You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Тошкент: Афғонистон, Россия, Хитой - АҚШ генерали Ўзбекистонга нега келди? - O'zbekiston, Mirziyoyev, AQSH, Rossiya, dunyo, yangiliklar
Тошкент: Афғонистон, Россия, Хитой - АҚШ генерали Ўзбекистонга нега келди? - Айрим сиёсий таҳлилчиларга кўра, Америка Қўшма Штатлари Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондонининг Тошкентга ташрифи учта муҳим вазифа, мақсадни кўзлаган бўлиши мумкин.
Камолиддин Раббимов,
Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон-Франция
Генерал Кеннет Маккензининг Тошкентга ташрифи учта муҳим мақсад ва вазифани кўзлашини тахмин қилиш мумкин.
Биринчиси, агар ноябрь ойи бошида бўладиган президентлик сайловларида Трамп яна бир муддатга ҳокимиятда қоладиган бўлса, АҚШ Афғонистонни кейинги ойларда тўлиқ тарк этишни режалаштирган.
Мана шу режалар фонида минтақавий хавфсизлик масаласи, ҳар доимгидан кўра, кучлироқ жадаллашади.
АҚШ Марказий Осиё минтақасининг Афғонистон борасидаги асосий калит давлати сифатида Ўзбекистонни кўради.
Ўзбекистон расмий Кобулга нисбатан фаол геосиёсий, геоиқтисодий ва хавфсизлик кўз-қарашига эга бўлиши тарафдори.
АҚШ Афғонистондан чиқиб кетишни режалар экан, у минтақавий хавфсизлик борасидаги ҳамкорликни энг аввало Ўзбекистон билан амалга оширишни истайди.
Бошқача қилиб айтганда, Вашингтон нигоҳида Марказий Осиё минтақасидаги "Афғонистон калити" расмий Тошкент қўлида бўлиши керак.
Сабаби оддий - Ўзбекистон нафақат Афғонистон билан чегарадош, балки минтақанинг географик марказий, демографик асосий, геосиёсий нисбатан мустақил ва ҳарбий қудратли давлати ҳисобланади.
Вашингтон учун расмий Тошкентнинг Афғонистон борасида Москвадан мустақил геостратегияга эга бўлиши, толиблар билан мулоқотлари давомли ва ишончли бўлиши - минтақа хавфсизлигининг муҳим шарти ҳисобланади.
Иккинчи омил, пост-совет ҳудудида геосиёсий зўриқишлар, сиёсий ва ижтимоий бўҳронлар алангаланаётган бир фонда, Ўзбекистонни Россиянинг йирик ҳарбий-сиёсий ва сиёсий-интеграцион лойиҳалари босимига тушиб қолмаслиги, бошқача қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг геосиёсий мустақиллик даражасини яна бир бор урғулаш ҳисобланади.
Пост-совет ҳудудида йирик сиёсий ва геосиёсий трансформациялар пишиб етилмоқда.
Ўзбекистонда эса, бор-йўғи тўрт йил олдин ҳокимият алмашди ва иккинчи маъмуриятнинг легитимлик даражаси - жамиятдаги барқарорлик ва сиёсий ислоҳотларга буюртма юқори бир даражада.
Яқин йиллардаги сиёсий трансформациялар марказида, табиий, Россия Федерацияси бўлиши кутилади.
Чунки Владимир Путиннинг легитимлик даражаси пасаймоқда, унинг легал ва легитим бошқарув муддатлари ниҳояси томон кетаяпти.
Мана шу фонда Вашингтоннинг истакларидан бири - Ўзбекистонни имкон қадар Россиянинг сиёсий-ҳарбий ва интеграцион лойиҳаларидан нейтралроқ, узоқроқ туриши ҳисобланади.
Учинчи омил, бу Марказий Осиё минтақасида иқтисодий, сиёсий ва геосиёсий нуқтаи назардан йилдан-йилга кучайиб бораётган Хитой Халқ Республикаси омили ҳисобланади.
Гарчи, расмий Пекин Марказий Осиё пойтахтларида, шаҳарларида ва ОАВларида сиёсий рамзлар сифатида муттасил кўринмаса-да, олий ҳокимият коридорларида кўзга кўринмас асосий геосиёсий омилга айланиб бормоқда.
Бугун минтақа давлатларига Москвадан кўра Пекиннинг таъсири юмшоқ, лекин ҳал қилувчи куч потенциалига эга.
Шу сабаб, кейинги ўн йилликларда ва асрларда АҚШнинг минтақадаги геостратегик асосий вазифаларидан бири - Хитой таъсирини камайтириш, расмий Пекинга қарши қаратилган Ғарб иттифоқига минтақа давлатларини олиб кириш бўлиб қолаверади.
Лекин бу борада расмий Вашингтонни қийин музокаралар кутади. Пекин - бугун минтақанинг асосий сармоячиси, қарз берувчиси, қулай иқтисодий ва сиёсий ҳамкори ҳисобланади.
Генерал Маккензининг, қолаверса, расмий Вашингтоннинг муҳим минтақавий вазифаларидан бири - Пекин таъсирини ўсишини секинлаштириш ва имкон бўлса, пасайтириш ҳисобланади.
Минтақа геосиёсатида эса, Ўзбекистон ва унинг янги минтақавий дипломатияси, икки томон музокараларида муҳим ресурс ҳисобланади.
Би-би-си: Генерал Кеннет Маккензи кеча, 20 октябрь куни Ўзбекистонда бўлган, шахсан президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар олиб борган.
Америка Қўшма Штатлари Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондонининг Тошкентга ташрифи глобал коронавирус пандемияси манзарасида амалга ошган.
Генерал Кеннет Маккензи Ғарб билан Хитой ўртасидаги муносабатлар жиддий совуқлашаётган бир фонда Ўзбекистонга келган.
Сафар Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкори мавқеини янада мустаҳкамлаб олган бир воқеъликда кузатилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи қошида кузатувчилик мақоми расман маъқулланиши кутилаётган бир фазода уюштирилган.
Худди шу омиллар манзарасида бу ташриф таҳлилчилар диққат-эътобирини ўзига тортган воқеъликка айланмай қолмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek