Ўзбекистон фуқаролари учун имтиёз, IMEI можароси яна қанча давом этади ва паспортларга энди нима бўлади? - O'zbekiston, Rossiya, yangiliklar

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон фуқаролари учун имтиёз, IMEI можароси яна қанча давом этади ва паспортларга энди нима бўлади: Россиядан хушхабар, Ўзбекистонда янги тартиб ҳам норозиликларга сабаб бўлмоқда ва энди Дубайга бемалол учиш мумкин - bbcuzbek.com дайжести.

Президентни «ҳақорат этувчи» видео тарқалдими ва IMEI можароси кучаймоқда - O'zbekiston BBC O'zbek, видеодайжест:

Россия қандай имтиёз бермоқда?

Россияда 15 декабрга қадар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига нисбатан маъмурий чиқариб юбориш, депортация қилиш, илгари берилган вақтинчалик яшаш учун рухсатнома, яшаш учун рухсатнома, ишлаш учун рухсатнома ва патентни бекор қилиш, шунингдек Россияга киришни тақиқлаш каби чоралар қўлланилмайди.

Бу ҳақида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар бермоқда.

18 сентябрь куни Ўзбекистон Бош вазири маслаҳатчиси М.Хайриддинов Россия ички ишлар вазири биринчи ўринбосари, А.Горов билан учрашиб, меҳнат миграциясига доир масалаларни муҳокама қилган.

«Россия томонининг маълум қилишича, Россия ҳудудида нолегал бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари рўйхатдан ўтиш ва рухсат берувчи бошқа ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугашидан (15 мартгача ёки ундан кейин) қатъий назар яшаш манзили бўйича Россия Федерацияси ИИВ органларига мурожаат қилиб, 2020 йилнинг 15 декабрига қадар мамлакатда бўлишни қонунийлаштириши мумкин», дейилади хабарда.

Паспорт ўрнига ID-карта

2030 йилгача биометрик паспорт ўрнига ID-карталар жорий этилади, дея хабар бермоқда ЎзА.

Хабарда президент фармонига кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб шахсни рақамли идентификация қилишнинг ягона тизими жорий қилиниши ва, унга кўра, биометрик паспортлар ўрнига Ўзбекистон фуқаросининг шахсини ва фуқаролигини тасдиқлайдиган электрон ташувчи қурилмага эга ҳужжат сифатида ID-карта жорий этилаётгани билдирилган.

Маълум бўлишича, биометрик паспортлар ҳамда яшаш гувоҳномалари ID-карталарга қуйидаги муддатларда алмаштирилади:

• Биринчи босқич — 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабргача ихтиёрийлик асосида (16 ёшга тўлганда ёки қонунчиликда кўрсатилган бошқа сабабларга кўра);

• Иккинчи босқич — 2023 йил 1 январдан 2029 йил 31 декабргача мажбурий тартибда алмаштирилади.

ID-карталарни расмийлаштириш 1 иш кунида амалга оширилади.

ID-карта қуйидаги муддатларга берилади:

• янги туғилган болага бир ёшгача - 2 йил муддатга;

• бир ёшдан 16 ёшгача - 5 йил муддатга;

• 16 ёшдан бошлаб - 10 йил муддатга.

ID-картани расмийлаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 89 фоизи, яъни 198 минг 470 сўм (22.09.2020 ҳолатига) миқдорида тўлов ундирилади.

IMEI можароси давом этмоқда

Аввалроқ мобил қурилмаларнинг IMEI кодларини рўйхатдан ўтказишда бошқа фуқароларнинг шахсий маълумотларидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолатлари норозиликларга сабаб бўлган эди.

22 сентябрь куни бундай ҳолатларнинг олдини олиш йўлида IMEI кодларини рўйхатга олишнинг янги тартиби жорий этилаётгани расман маълум қилинган эди.

Расмий хабарга кўра, эндиликда, қурилманинг IMEI-кодини/кодларини рўйхатдан ўтказишда жисмоний шахслар томонидан фойдаланиладиган абонент рақами маҳаллий мобил операторларидан ариза берувчи номига расмийлаштирилган бўлиши керак.

Ушбу янги тартиб ҳам яна норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистонликлар янги тартиб ноқулайликлар туғдириши, бюрократик характерга эга эканини таъкидлаб, тизим операторининг бутун мамлакат аҳолиси учун амал қиладиган янги тартиб жорий этишга қанчалик ҳақли эканини савол остига олмоқдалар.

БААдан мунтазам парвоз

Бирлашган Араб Амирликларининг "AIR ARABIA Abu-Dabi LLC" авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам парвозларни амалга ошириш учун рухсатнома олди.

Бу ҳақида Транспорт вазирлиги хабар берган.

"Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматлари ўртасида имзоланган Ҳаво қатнови тўғрисидаги битим асосида "Ўзавиация" агентлиги томонидан "AIR ARABIA Abu-Dabi LLC" компаниясига Абу-Даби - Тошкент - Абу-Даби йўналишларида мунтазам парвозларни амалга ошириш учун 2020 йил 9 сентябрда 3-К сонли Фойдаланиш рухсатномаси берилди", дейилади вазирлик хабарида.

Парвозлар Airbus-320-214 ҳаво кемаларида амалга оширишини маълум қилинган.

Олий таълим муассасалари ва анъанавий таълим

Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов олий таълим муассасаларида анъанавий таълим қачондан очилади, деган саволга жавоб берган.

"Бугунги кунда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан шу масала бўйича ишламоқда. Янгилик бўлса тезкорлик билан эълон қиламиз. Нафақат талабалар, балки ўқитувчилар ҳам анъанавий таълимни соғинган.

Бундан ташқари, туманларда интернетга кириш имконияти йўқ талабалар учун марказлар ташкил этиляпти ва талабаларнинг онлайн таълим олиши учун имконият яратиляпти", деган у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek