Ўзбекистон ва Мирзиёев: “Шов-шувли” афв - O'zbekiston, Mirziyoyev

Ўзбекистон ва Мирзиёев: "Шов-шувли" афв - президент Шавкат Мирзиёевнинг афв тўғрисидаги сўнгги фармони худди ана шундай акс-садоларга сабаб бўлган.

Бу галги афвга тақдирлари, йилларки, халқаро миқёсда хавотирларга сабаб бўлиб келаётган қатор диний-сиёсий макумларнинг ҳам тушгани кўрилган.

Кеча, пайшанба куни пойтахт Тошкентдан олинган хабарлардан уларнинг орасида журналист ва адабиётшунос олим Акром Малик, собиқ имом Руҳиддин Фахриддинов ва диний айбловлар билан қамалган Искандар Худойбергановларнинг ҳам борликлари кўрилган.

Жами 113 нафар маҳкумни президент Мустақиллик байрами муносабати билан афв этган.

Ўзбекистон президентининг бу галги фармони ҳам "Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш"ни кўзда тутган.

Улардан аксарияти - 105 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этиши маълум бўлган.

Бунақаси мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаган.

Аммо сўз айнан қай бир тақиқланган ташкилот ҳақида кетаётгани тафсилотлари очиқланмаган.

Айрим фаоллар наздларида, "қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахслар", деган талқиннинг ўзи ҳам сўз диний маҳкумлар ҳақида бораётганига далолат қилади.

Ўзбекистонда айнан қай бир ташкилотларнинг расман тақиқланганига оид аниқ маълумотлар, йилларки, кенг матбуотга имконли бўлмай келган.

Афв этилган шахсларнинг 5 нафари асосий жазодан озод этилгани маълум бўлган.

53 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган.

15 маҳкумнинг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган.

Яна 40 нафарининг қамоқ муддатлари муддатлари қисқартирилган.

Аммо бу фуқароларнинг айнан кимлар экани, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг аниқ қайси модда ва бандлари бўйича жазо муддатини ўтаётган бўлишганига оид маълумотлар ҳам имконли эмас.

Авфга тушганлар орасида икки нафар чет давлат фуқаросининг ҳам борликлари айтилган.

Уларнинг қай бир давлат фуқаролари эканликлари очиқланмаган.

Аммо президент афвига тушганлар барчасининг оддий ҳаётга қайтиб, мослашиб кетишлари учун масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилгани айтилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил Мустақиллик байрами муносабати билан 65 нафар маҳкумни афв этган.

Бу ўшанда аксарият ўзбекистонликлар орасида "Оз-да ёки яхши нарса ҳар доим оз, афв қилинмаганда-чи?", қабилидаги муносабатларга сабаб бўлган.

Ўшанда ҳам бу маҳкумларнинг қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган фуқаролар экани айтилган.

Ўзбекистондаги диний маҳкумлар сони халқаро ташкилотларнинг ҳисоб-китобларида яқин-яқингача мингларга нисбат бериб келинган.

Айнан узоқ йиллардан буён Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган катта сондаги диний-сиёсий маҳкумларнинг тақдири - мамлакат президентининг афв тўғрисидаги ҳар бир янги фармони ортидан кун тартибига чиқувчи, аммо ўз жавобини топмай келаётган энг асосий саволлардан бири бўлган.

Ўзбекистондаги диний-сиёсий маҳкумлар ва уларга нисбатан муносабат, йилларки, инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланувчи барча йирик халқаро ташкилотларнинг бирдек хавотирларига сабаб бўлиб келган.

Ўзбекистон ҳукумати эса, яқин-яқингача мамлакатда диний ва сиёсий маҳкумлар борлигини тан олмаган.

Мирзиёев ва маҳкумлар

Аммо амалдаги биринчи президенти Ислом Каримовнинг кутилмаган вафоти ортидан, 2016 йилда Шавкат Мирзиёев қудратга келади.

Ўзбекистонда чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида шаклланган мавжуд вазият ҳам анчайин жадаллик билан ўзгаришларга юз тута бошлайди.

Президент Мирзиёевнинг, айниқса, 2018 йил август ойида имзо чеккан афв тўғрисидаги фармони кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортади.

Бу фармонда Ўзбекистонда тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахсларни ҳам афв этиш ҳақида сўз боради.

Маҳаллий фаоллар ўшанда бунақаси Ўзбекистон мустақиллиги тарихида кузатилмаганини эътироф этишганди.

Мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг катта сондаги маҳкумни ҳам президент Мирзиёев афв қилган.

Ўтган йил конституциянинг 25 йиллиги арафасида Президент 2700 нафар маҳбусни озод этиш ҳақидаги фармонни имзолаган.

Ўшанда қилган чиқишида Мирзиёев "кўп-кўп одамларнинг адолатсиз қамалгани" ва ҳануз қамоқда ўтирганини айтган.

"Адолатсиз ўтиргани учун адолатсиз халққа ҳам, жамиятга ҳам душман бўлгани"ни айтган.

Айни пайтда у ноҳақ қамалганларни реабилитация қилиш ҳақида ҳеч нарса демаган.

У 10 минг нафар маҳбусни озод этишни режалагани, аммо маҳбусларнинг аксари "қилмишидан пушаймон бўлмаган"ини айтган.

Бу маҳкумларнинг орасида диний-сиёсий айблар билан қамалганларнинг бор-йўқлиги ўша пайтда ҳам номаълум қолганди.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда илк маротаба маҳбусларни афв этиш ишлари тўғрисида Президент фармойиши чоп қилинмоқда.

Шу вақтгача Президент маҳбусларни афв этиш қарорини таёрлаш бўйича Ўзбекистон сенатига тақдимнома берар эди.

Маҳаллий фаолларга кўра, ҳам бу каби маҳкумларга қўйилган айбларнинг қанчалик асосли экани, ҳам уларни қамоқхоналарда сақлаш учун давлат бюджетидан кетадиган сарф-харажатларнинг қанчалик катта экани ва ҳам янгидан янги хорижий сармоялар илинжида бўлган Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги имижи масаласи назарда тутилса, Ўзбекистонда катта афвларга, сўзсиз, эҳтиёж бор. Улар керак.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek