You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Сардоба фожиаси, гувоҳлар: Сув балоси даҳшат... бизга ёрдам берганларга минг раҳмат! Ўзбекистон O'zbekiston (видео)
Би-Би-си Сардоба фожиаси ортидан юзага келган даҳшатли тошқиннинг илк гувоҳларига айланган сирдарёликлар билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди. Улар атиги бир неча соат ичида ўн минглаб инсонларнинг ҳаётини ўзгартириб юборган воқеа тафсилотларини сўзлаб бердилар.
"Нима бўлаётганини англолмай қолдик"
Сув омборига яқинроқ ҳудудда яшаган бу инсонлар ҳаммаси жуда тез содир бўлганини айтадилар.
Уларнинг сўзларига кўра, сув илк қишлоқларни 1 май куни соат тонгги 6 да босишни бошлаган.
"Одатда, эрталаб олти яримда молни подага чиқарамиз. Сув келди, деб бақир-чақир бўлган пайтда ҳали молларни чиқармагандик. Шу олти-олти яримлар ўртасида биз томонга сув етиб келди", ҳикоя қилади улар.
Гувоҳлар улар яшайдиган қишлоқ аҳолисини сув келаётганидан маҳаллий чўпонлардан бири огоҳлантирганини айтадилар.
"У чўпон қўй-қўзисини ҳам ташлаб совхозга югуриб келибди. Қий-чув бошланиб кетди. Яхши ҳам аёлларнинг кўпи подага чиқаришдан олдин сигир соғгани турган… Саҳарликка турганлар ҳам бор эди…".
"Сув омбор томонидан ғувиллаган кучли шовқин эшитиларди. Яна изғирин ҳам урилди. Эрталаблари бунақа совуқ шамолни ҳеч кўрмагандим. Ҳозир ўйласам, у сувнинг шамоли бўлса керак", сўзлайди уларнинг бири.
"Кўчадаги бақир-чақирни эшитиб, ухлаб ётган ўғлимнинг хонасига югурдим, уни уйғотдим. Ўғлим сакраб туриб, ярим яланғоч, битта шортикда кўчага отилди. Ташқари совуқлиги учун қўлимга илинган майкани олиб, ортидан ўзим ҳам кўчага чопдим. Кўчага чиқишим билан ўғлим "Мошинга! Мошинга! Сув келди!" деб бақириб келяпти. Атрофдаги қий-чувни энди тасаввур ҳам қила олмайсиз…", дейди бошқа бир гувоҳ.
"Тошқинни видеоларда кўрдик"
"Кўчага чиққанимизда, одам тўла эди. Кўпчилик ҳали уй кийимида, келинчаклар чақалоғини кийинтиришга улгурмай, шундай бешикдан суғуриб олиб, қўлтиғига қистирганча югуриб чиққан эди", давом этади улар.
"Бирор кимнинг қўлида сумка кўринмасди. Одамлар фақат жонини сақлашни ўйларди. Машинаси, трактори бори техникасини ишга солди. Одамлар машиналарга осилиб чиқа бошлади. Эшак аравалар, велосипедларга минганлар ҳам кўп эди. Техникага сиғмаганлар яёв йўлга тушдик".
Гувоҳлар воқеа шиддат билан ривожлангандан одамларнинг пул, қимматбаҳо буюмлар ва ҳужжатларни олиш ҳаёлига ҳам келмаганини айтадилар.
"Қизиқ томони - бизнинг совхоздагилар сувнинг қандай келаётганини кўрмадик, лекин юракни ўйнатадиган қўрқинчли шовқин келаётган, тепалар чангиб кетган, бошқача ҳаво эди. Шу манзаранинг ўзи бизни даҳшатга тушириб қўйди. Шунинг ўзи қандай хавф яқинлашаётганини бизга тушунтириб қўйди. Пулларни олиш тугул одамлар оёқ кийимини кийишни ҳам ўйламай, қочишга тушди", сўзлайди бир гувоҳ.
"Ўзим ҳам, ҳатто, носки киймаганимни хавфсиз жойга етиб борганимиздан кейингина билдим", қўшимча қилади у.
Тошқиннинг илк қурбонига айланган бу гувоҳлар сувнинг қандай бостириб келганини кейинроқ тарқалган видеолардагина кўрганини билдирадилар.
Ота-онасидан ажраган болалар
Гувоҳларнинг тахмин қилишича, улар яшайдиган ҳудуд сув омборга яқин бўлгани ва сув шиддат билан оққани туфайли ҳам маҳаллий мутассаддилар илк зарбага учраган қишлоқлар аҳлини келаётган хавфдан ўз вақтида огоҳлантира олмаган бўлиши мумкин.
"Бизни ҳеч ким огоҳлантирмади лекин. МЧС, мелиса мошиналарни совхоздан анча узоқлашиб кетганимиздан кейин катта йўлда кўрдик. Бу вақтда кун ёришиб бўлган, биз етиб борган совхозлар одамларини кўчиришни бошлаб юборишган экан. Бизни огоҳлантиришга улгуришмади шекилли…".
Гувоҳлар бу қишлоқлар аҳолисини хавфсиз ерга олиб кетиш учун атрофдан кўнгиллилар ёғилиб келганини кўрганликлари ҳақида сўзлайдилар.
"Ўзим кўрдим - Гулистоннинг йигитлари яп-янги Lacetti'ларда келиб, машинасига сиққанича олти-етти кишини босиб кетаётган эди. Улар одамларни солиб, машинасини учирганча ортга қайтиб кетарди. Анча одамни кўчиришга ёрдам беришди", дейди гувоҳлар.
Улар қутқарув ишларини бошлаган расмийлар уларни шу жойлардан бошлаб бошқа хавфсиз ҳудудга кўчира бошлаганини айтадилар.
"Бизни аввалига бир совхозга олиб боришди. У ерга етиб борганимиздан кейингина кўп оилалалар бир-биридан ажралиб кетганини кўрдик. Айниқса, болалар ота-онасидан ажраб қолган эди. Ота-оналар биринчи болам омон қолсин, деб дуч келган машинага боласини тиқаверган экан. Ҳамма бир-бирини қидирган… Ўзимиз ҳам икки-уч боланинг ота-онасини топиб бердик".
"Болалар нонушта қилмаганидан нон, деб йиғлар эди. Бирор овқат олдикмикан, деб ён-атрофимизни қарасак, кийим олишга ҳам улгурмаганмиз. Кейин бизни қабул қилган уй эгалари оч қолганларга нон тарқатишди. Биров нон қилган, биров овқат қилган… Баҳоли қудрат овқат тарқатишди. Уларга минг раҳмат. Обеддан кейин бизни ўзимиз - Сирдарё томонга кўчиришди", давом этади гувоҳлар.
"Газни ўчирмабман…"
"Янги жойга келгандан кейин бола-чақали оилаларни яна одамларнинг уйига, бўйдоқлар, ёш йигитларни мактаб, коллежларга жойлаштиришди".
"Ўша пайтгача ҳам нима бўлганини тушунмаётган эдик. Бир келинчак "Пиширишга қўйган сутим плитани устида қолибди, газни ўчирмабман, энди нима бўлади", деб сиқила бошлади. "Сув келган бўлса, нима бўлса, бўлди энди", дея уни овутишга ҳаракат қилдик", хотирлайди гувоҳлар.
"Совхозимиздаги бир бува "Сув келаётган бўлса, қўйларим боғлоғлиқ қолиб кетмасин", деб қўйхонасидаги қўйларини қўйиб юбориш учун ҳовлисига кириб кетган экан. Тўполонда у эсдан чиқиб қолиб кетибди. Ташқарига чиқса, сув анча яқинлашиб бўлган. Буни кўриб, давлениеси ошиб кетиб, йиқилиб қолибди кўчада. Қўрқиб кетган бўлса керак. Яхшиям энг охири қочганлар уни кўриб қолиб, бир-бало қилиб олиб келишибди", қўшимча қилади уларнинг бири.
Гувоҳлар тошқин бироз тинчигандан сўнг айрим эркаклар талафотни кўриш ва зарурий нарсаларни олиб келиш учун қишлоққа қайтганини айтадилар.
"Томнинг устигача сув эди. Мол томнинг устига чиқиб олганини видеода кўргандирсиз. Ўзимнинг итим ҳам шундай ўтирибди борсам. Уйда на носки бор, на туфли бор. Бизнинг уй яхшиям бетондан қурилган, лекин лой-гуваладан қурилганлар шундай ўтириб қолган эди", ҳикоя қилади тошқиндан сўнг юзага келган аҳволга биринчилардан бўлиб гувоҳ бўлган эркак.
Гувоҳларнинг сўзлашича, айни вақтда аксар қишлоқларда сув анча тортилган, аммо тошқин аҳоли масканларини абгор ҳолатга келтириб қўйган.
"Мол ҳаддан ташқари кўп ўлган. Ҳозир солдатлар анча тозалаб ташлашди, лекин сув тортилгандан кейинги биричи аҳволни кўрганингизда… Бориб келган йигитлар ҳолатни видеога олиб келиб, бизга кўрсатишди. Кўчалар мол, ит, қўй, эчкининг ўлигига тўлиб кетган. Тошқиндан кейин кун бирдан исиб кетганига молнинг ўлиги ва балчиқнинг ҳидига чидаб бўлмайди, дейди улар".
"Менга ҳам уйимиз видеосини кўрсатишди. Сув уйимизнинг бурчагига катта молни олиб келиб, ёпиштириб кетган. Орқасидан узумларни хомток қиладиган шоти келиб урилган. Катта мол оғзидан шундай қони келиб, қотиб турибдида", тасвирлайди гувоҳлар.
Гувоҳлар қабристонлар ҳам бузилиб, сув жасадларни ювиб кетгани ҳақида эшитганликларини айтадилар.
"Бир қабристонни сув 1,5 метр ўйиб кетибди. Қанча халқ ётганди у ерда. Ҳаммасини оқизиб кетган, фақат қабртошлар қолган, дейишяпти".
"Бедарак кетганлар ҳали ҳам бор"
Гувоҳлар Би-Би-сига кўп инсонлар ўз яқинларини топа олмаётганини сўзлаб берди.
"Бизнинг совхоздан 3-4 фалокат бор. Энди ухлаб қолганлар орасида ҳам йўқолганлар ҳам оз бўлмаса керак. Нариги маҳалладан бир синглимиз ўлди… Икки боласини томга чиқарган, ўзини сув тортиб кетганини эшитдик", билдиради гувоҳлардан бири.
Гувоҳлар одамлар тартибсиз қочгани учун ҳам оила аъзолари турли жойларга бориб қолиб, бир-бирини топа олмаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қиладилар.
"Ҳамма тумтарақай бўлиб кетди. Ҳозир рўйхат тузишни бошлашди", билдиради улар.
Би-Би-си бедарак кетганлар тўғрисида маълумот сўраб, Фавқулодда вазиятлар вазирлигига мурожаат қилди. Вазирлик матбуот хизмати вакили тез орада бу ҳақида маълум қилинишини билдирди.
Президент Шавкат Мирзиёев 5 май куни Сирдарёдаги сув тошқини оқибатида 4 киши ҳалок бўлиб, бир киши бедарак йўқолганини айтган эди.
"Энди ҳаётимиз нима кечади - билмаймиз…"
Гувоҳлар ҳозирги вақтда даҳшатли тошқин қурбонига айланган инсонларни шу савол ўйлантираётганини айтадилар.
"Тирикчилигимиз, асосан, мол-қўй, деҳқончилик. Жуда кўп мол қирилиб кетди. Одамлар миллионлаб пул сарфлаб, пленка тагига қовун-тарвуз экканди. Улар ҳам сувда оқди-кетди…".
"Кўплар уйидан айрилган эди. Президентимиз ўзлари қишлоқма-қишлоқ юриб, янги уйлар қурамиз, деяптилар. Одамлар билан бамаслаҳат иш қиламиз, уйларни тозалаймиз, агар яшаб бўладиган бўлса, бўлди, йўқса, янги қишлоқлар тиклаймиз, деяптилар. Лекин уй тиклашга ҳам озмунча вақт кетмайди".
"Бу йил тўй қиламиз, деб яқинда уйни ремонтдан чиқаргандик. Ўтган йил деҳқончиликдан тушган фойдани шунга сарфлагандик. Энди ҳаммаси лойга ботиб қолди. Лойқани тозалаган билан у уйларда яшаб бўладими - ҳайронмиз".
Улар озиқ-овқат масаласи энг оғриқли муаммога айланганини маълум қиладилар.
"Президентимиз томорқа экинглар, деганларига ҳовлимизни яшнатиб қўйгандик. Картошкамиз энди гуллашга кирганди. Дарахтларку турибди, лекин мева пишишига ҳали бор…".
"Ҳозир... овқатдан ғамимиз йўқ. Бизни қабул қилган уй эгалари борини бўлишяпти, ёрдамлар келяпти, лекин бировнинг уйида барибир минг хижолатда яшайсиз…"
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek