Ўзбекистон: Болалар меҳнатини фош қилгани учун карантин O'zbekiston

Ўзбекистондаги норасмий Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Алянси хабар тарқатишича, Наманганда болалар меҳнати ҳолатларини фош қилган алянс фаолларига нисбатан жисмоний куч қўлланган, босимлар ва тазйиқларга дуч келмоқдалар.

Фаоллар июн ойининг бошида Наманган вилоятининг Поп туманидаги инсон ҳуқуқлари поймол этилиши вазиятини ўрганганлар ва ўзларининг мониторинглари асосида қатор ҳисоботлар тайёрлаб тарқатганлар.

Бу ҳисоботлардан бирида шу кеча-кундузда Поп туманидаги пахта далаларида 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганлар ғўза ўтоғига жалб этилгани ёзилган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Алянси фаоллари болалар меҳнат қилаётган шароитни бориб кўрганлар, болалар ва фермерлар билан суҳбатлашганлар.

Хусусан, 6 ва 7 июн кунлари фаоллар Елена Урлаева, Солмаз Аҳмедова, Акрамжон Маматкаримов, Азимжон Ҳокимжонов, Бекзод Норбаев ва Зоҳиджон Зокиров вояга етмаганларнинг пахта-тўқимачилик кластери даласида ишлаётганларини фото ва видеоларга олганлар.

Болалар эрталабки соат 7 дан соат 17 гача далада ўтоқ билан банд эканликларини айтганлар, улар билан кунига 30000 сўм ҳақ тўлашга оғзаки келишилган - фермерлар вояга етмаган ишчилари билан ҳеч қандай шартнома тузмаганлар.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳаво ҳароратининг қуёш тиғи остида 45 даражагача кўтарилиб кетганини, шу шароитда болалар мамлакатдаги коронавирус пандемияси боис синтетик юз ниқобларида далада ишлаётганларини айтадилар.

Алянсга кўра, Поп туманидаги бошқа инсон ҳуқуқлари топталиши ҳолатларини ўрганаётган фаолларга 7 июн куни провокатор аёллар ҳужум уюштирганлар.

Туман кучишлатар органларининг ходимлари инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг фаолиятига тўсқинлик қилганлар, таъқиб этганлар.

Поп туман Ички ишлар бўлими ходимлари Елена Урлаева, Солмаз Аҳмедова ва Бекзод Норбоевни калтакладилар, дейилади Алянс ҳисоботида.

Фаоллар мажбурлаб туман санэпидстанциясига олиб борилганлар, коронавирус анализлари олинган.

"Поп тумани "яшил ҳудуд"экани ва коронавирус беморлари аниқланмаган бўлса ҳам инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига уй қамоғи ва 14 кунлик карантин тайинланди", дейилади Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Алянси тарқатган хабарда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Алянси яқинда Халқаро Меҳнат ташкилоти Ўзбекистон пахтасига халқаро бойкотни олиб ташлашга бағишланган вебинар ташкил этганини эслатади ва Поп туманидагига ўхшаш аҳвол халқаро ҳамжамиятни алдаш, дейди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek