You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Расман: Қозоғистон Россия вакцинасини олади, томонлар келишди - Qozog'iston, O'zbekiston, Rossiya, koronavirus
Расман: Қозоғистон Россия билан келишди - Россиянинг зиддиятли вакцинасини сотиб оладиган бўлди. Россия томони билан кеча, 26 август куни шу хусусда расман битим имзолади. Худди шу манзарада бу каби ишга қўл урган биринчи Марказий Осиё давлатига айланди.
Тожикистон Россия томони билан музокараларини бошлаган.
Қирғизистон ҳам Россия вакцинасини харид қилиш тараддудида.
Ўзбекистон "COVID-19 вакцинаси клиник синовлари барча босқичлари якунланишини кутмоқчи".
"Коронавирусга қарши ишлаб чиқарилган вакциналарни ҳар томонлама ўрганмоқчи".
"Махсус тайин этилган ишчи гуруҳи хулоса берса, вакцинани олиб келиш, ишлатиш тартиблари ва муддатларини белгиламоқчи".
Россиянинг коронавирусга қарши вакцинаси ҳозирча дунёдаги тап-тайёрлиги даъво қилинган биринчиси - 11 август куни расман қайддан ўтказилган.
Аммо ҳануз зиддиятлар остида, расмий Москва ўзининг бу даъвоси билан четдаги кўпчиликни ишонтира олмаган.
Спутник V халқаро илмий доираларда жиддий хавотир ва ташвишлар билан қарши олинган.
Россия вакцинасининг инсонлардаги синови икки ойга ҳам етмаган.
Аммо президент Путин вакцина барча текширувлардан ўтганини даъво қилган.
Ҳатто бу вакцина билан ўз қизларидан бирининг эмланганини ҳам кенг жамоатчиликка маълум қилган.
Бунинг эртасигаёқ Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Путинга табрик телеграммасини юборган.
"Ушбу воқеа Россия илм-фанининг юқори салоҳияти ва нуфузи, шунингдек, ушбу глобал таҳдидга қарши курашда Россиянинг етакчи ролини тасдиқлаши"ни айтган.
Бунинг ортидан, Қозоғистон Россия вакцинасини сотиб олиш ҳақида ўйлаётгани, бу масалани муҳокама этиб олиш мақсадида шу ойи охиригача Москвага ҳатто ҳукумат ҳайъатини юбормоқчи экани маълум бўлганди.
Лекин яқинда ўтказилган сўров натижалари, ҳатто, россиялик шифокорлар кўпчилигининг янги вакцинадан хавотирда эканликларига далолат қилган.
Қозоғистон ва Россия ўртасидаги вакцина таъминотига оид битим эса, худди ана шу фонда имзоланган.
Бу ҳақда Қозоғистон ҳукумати расмий веб саҳифаси кеча, 26 август куни расман хабар берган.
Қозоғистон ҳукумати ҳайъатига Бош вазир муовини Роман Скляр бошчилик қилган.
Англашилишича, томонлар Москвада саноат ва фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликнинг актуал масалаларини муҳокама этишган.
Барча синовлардан ўтган тақдирда, Қозоғистон аҳолисини текинга ва ихтиёрий эмлаш учун COVID-19 га қарши вакцинани олиш ва қўллаш мавзусига ҳам тўхталишган.
Шу шарт асосида Спутник V вакцинасининг кафолатланган ҳажмини ажратиш тўғрисида ўзаро англашув битимини имзолашган.
Қозоғистон учун лозим бўлган миқдордаги вакцинани Россиянинг Н.Ф.Гамалеи номидаги Эпидемиология ва микробиология Миллий тадқиқот маркази тайёрлаб беришга рози бўлган.
Россия вакцинаси Қозоғистонга қанчага тушаётгани ҳозирча маълум эмас.
Расмий хабарда Қозоғистон Россиядаги қанча миқдорда Спутник V сотиб олмоқчи экани тафсилотлари ноаён қолган.
Аммо худди шу куни Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги ушбу саволга ойдинлик киритгандек бўлган.
Россиянинг Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбарига иқтибосан, мамлакатлари Қозоғистонга 2 миллион дозадан ортиқ вакцина етказиб бериши ҳақида ёзган.
Генерал Кирил Дмитриев истиқболда бу рақамларнинг 5 миллион дозага етказилиши эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаган.
Қозоғистон ҳали-ҳануз минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган давлати бўлиб турибди.
Ҳозирга келиб, Қозоғистонда жами коронавирус ҳоллари 100 мингдан ошган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek