Коронавирус: Вакцина кимга тегади? – Мирзиёев, O’zbekiston, koronavirus, дунё

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Коронавирус: Вакцина кимга тегади? - Ўзбекистон вакцина харид қилиш режасида экани маълум бўлди. Президент Мирзиёев кеча, сешанба куни бу ҳақда айтди. Ўзбекистонда коронавирус тарқалишда давом этмоқда. Пневмония ҳолатлари ҳам кўпаймоқда:

Коронавирус: Шавкат Мирзиёев огоҳлантирди, аммо яхши хабар бор - Ўзбекистон, дунё - видео

Коронавирус: Вакцина кимга тегади? - Мирзиёев, O'zbekiston, koronavirus, дунё

Ўзбекистонда коронавирус тарқалишда давом этмоқда.

Мамлакатда сўнгги ҳафтада беш мингдан ортиқ кишида коронавирус аниқланди.

Вирусни жами юқтирганлар сони расман 27 мингтадан ортди.

Пневмония ҳолатлари ҳам кўпаяётгани айтилди.

Коронавирусдан ўлим ҳоллари аслида кўп эканига оид эътирофлар ҳам янгради.

Ўзбекистонда ҳануз кучайтирилган карантин тартиби амалда.

Тартиб сўнгги ҳафталарда кетма-кет икки бор узайтирилган.

Худди шу манзарада Ўзбекистон вакцина харид қилиш режасида экани маълум бўлган.

Президент Мирзиёев кеча, сешанба куни бу ҳақда айтди.

Пандемияни жиловлашга бағишланган йиғилиш ўтказди.

Бу ишни Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевга топширди.

Бир ҳафта муддат ичида етакчи олимлар ва тажрибали шифокорлар билан маслаҳатлашган ҳолда, вакцинани харид қилиш ва мамлакат аҳолиси вакцинациясини амалга оширишнинг пухта йўлларини ишлаб чиқишни буюрди.

Коронавирус: Вакцина ҳеч қачон топилмаслиги мумкин(ми?) Ўзбекистон ва дунё - видео

Ўзбекистон вакцинани кимдан харид қилиши мумкин?

Бу масала ҳозирча маълум эмас.

Россия куни-кеча октябрь ойидаёқ оммавий эмлашларни бошлашини айтган.

АҚШ, Британия ва Хитой яратаётган вакциналар синови давом этмоқда.

Синовлар ҳозир учинчи босқичга кирган.

Ўзбекистон раҳбари ҳам ўз чиқишида айни шу давлатлардан ном тутган.

Уларнинг фармацевтика компаниялари яқин вақт ичида вакцина ишлаб чиқаришни бошлаши ҳақида хабар қилинаётганини айтган.

Ҳозир дунёда коронавирусга қарши 23 та вакцина синалмоқда.

Юздан ортиқроғининг устида эса, дастлабки ишлар кетмоқда.

Аммо дунёдаги деярли барча давлат аллақачон ташвишда.

Улар ҳам вакцина учун қандай навбатга туриш ҳақида ўйлашмоқда.

Вакцина қандай тарқатилиши, буни ким ҳал қилиши билан қизиқишмоқда.

Масала Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини ҳам ўйлантирмай қолмаган.

Бу вакцинани яратган давлатга боғлиқ бўлиб қолишига оид хавотирлар бор.

Аммо пандемия шароитида "фақат ўзини ўйлаш" янглиш иш, дегувчилар ҳам йўқ эмас.

Франция ва Канада лидерларига кўра, вакцина ҳаммага имконли бўлиши керак.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам айрим Европа давлатлари дастагида вакцинанинг адолатли тақсимотига эришмоқчи.

CEPI (Эпидемияларга ҳозирлик кўриш бўйича инновациялар учун коалиция) билан бирга 2 миллиард доза вакцина сотиб олмоқчи.

Улар ёрдамида дунё бўйлаб аҳолининг вирусга мойил қатламининг эмланишига эришмоқчи.

Аммо бунинг учун уларга $18, 1 миллиард доллар лозим бўлади.

Пандемия тугаши учун эса, барча эмланиши керак.

Вакцина аниқ қачон тайёр бўлиши ҳозирча маълум эмас.

Кўпчилик келаси йил бошлари ёки ўрталарида, деган фикрда.

Аммо самарали вакцина топилишига кафолат йўқ.

Бундай эҳтимолни куни-кеча Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам инкор этмади.

Ташкилот Россиянинг баёнотидан ҳам аллақачон хавотир билдириб чиқди.

Вакцинани оммавий ишлаб чиқаришда эҳтиёт бўлишга чақирди.

Халқаро тажриба ва тартиб-қоидалар мавжудлигини эслатди.

Ҳар қандай вакцина лозим синовлардан ўтиши, шундан сўнггина расман қўлланиши мумкинлигини айтди.

Хитой мисолида дунёда коронавирус илк бор расман қайд этилганига 8 ойдан ошди.

Глобал коронавирус пандемияси боис, дунёда фавқулодда ҳолат эълон қилинганига эса, яқинда ярим йил бўлди.

Аммо пандемия ҳамон ўз шаштини сусайтирмаган, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти 31 июл куни тартибни яна уч ойга узайтирди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek