Ўзбекистон олган $25 миллиард қарз қаерга сарфланмоқда?

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистон олган умумий ташқи қарз миқдори 25 миллиард АҚШ долларидан ошаркан, бу ҳам ичкарида, ҳам ташқарида баҳслар қўзғай бошлаган.

Давлат ташқи қарзлари 2016 йил охиригача ҳам 9.5 миллиард доллар атрофида эди.

Бугун у 16 миллиард доллардан ортди.

Бу пуллар қаерга сарфланмоқда? Видео:

Айримлар кўп қарз олаяпмиз, деса, бошқалар бу ижобий ҳолат ва мамлакат иқтисодига нисбатан катта эмас дейди.

Баъзи фаоллар коррупция авж олган шароитда тобора кўп қарз олишдан хавотир изҳор қилмоқдалар.

Қарз яхшими ё ёмон?

"Ўзбекистон ЯИМ миқдорини агар 60 миллиард дейдиган бўлсак, мамлакат умумий ташқи қарзи унинг 40% қисмини ташкил қилади" - дейди Қозоғистондан иқтисодчи Сапарбой Жубаев.

"Мамлакат йиллик экспорти эса 14 миллиард атрофида".

"Шу учун бу маълум даражада мутахассисларни ўйлантириши мумкин" - дейди таҳлилчи.

Бироқ барча фикрлар ҳам хавотирли эмас.

"Хулоса шу бўлмоқдаки, 25.1 миллиардлик ташқи қарз ваҳимали эмас, у ялпи ички маҳсулотнинг 50% қисмини ҳам ташкил этмайди" - дейди Тошкентдан иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров.

"Ўзбекистон экспорт салоҳияти бундан катта қарзларни ҳам тўлашга қодир".

Қарз нимани англатади?

Ўзбекистон олтин-валюта захираси қарийб 30 миллиард долларга яқинлиги айтилади.

Мутахассисларга кўра, бу озмунча маблағ эмас.

Шу ўринда нега айнан ҳозир кўп олинаётгани ҳақида савол ўртага чиқади.

"Ўзбекистон ўз суверен рейтингларини олиб, жаҳон бозорларига очиқ бўла бошлади" - дейди Сапарбой Жубаев - "Ўзбекистон ўз облигацияларини чиқариб, жаҳон бозорида ҳам сотди".

Ўтган чорак асрлик давр ёки марҳум Каримов бошқаруви йиллари Ўзбекистон олган хусусий қарзлар ҳам жуда кам эди.

Мутахассисларнинг фикрича, бу энди кафолат ва бизнес муҳитига нисбатан ишончга ҳам бориб тақаладиган масала.

Ҳозирда ҳам давлат, ҳам хусусий ташқи қарзлар ортмоқда.

"Яъни қарз олиш имконлари осонлашган, ишонч ортмоқда" - дейди таҳлилчи.

"Шу қаторда, йирик сармояли лойиҳалар ишламоқда ва пандемия пайти Ўзбекистон бюджетида ҳам дефицит каттароқ бўлди" - изоҳлайди Сапарбой Жубаев.

Қайси соҳалар қарзга муҳтож?

"Ўзбекистоннинг энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳалари учун ҳамқарз олинмоқда" - дейди Сапарбой Жубаев.

"Бу соҳаларга шахсий сармоядорларнинг келиши қийин".

Суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистонда ерга давлат эгалиги мавжуд экан, қишлоқ ҳўжалиги соҳасига четдан сармоядорлар келиши қийин.

Ўзбекистон аграр давлат бўлса-да, унинг Совет давридан мерос қолган қишлоқ хўжалиги узоқ йиллар сезиларли ислоҳ этилмади.

"Қишлоқ хўжалигини ўзгартириш ва ривожлантириш учун давлат қарз олишга мажбур" - дейди иқтисодчи.

Коррупция хавотири

Ўзбекистон бугун коррупцияга қарши кескин курашишини айтмоқда.

Аммо мамлакат ҳамон коррупция авж олган мамлакатлар рўйхатида.

Айримлар бундай шароитда катта қарз олишдан хавотир изҳор этмоқдалар.

"Ўзбекистонда коррупция, таниш-билишчилик ёки амалдорларнинг ўз мансабини суистеъмол қилиши мавжуд ва буларга қарши охирги пайтларда кескин чоралар кўрилмади" - дейи ўзбекистонлик блогер Санжар Хўжа.

"Сиёсий ислоҳотларни амалга оширмай, нега катта қарз олмоқдамиз?" - дея блогер хавотирли видеосавол билан чиққан.

Қарз фойда бераяптими?

Қарз ола билиш - бир иш, ундан самарали фойдаланиш - бошқа масала.

"2019 йили баъзи лойиҳаларни кўрсак, уларнинг қанчалик Ўзбекистонга керак эканлиги ҳақида савол пайдо бўлади" - дейди Тошкентдан иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров.

Суҳбатдошимиз айрим вазирликлар тарафидан ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш учун олинган 50 миллион долларлик қарз ёки институционал салоҳиятни ошириш мақсадида олинган 33 миллион долларлик маблағларни эслатади.

"Бир нечта қарзларнинг мақсади, нимага ишлатилиши ва охирги натижани қандай аниқлаш мумкинлиги борасидаги саволларга жавоб йўқ" - дейди таҳлилчи.

Алоқадор мавзулар:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek