Ўзбекистон: Ҳукумат аҳолига пул тарқатиши керакми? - Коронавирус O'zbekiston

Ўқилиш вақти: 1 дақ

Молия вазирлиги ва Марказий Банк билан апрель ойининг ўртасида бўлиб ўтган қўшма брифингда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ҳукумат даромадидан айрилган фуқароларга қандай моддий ёрдам беришнинг бир неча йўлини кўриб чиқаётганини айтганди.

27 майда Молия вазирлиги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси 7,44 триллион сўмни қайси соҳаларга сарфлагани борасида ҳисобот чиқарди. Унда ижтимоий соҳага 294 миллиард сўм ажратилгани айтилган, аммо аҳолига нақд пул ёрдами борасида гап йўқ.

Бир вақтнинг ўзида мамлакатнинг турли ҳудудлари, айниқса, қишлоқлардан доимий ишга эга бўлмаган ва карантин сабабли ишсиз қолган одамларнинг молиявий аҳволи тобора абгорлашиб бораётгани тўғрисида хабарлар келиши кўпаймоқда.

Коронавирус нархи: Ўзбекистон ярим миллиарддан кўп қарз олди, кимга ёки нимага?Уларнинг сафига энди хориждаги ишини йўқотиб ватанга қайтаётган меҳнат мигрантлари ҳам қўшилган.Жамшид Қўчқоровнинг сўзларидан англашилинишича, ҳукумат чиндан даромадидан айрилган ва ёрдамга реал муҳтож одамларни аниқлаш механизмини ишлаб чиқишга қийналмоқда.

Бу ҳукумат барча ўзбекистонликлар учун ялпи ижтимоий-моддий ёрдам тарқатишни режалаштирмаётганини англатиши мумкин.

Қўшни Қозоғистон ижтимоий кўмак пакетини эълон қилиб, мамлакатнинг исталган фуқароси ҳукумат ёрдами учун даъвогарлик қилиши мумкинлигини маълум қилган.

Қозоғистонликлар 100 доллар миқдоридаги бир марталик бу ёрдамни олиш учун пандемия туфайли даромадидан айрилганини исботлашга мажбур эмас. Грузияда ҳам норасмий секторда ишлаган одамларга 100 доллар миқдорида пул тарқатилиши режаланмоқда.

Бир қатор ривожланган давлатларда ҳам даромади ва молиявий аҳволидан ташқари одамларга моддий кўмак бериш йўлга қўйилган.

Тошкентлик иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодировнинг Би-би-сига айтишича, ҳукумат аҳолига тўғридан-тўғри моддий ёрдам тарқатиш масаласини ҳам кўриб чиқаётган бўлиши мумкин ва буни амалга ошириши керак.Аксинча, дейди таҳлилчи, Ковид-19 инқирози ортидан янада ошадиган қашшоқлик даражаси ижтимоий норозиликларни келтириб чиқариши мумкин.

Ибрат Сафо суҳбатлашди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek