Коронавирус ҳолатида осма укол олиш нақадар хавфли? — эксперт, Ўзбекистон

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева телевидение орқали қилган чиқишида осма уколларнинг коронавирус аломатлари бўлган беморларга қандай таъсир қилиши ҳақида гапирди.

«Одамлар «Олдин шамоллаганимда осма укол олгандим, яна бир марта олсам, ўтиб кетади деб ўйладим» дейишади. Касалликнинг 6-7-кунига бориб, уларнинг аҳволи оғирлашишни бошлаяпти. Томографияга тушишяпти, ўпканинг жароҳатлангани, сув йиққанини кўришяпти. Бу даврда энди биз амбулатор шароитда ёрдам беролмаймиз», - дейди у.

«Осма уколлардан кейин, касалликнинг 5-6-кунида ўпка суюқлик йиғишни бошлаяпти, ўпка шиши келиб чиқяпти. Ҳозирги кунда ўлаётган беморларнинг ҳамма ташхисини кўринг: ўпка шишиши! Булар ўзидан-ўзи келиб чиқмаяпти. Ҳаммаси осма укол таъсири», - дея қўшимча қилди шифокор.

Унинг айтишича, беморлар буйракларими суюқликни чиқариб ташлашга улгурмаяпти. Бу юрак қобиғида ҳам суюқлик йиғилишига олиб келиши ва жигарни ишдан чиқариши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги осма укол олишдан аввал албатта шифокор билан маслаҳатлашишни тавсия қилмоқда.

«Одамлар осма уколлардан воз кечса, Ўзбекистонда ўлим кўрсаткичи камаярди», дейилади вазирликнинг телеграм каналида.

31 июль куни, расмий маълумотга кўра, Тошкент шаҳрида 5 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган.

Вазирлик хабар қилишича, 1 август соат 10.00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 24304 (+295) нафарни ташкил этмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг 191 нафари Тошкент шаҳрида, 53 нафари Тошкент вилоятида, 18 нафари Қашқадарё вилоятида, 16 нафари Сирдарё вилоятида, 13 нафари Фарғона вилоятида ҳамда 4 нафар Навоий вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

«Ҳозирда мамлакатимизда 9697 нафар беморга шифокорларимиз томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда» дейилади баёнотда.

Коронавирус аниқланган беморларнинг 594 нафари оғир, 197 нафари эса ўта оғир аҳволда қоляпти.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek