You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Коронавирус сабаб Ўзбекистон тиббиёт тизими қуладими? O'zbekiston
Соғлиқни сақлаш вазирлиги сешанба куни хабар қилишича, коронавирусга чалинган 34 ёшли яна бир ҳомиладор аёл вафот этди. Расмий статистикага кўра, бу бир ҳафта ичида коронавирус нобуд қилган иккинчи ҳомиладор аёл бўляпти.
Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшаган аёлнинг 27 ҳафталик ҳомиласи бўлган ва унга «икки томонлама пневмония, камқонлик, нафас етишмовчилиги» ташхиси қўйилган эди.
Вазирлик икки кун аввал 32 ёшли ва 30 ҳафталик ҳомиласи бор аёлнинг коронавирус юқтириши ортидан вафот этгани ҳақида хабар тарқатганди.
Расмий маълумотга кўра, 28 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 21 506 (+297) нафарни ташкил этмоқда.
«Янги касалланиш ҳолатларининг 125 нафари Тошкент шаҳрида (улардан 72 нафари тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли профилактика мақсадида ҳамда коронавирус билан касалланган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар, 53 нафари эса Қозоғистондан "Ғишткўприк" чегара пости орқали келган ва Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган ҳамда намуна олинган фуқаролар орсида), 68 нафари Тошкент вилоятида, 32 нафари Бухоро вилоятида, 21 нафари Сирдарё вилоятида, 18 нафари Наманган вилоятида, 11 нафари Навоий вилоятида, 10 нафари Фарғона вилоятида, 9 нафари Андижон вилоятида ҳамда 3 нафари Қорақалпоғистон Республикасида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.
Унга кўра, ҳозирда Ўзбекистонда 9 710 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 215 нафари оғир, 81 нафари эса ўта оғир аҳволда.
«Одамлар кўкариб ўлиб қоляпти…»
Ижтимоий тармоқларда шарҳлар қолдираётган кўп ўзбекистонликлар коронавирус юқтириши орқали ўлаётганлар сони аслида анча юқори бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.
Касалликни юқтирганига ишонган «Севимли» телеканали бош продюсери Амира Рашидова-Абдуҳолиқованинг ўз Фейсбук саҳифасида ёзишича, ҳақиқий статистика сир тутиляпти.
«Бизда бутун шаҳарда вабо тарқалаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Атрофимда жуда-жуда кўп одам ковид билан касалланди, икки аммам оиласи билан, ҳоламнинг икки қизи оиласи билан, ўзим оилам билан, ишхонада деярли ҳамма, дўстларим, фейсбукдаги танишларим, жами 85% билганларим сўнгги 21 кун ичида бу касалликни бошдан ўтказишди ёки ўтказишаяпти. Аксарият бир ҳафтагача иситмалаб ётибди, мскт эса 70% ҳолда пневмония кўрсатаяпти… Статистика кўзингизга қараб алдаётгани жуда жирканч ҳол, одамларга сиз ковид эмассиз, сиз шунчаки пневмониясиз деб алдаш нимага керак? Бизда ишлайдиган ҳамкасбимиз асл мутахассисликлари ҳамшира, ҳозир экспомарказга ишга кирибдилар, 8 соатли навбатчилик пайтида 12 та одам ўлди деб айтдилар, одамлар кўкариб ўлиб қолаяпти дедилар. 12 та одам факат экспомарказда ётганлар, вирусология , тери таносил клиника, педиатрия, Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохонаси, шаҳар ва Республика бўйлаб коронавирус билан касалланганларни даволаётган қанча шифохона бор, у ердаги статистика нега сир сақланаяпти?» дея савол қўйди у.
Асли шифокор, ҳозирда Тошкент шаҳар кенгаши депутати Обиджон Латиповнинг Би-би-си билан суҳбатда айтилишича, статистикадаги бу эҳтимолий фарқлар Ўзбекистонда коронавирус беморларини аниқлаш тартиби билан изоҳланади.
«Амалдаги тартибга кўра, фақат тестдан ўтган ва тест натижаси ижобий чиққан беморлар расман коронавирус бемори деб саналади», - дейди Латипов.
Унинг айтишича, кўп беморларга пневмония ташхиси қўйилган ва бу ҳоллар коронавирус статистикасига қўшилмаяпти.
Мен депутатлар гуруҳи билан ўрганган ҳудуднинг ўзида пневмония ҳоллари ўтган йилги шу даврга билан солиштирганда камида тўрт баравар ошган», - дейди депутат.
Обиджон Латипов муаммонинг ечимини узоқ муддатда мамлакатдаги Соғлиқни сақлаш соҳасини буткул ислоҳ қилиш, яқин муддатда эса тиббиёт ходимларини тезкор курсларда қайта тайёрлаб коронавирусга қарши жангга сафарбар қилишда кўради.
Кун.уз нашри билан суҳбатлашган Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулло Оқилов ҳозирда тиббиёт ходимларини қайта ўқитиш йўлга қўйилганини билдирди.
«Биз бу масала бўйича январь ойидан буён ишлаяпмиз. Энг муҳими, анестезиолог-реаниматологларни қайта тайёрлашга эътибор қаратиляпти. Бу касаллик туфайли оғир ҳолатларда қандай йўл тутиш бўйича аниқ қўлланмалар яратилди ва уларни ўқитдик. Ҳозир ҳам бу жараён узлуксиз давом этмоқда. Айни пайтда пульмонолог, иммунолог, анестезиолог-реаниматологларни кўпроқ тайёрлаяпмиз», - деди Оқилов.
Обиджон Латипов билан суҳбатни Ибрат Сафо олиб борди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek