида таҳсил олаётганлари озмунча эмаслиги айтилади.
Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" тадқиқот марказининг сўнгги сўровларидан бири Америкага кетиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётганига далолат қилган.
Бугун хорижда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликлар сони миллионларга нисбат берилади.
Бу каби ҳолат Марказий Осиёнинг қолган бирор бир давлати мисолида кўрилмайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek