Ўзбекистон, коронавирус: Вилоятларда тўйлар тақиқланмоқдами? O'zbekiston

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олганлар сони кундан кун ортиб бораётган бир вақтда мамлакат ҳукумати одамларни янада эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда. Мактаблар ёпилган, аксар одамлар меҳнат фаолиятини уйидан туриб давом эттирмоқда.

Аммо коронавирус мавзусига доир хабарлар асосан Тошкент шаҳри билан боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Хўш, вилоятларда вазият қандай? Маҳаллий ҳокимликлар касаллик тарқалиши олдини олишда қандай усуллардан фойдаланмоқда? Одамларчи? Уларнинг хавотири ортганми?

Би-би-си ана шу саволларга жавоб топиш мақсадида турли вилоятлар яшовчилари билан боғланди. Улар ўзлари истиқомат қилаётган ҳудуддаги вазиятни тасвирлаб бердилар.

«Қишлоқ аҳли хавфни тушунмаяпти»

Қўқонлик Би-би-си мухлисининг сўзларига кўра, бу шаҳарда ҳозирча одамлар орасида ваҳима кенг тарқалмаган.

«Одамлар кўчада бемалол юрибди, савдо марказлари ишлаб турибди», дейди у.

Бироқ Бухородан хабар берган бошқа мухлиснинг сўзлашича, у яшайдиган Қоракўл туманида одамларнинг хавотири юқори.

Унинг маълум қилишича, бозорларда бир кун нарх кўтарилган, лекин расмийлар вазиятни зудлик билан тартибга солган.

"Одамлар уйда ўтирибди, дўконлар ишлаб турибдию, лекин гўзаллик салонлари, сартарошхоналар ишламаяпти, тўйларни ҳам тўхтатиб қўйишди", хабар қилади у.

Бундан ташқари маҳаллий ҳокимлик одамларга туманлараро ҳаракатни вақтинча камайтириб туришни ҳам тавсия қилаётганини айтади Бухородан хабар берган мухлис.

Самарқанддан Би-би-сига видео юборган мухлиснинг сўзларига кўра эса, бу вилоятда вазият барқарор.

Аммо Самарқанд шаҳрида яшовчи бошқа бир мухлис бу шаҳар кўчаларида одамлар камайиб кетгани, кўпчилик ўз уйида ўтиришни афзал билаётганини маълум қилади.

«Тўйлар камайиб кетди, автобус ва таксиларда ҳам йўловчи анча озайган», дейди у.

Навоий шаҳридан Би-би-си билан боғланган мухлис шаҳарда бироз ваҳима бўлганини айтади.

Маълум бўлишича, бу вилоятда ҳам Бухоро каби бозорлардаги нархлар бир кун кўтарилган, тўйлар ҳам бекор қилинган.

«Мана бугундан бошлаб тўйлар тақиқлангани тўғрисида гаплар тарқалди».

«Ҳақиқатан ҳам сўнгги кунларда Навоийда тўй кўрмадим», сўзлайди санъат соҳасида меҳнат қилишини айтган бу манба.

«Кўчада одамлар кўп бўлгани билан кўпчилик маскада юрибди», қўшимча қилади навоийлик мухлис.

Наманган вилоятидан келган хабарда эса Наманган шаҳрида одамлар имкон қадар бир ерга тўпланмасликка ҳаракат қилаётгани, аммо қишлоқ жойларида аҳоли ҳозирча коронавирус хавфини ҳис қилмаётгани айтилади.

"Кеча Наманган шаҳрига боргандим. Одамлар деярли ўн баробар камайиб кетган кўчаларда, лекин маскада юрганлар сони нари борса, 2-3 фоиз".

"Оммавий жойларда одамлар бир-биридан узоқроқ ўтиришга ҳаракат қилмоқда. Демак понятка пайдо бўлибди. Бироқ қишлоқларда одамлар хавф даражасини ҳис қилмаяпти", билдиради наманганлик манба.

Қашқадарёлик ўқитувчининг айтишича, ҳеч қандай ваҳима йўқ. Тўйлар ҳар куни бўлиб ўтмоқда.

Унинг айтишича, одамлар орасида турли миш-мишлар, гап-сўзлар авваллари ҳам учраб турган.

"Бизда ўзи миш-миш деган вирус аввалдан бор эди бироз, энди коронавирус келиб сал авжига чиқади", дейди у.

Бошқа бир вилоятлик шифокор эса, тўйлар тақиқланмагани, аммо тақиқланиши кераклигини айтади.

"Бир тўйга юзлаб одам келади. Орасига бир нафари вирус билан кирса, буёғини тасаввур қилаверинг. Яхши кунлар қочиб кетмайди, ҳозир вирусни енгиб олиш керак", дейди шифокор.

Кимга аза, кимга тўй…

Коронавирус хавотири ва жорий этилган карантин оқибатида маҳаллий бизнеслар оғир кунларни бошдан ўтказаётгани борасида хабарлар юзага чиққан.

Айниқса, умумий овқатланиш соҳасида бизнес юритаётган маҳаллий тадбиркорлар ижтимоий тармоқлар орқали ўз фаолияти дуч келаётган муаммолар тўғрисида хабарлар қолдирган.

Хориждан Ўзбекистонга қайтишга ҳаракат қилаётган маҳаллий бизнесменлардан бирининг айтишича, карантин оқибатида, асосан, ресторанлар зарар кўрмоқда.

Мамлакатга импорт маҳсулотлар олиб кирувчи бу тадбиркор яна туризм билан шуғулланувчи фирмалар оғир аҳволда қолаётганини айтади.

«Бироқ дўконларда савдо анча жонланган», дея қўшимча қилади у.

Тадбиркор, шунингдек, коронавирус карантинининг ижобий томонлари ҳам мавжудлигини маълум қилади.

«Ижобий томони шундаки, чегаралар ёпилганидан контрабанда маҳсулотлар кескин камайган, дўконлар энди маҳсулотни асосан биз каби қонуний импорт билан шуғулланувчи фирмалардан олмоқда», дейди у.