Дунё: Туғилиш камаймоқда – дунёни олдинда нималар кутмоқда? O'zbekiston, dunyo

    • Author, Жеймс Галлаҳер,
    • Role, Саломатлик ва илм-фан масалалари бўйича мухбир

Дунё: Туғилишлар сони камаймоқда - бу муаммоми? - Туғилишлар сони камайиб бормоқда ва бу дунё жамиятлари учун «ақл бовар қилмас» таъсир ўтказади, дейди тадқиқотчилар.

Туғилишлар сони камайиб бормоқда ва бу дунё жамиятлари учун «ақл бовар қилмас» таъсир ўтказади, дейди тадқиқотчилар.

Аср якунига бориб жаҳондаги ҳар бир мамлакат аҳолиси қисқариб кетиши мумкин.

2100 йилга қадар Испания ва Япония дохил 23 мамлакатдаги аҳоли сони икки баробарга камайиши кутилмоқда.

Натижада, жаҳон бўйлаб кексалар жамиятлари юзага келади.

Муаммо нимада ўзи?

Туғилиш даражаси кўрсаткичи бир аёл дунёга келтирадиган чақалоқлар сони билан ўлчанади.

Агар бу кўрсаткич, тахминан, 2.1 дан тушиб кетса, аҳоли сони камая бошлайди.

2.0 кўрсаткичи ота ва она икки фарзанд кўриши, бу эса, ўз навбатида, аҳоли сони ўзгармай сақланишини англатади.

Бироқ, ҳатто, энг соғлиқни сақлаш тизими яхши бўлган давлатларда ҳам ҳамма чақалоқлар яшаб кетмайди.

Бундан ташқари чақалоқлар ичида ўғил болалар сони бироз кўпроқни ташкил этади.

Шу сабабдан ҳам ривожланган давлатларда ёшлар ва кексалар ўртасидаги нисбатни ижобий сақлаб қолиш учун туғилишлар сони кўрсаткичи 2.1 бўлиши талаб этилади.

1950 йилда аёллар умри давомида, ўртача, 4.7 нафар бола кўрган.

Вашингтон Университети тадқиқотчиларининг ҳисоб-китобига кўра, жаҳондаги туғилиш даражаси кўрсаткичи 2017 йилда 2.4 ни ташкил этган.

Бу рақам 2100 йилга қадар 1.7 га тушиб кетиши тахмин қилинмоқда.

Оқибатда, тадқиқотчиларнинг тахминий ҳисоблашича, дунё аҳолиси 2064 йилга бориб 9.7 миллиардли чўққига чиқади ва аср сўнггида 8.8 миллиардга тушиб кетади.

Кўплаб аёллар борган сари таълим ва ишга кўпроқ эътибор қаратаётгани ҳамда контрасепция воситаларининг оммалашиб бораётгани учун ҳам туғилиш даражаси камаяётгани айтилади.

Қайси давлатлар аҳолиси камаяди?

Япония аҳолиси 2017 йилда 128 миллиони ташкил этган. Аср охирида японлар сони 53 миллиондан камроқни ташкил этиши тахмин қилинмоқда.

Италия ҳам айни рўйхатда - 61 миллион аҳолидан 28 миллиони қолади.

Испания, Португалия, Таиланд ва Жанубий Кореяда ҳам айни манзара кузатилади.

Дунёда энг аҳоли яшайдиган Хитойда эса 2100 йилгача 1.4 миллиард инсондан 732 миллиони қолади, холос.

Натижада, Ҳиндистон аҳоли сони бўйича Хитойнинг ўрнини эгаллайди.

Қисқача айтганда, 195 мамлакатдан 183 тасида туғилиш даражаси жамиятни ёшлар билан етарлича таъминлайдиган кўрсаткичдан тушиб кетган.

Бунинг нимаси ёмон?

Сўнгги йилларда дунё аҳолисининг ортиб бориши, айниқса, табиат учун жиддий муаммога айланганини такрорлаб келинади.

Кўпчилик аҳоли сонининг камайиши жаҳондаги аксар муаммоларни юмшатади, деб ўйлаши мумкин.

Бироқ Би-би-си билан суҳбатлашган профессор Кристофер Мюррей бундай фикрда эмас.

«Агар қариялар сони ёшларникидан ортиб кетмаганда, бу ҳақиқат бўлар эди», сўзлайди у.

Вашингтон Университети тадқиқотида шундай рақамлар келтирилади:

Беш ёшдан кичиклар сони 2017 йилдаги 681 миллиондан 2100 йилда 401 миллионга камаяди

80 ёшдан ошганлар сони эса 2017 йилдаги 141 миллиондан 2100 йилда 866 миллионга етади

«Бу жиддий ижтимоий ўзгаришга олиб келади. Кексалардан иборат жамиятда солиқларни ким тўлайди? Қарияларнинг саломатлиги учун ким пул тўлайди? Уларга ким ғамхўрлик қилади? Одамлар нафақага чиқмай, ишлашига тўғри келмайдими?», деган саволларни илгари суради профессор.

Қандай ечим мавжуд?

Буюк Британия каби бой мамлакатлар миграция ҳисобига туғилиш даражаси камайиши оқибатларини юмшатиб келмоқда.

Бироқ барча давлатлар сони камайиб кетганда, бу усул иш бермай қўяди.

Айрим мамлакатлар эса ота-оналар учун мақбул таътиллар, болалар учун бепул тиббий хизмат, молиявий қўллаб-қувватлаш тизимларини ишга солган, аммо ҳеч қаерда муаммонинг аниқ ечими топилмаган.

«Одамлар муаммо қанчалик жиддий эканини англамаяптилар. Улар шундай муаммо пайдо бўлса, аёллар кўпроқ бола туғиб қўя қолади, деб ўйлайдилар», дейди профессор Мюррей.

Лекин унинг фикрича, туғилиш даражасини ошириш бу қадар осон ҳал бўладиган иш эмас.

Бошқа тадқиқотчилар эса аёлларни туғишга мажбурлаш керак эмаслиги, уларни таълим ва контрасептив воситаларидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинмаслиги лозимлигини таъкидлайдилар.

«Аҳоли сони камайишига жавобан кўплаб мамлакатлар сиёсати ўзгариши турган гап, аммо бундай сиёсатлар аёлларнинг репродуктив саломатлиги ва ҳуқуқларига зид келмаслиги зарур», дейди профессор Штейн Эмил Воллсет.

Нажот Африкаданми?

Тропик Африка аҳоли жорий аср давомида уч баробарга кўпайиб, 2100 йилга қадар уч миллиарддан ошиб кетиши кутилмоқда.

Тилга олинган тадқиқотда эса Нигерия 791 миллион сонли аҳоли билан аҳолиси энг катта иккинчи мамлакатга айланиши тахмин қилинган.

«Бу аксар мамлакатларда Африкадан чиққан одамлар кўпайишини англатади», изоҳлайди профессор Мюррей.

"Бу эса ирқчилик масаласи янада долзарблашади, деганидир".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek