You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Коронавирус: Олийгоҳни битирган талабалар ва нафақадаги шифокорлар мобилизация қилинади - Ўзбекистон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан икки ҳафта муддат ичида Тиббиёт олийгоҳларини давлат гранти асосида битирган ва айни дамда нафақада бўлган тиббиёт ходимлари қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникалардаги мавжуд кичик ва ўрта тиббий ходимлар вакант жойларини тўлдиради. Кузатувчилар Тошкентда эълон қилинган иш ўринларига қабул қилиш шаффоф бўлмаётганидан шикоят қилмоқда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги янги фармонни имзолади.
Фармонда қуйидаги кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган:
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда уч кун муддатда ҳудудларда шаклланган ижобий тажрибадан келиб чиқиб:
- Mаҳаллалар ва аҳоли хонадонларида юқумли касалликлар, шу жумладан коронавируснинг олдини олиш, симптомсиз, енгил кечаётган беморлар ва улар билан мулоқотда бўлган шахсларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳар бир оилавий поликлиника ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда мобил гуруҳларни ташкил қилиш;
- мобил гуруҳлар таркибига биринчи навбатда малакали шифокор ёки инфекционист ҳамда патронаж ҳамшираси киритилишини таъминлаш;
- мобил гуруҳларни дори-дармон, алоқа, транспорт воситалари ва бошқа зарур асбоб-ускуна ва анжомлар (шахсий ҳимоя воситалари, пульсоксиметр, пирометр ва бошқалар) билан таъминлаш;
- мобил гуруҳлар учун соддалаштирилган йўриқномани ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
Фармонда Ўзбекистондаги коронавирусни аниқловчи тест тизимининг талабга жавоб бермаётгани тан олинган ва ушбу муаммони бартараф этиш учун қуйидаги чора тадбирлар кўрсатилган.
«Аҳоли томонидан мурожаат қилинганда ҳамда уларда касаллик белгилари аниқланганда тезкорлик билан коронавирус инфекциясига таҳлил олиш ва таҳлил натижаларини уч кунлик муддатда уларни шахсий телефон рақамлари орқали хабардор қилиш».
Фармон билан алоҳида хизмат кўрсатиш ташкил этилган тиббиёт муассасалари, улардаги бўш койкалар сони, касалларни қабул қилиш ҳолати, касалликка чалинган ва тиббиёт муассасаларида ҳамда бошқа рухсат этилган ҳудудларда даволанаётган беморлар сони, уларнинг ҳолати, дори воситалари, шунингдек зарур лаборатория ва тиббиёт анжомлари ва техникасининг мавжудлиги ҳамда ҳолати юзасидан маълумотларни мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан ижтимоий тармоқларда эълон қилиш кўрсатилган.
Ҳукумат соҳада кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш, ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини соддалаштириш мақсадида:
- икки ҳафта муддатда қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникалардаги мавжуд кичик ва ўрта тиббий ходимлар вакант жойларини тиббиёт таълим муассасалари битирувчилари, пенционерлар ва бошқа тиббиёт мутахассислигига эга бўлган шахслар орасидан тўлиқ тўлдирилишини таъминлаш;
- ўн беш кун муддатда республикадаги олий таълим муассасаларининг «Биология» таълим йўналишини тугатган битирувчиларини Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази ва унинг ҳудудий филиаллари, Тошкент тиббиёт академияси ва унинг ҳудудий филиаллари, Андижон, Бухоро ва Самарқанд тиббиёт институтларида вирусология лабораториясининг врач-лаборанти мутахассислиги бўйича бир ойлик қайта тайёрлаш курсларини йўлга қўйишни назарда тутган.
Сўнгги чоралар коронавирус Ўзбекистонга кириб келганидан кейин шифокорларни иккинчи маротаба мобилизация қилишдир.
26 март куни Пандемияга қарши курашиш бўйича 100 минг атрофида тиббиёт ходимлари мобилизация қилиниб, уларга ҳокимиятлар, ички ишлар тизими, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари яқиндан кўмаклашаётгани маълум қилинганди.
Вазирлик пандемия даврида кўзбўямачилик қиляптими?
Президентнинг Соғлиқни сақлаш вазири ва Тошкент шаҳар ҳокимига ҳайфсан берганидан сўнг зудлик билан ташкил қилинган ЎзЭкспомарказдаги мобил саралаш маркази ҳамда Зангиотадаги янги шифохонага шифокор, ҳамшира ва бошқа ходимлар катта маош эвазига ишга олиниши ҳақида хабар берилди.
Бироқ ижтимоий тармоқдагилар ушбу иш учун кўрсатилган телефон рақамларига боғланиб бўлмаётгани, ишга олиш таниш-билиш эвазига амалга ошаётган бўлиши мумкинлигини ёзишди.
«Тўғрисини айтаман, Соғлиқни сақлаш вазирлигини қилаётган кўп ишлари юзаки, хўжакўрсинга қилинаётгандек таассурот уйғотяпти», дейди Тошкент шаҳар кенгаши депутати Обиджон Латипов.
Тиббиёт тизимида ишлаган Латипов берилган рақамларга тушиб бўлмаётгани ёзди.
"Аммо, XXI асрда мулоқот қилиш учун фақат телефон рақамлари берилган бу эълонларда кўрсатилган рақамларни биронтасига тушиб бўлмаётгани ҳақида менга мурожаатлар кўплаб келяпти. 2-3 кундан бери ўзим ҳам кўрсатилган рақамларга телефон қилиб биронтасига боғлана олмадим.
Айни вақтда, Зангиотадаги шифохонада оғир аҳволда ётган бемор (асли врач) унга ҳеч ким қарамаётганидан, ичкарида шифокорлар етишмаётганини айтиб мендан ёрдам беришимни илтижо қилиб сўраяпти.
Бу нима майнабозчилик, кимга керак бундай мушук-сичқон ўйини? Ишлайман деганга имкон бермайсиз, ўламан деганга ёрдам бермайсиз.
Миллионларни ваъда қилиб ётибсизлар. Ўзи борми ўша пуллар? Ростдан ҳам врачлар (ҳамширалар) керакми? Нега унда боғланишни альтернатив йўлларидан фойдаланмайсиз (электрон почта, телеграм)? Ёки бу ердаям ишга кириш таниш-билиш, олди-берди орқалими?", дейди у.
Ушбу иддаоларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари ҳозирча муносабат билдиргани йўқ.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek