You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Коронавирус: Дунё ва Европа яна жиддий хавотирда, Ўзбекистон чегараларини очади - Mirziyoyev, O'zbekiston, koronavirus, yangiliklar
Коронавирус: Дунё ва Европа яна жиддий хавотирда, Ўзбекистон чегараларини очади - жаҳонда жаъми коронавирус ҳоллари 30 миллиондан ортди. Европа иккинчи тўлқин хавфи остида, ҳатто Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти огоҳлик билан чиқди. Ўзбекистон "иккинчи тўлқин" ва чегараларини очишга тайёр.
Ўзбекистон
Ўзбекистон 1 октябрдан ўз чегараларини очади.
Ўзбекистонга барча қатнов йўллари орқали кириш мумкин бўлади.
Коронавирус пандемияси боис, қўйилган тақиқ бекор қилинади.
Бу ҳақда кеча, 17 сентябрь куни Республика махсус комиссияси маълум қилди.
Янгилик ҳам авиация, ҳам темир йўл ва ҳам автойўллар орқали кириб-чиқишни назарда тутади.
Бундан мақсад - Ўзбекистон аҳолиси ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароит яратиш экани айтилмоқда.
Аммо бунинг учун мавжуд карантин ва санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этилиши шарт бўлади.
Худди шу санадан бошлаб, Ўзбекистонда туризмга чекловлар ҳам бекор қилинади.
Туристик компанияларга четдан туристларни олиб келиш билан боғлиқ енгилликлар берилади.
Хабарда сўз беш кишидан кам ва 15 кишидан ортиқ бўлмаган туристлар ҳақида боради.
Уларнинг турли касалликлар, жумладан, Covid-19 ни ҳам қамраб оладиган тўлиқ суғуртаси бўлиши шарт экани англашилади.
Навбатдаги янгича тартиб
Худди шу хабарлар фонида Ўзбекистон хориждан киришнинг янги тартибини ҳам эълон қилган.
Комиссия "яшил", "сариқ" ва "қизил" мамлакатлар рўйхатини ҳам янгилаган.
Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистондан чегарада жойлашган автойўл ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистонга кириш мумкинлиги айтилган.
Аммо бунинг учун Ўзбекистонга кираётган шахслар санитария қоидалари ва нормаларига қатъий риоя этишлари керак бўлади.
Уларнинг коронавирус инфекциясига ПЗР ёки экспресс-тест ёки антиген текширувидан ўтишлари шарт, деб кўрилади.
Шундан сўнг ҳам 14 кунга меҳмонхона ёки уй карантинига юборилади.
Энди Хитой, Таиланд, Малайзия, Жанубий Корея, Грузия, Венгрия, Финляндия, Латвия, Австрия ва Япония "яшил давлатлар" сирасига киради.
Сўнгги икки ҳафта ичида бу давлатда бўлган фуқаролар Ўзбекистонга тўғридан-тўғри киритилади.
Озарбайжон, Беларусь, БАА, Буюк Британия ва Испания мустасно қолган Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар "сариқ " давлатлар саналишади.
Аммо улар ҳам "қизил" давлатлардан кириб келаётганлари баробарида сўнгги 72 соат давомида коронавирус инфекциясига ПЗР текширувининг манфий натижалари тўғрисидаги маълумотни тақдим этишлари шарт бўлади.
Агар, шахсда бу каби маълумот бўлмаса ёки унда коронавирус инфекцияси аломатлари бўлса, Ўзбекистон ҳудудида ўз ҳисобидан тестдан ўтказилади.
Ўзбекистонга киритилиб, 14 кунга меҳмонхонага ёки уй карантинига юборилади, шундай қилиши ҳақида тилхат олинади.
Янги тартиб-қоидалар барча турдаги халқаро қатновларни кўзда тутади.
Масъул идораларга эса, улар сонини кўпайтириш бўйича алоҳида топшириқ берилган.
Ўзбекистон ва коронавирус
Ўзбекистон коронавирусга қарши кураш доирасида шу йил март ойидан бошлаб барча турдаги халқаро қатновларни вақтинча тўхтатиб қўйган, кучайтирилган карантин тартибини жорий этганди.
Ўзбекистонда илк коронавирус ҳолати расман шу йилнинг 15 март куни қайд этилган.
Шу йилнинг 20 апрель куни Ўзбекистон кучайтирилган карантин тартибини босқичма-босқич юмшатишга киришган.
Аммо орада мамлакатда коронавирус ва пневмония билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашган.
Ўзбекистон 10 июлдан яна кучайтирилган карантин тартибига қайтган.
Амалдаги тартибнинг 1 август куни ниҳоя топиши айтилган, аммо якунига келиб, яна икки ҳафтага узайтирилган.
15 августдан бошлаб, иккинчи бор кучайтирилган карантин тартибини босқичма-босқич юмшатишга қарор қилинган.
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади, сони расман 34 миллиондан ортади.
Пандемия боис жорий этилган карантин чекловлари туфайли қийналиб қолган оилаларнинг Ўзбекистонда ҳам озмунча эмаслиги кўрилади.
Шавкат Мирзиёев илк ва сўнгги бор шу йил бошида Ўзбекистондаги камбағаллар сони ўзини расман 4-5 миллионга нисбат берганди.
Ўзбекистон президенти яқинда ўтган олти ойдан ортиқроқ вақт мобайнида биринчи бор бу каби оилаларга бир марталик нақд пул кўринишида ёрдам беришга фармойиш берган.
Бу пулларни тарқатишдаги талон-тарожликлар эса, аллақачон Ўзбекистон Сенатида ҳам муҳокама бўлиб улгурган.
Сўнгги хабарлар фонида ўзбекистонлик масъулларнинг мамлакат иккинчи тўлқинга тайёр эканига оид баёнотлари ҳам янграган.
Аммо ўзбекистонлик мутасаддиларнинг иккинчи тўлқинга оид орада қилган чиқишлари бир-бирига қарама-қарши экани билан ҳатто мамлакатдаги нашрларнинг диққат-эътиборини ўзига тортиб улгурган.
Дунё хавотирда
Бугун, 18 сентябрь кунига келиб жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони расман 30 миллиондан ортган.
Коронавирусдан ўлим ҳолатлари эса, қарийб бир миллионга яқинлашган.
АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилия дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган давлатлари бўлиб туришибди.
Сўнгги кунларда Европа бўйлаб коронавирус қайта бош кўтара бошлаган.
Қитъадаги вазиятга ҳатто Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти қайта эътибор қаратган.
Ташкилот куни-кеча Европада коронавирус яна жиддий кучайиши билан огоҳлантирган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek