Давлат ташрифи манзарасида: Қозоғистонда яшаш бахтми? Ойлик зўр, иш кўпми? - Ўзбекистон, Россия, Туркия, Корея, дунё - Ozbekiston

Президентлар

Сурат манбаси, GettyImages/Mikhail Metzel

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Қозоғистонда яшаш бахтми? Ойлик зўр, иш кўпми? - Ўзбекистон, Россия, Корея...

Ўтган йилги халқаро сўров Қозоғистонни дунёнинг энг бахтли тўртта давлатидан биттаси, деб топган.

Бу борада Россия илова дунёнинг ўнлаб давлатлари Қозоғистон билан беллаша олмаганди.

Қозоғистон дунёнинг Россиядан кейин энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.

Худди шу сўров натижасидан Россия аҳолиси эса, ўзини тобора бахтсизроқ ҳис этиб бораётгани маълум бўлганди.

Алоқадор мавзулар:

Сўров жараёнида Қозоғистон аҳолисининг 80 фоиздан ортиқроғи ўзининг бахтли эканини айтган.

Шундай экан, Қозоғистон бунга қандай қилиб муваффақ бўлди? Бугун Қозоғистондаги бахтлилик, бахтиёрлик тушунчасини нималар, қандай омиллар белгиламоқда? Бу одамлардаги, асрларки, борига шукр қилиш кераклиги борасидаги менталитет билан боғлиқми ёки Қозоғистон, қозоғистонликлар янада бойиб, фаровонроқ, бахтлироқ ҳаёт кечира бошлашгани нишонаси?

Би-би-си Ўзбек хизмати янги сўров манзарасида худди ана шундай саволлар билан Қозоғистондан асли ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаевга мурожаат қилди:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Янги сўров яқинда Gallup International буюртмаси асосида Россиядаги "Ромир" тадқиқот маркази томонидан ўтказилган.

Унда дунёнинг эликка яқин давлатида ўн минглаб кишининг фикри ўрганилган.

Қозоғистон дунёнинг Россиядан кейин энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.

Россия эса, бу гал дунёнинг энг бахтсиз ўнта давлатидан биттаси бўлиб чиққан.

Бугун Россияда ўзини бахтлиман, дегувчилар сони эллик фоизга ҳам етмаган.

Бунақаси ўтган олти йилда кузатилмагани билан сўров муаллифларининг диққат-эътиборини ўзига тортган.

Бу икки давлатда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар сони жаъми миллионларга етади.

Улар ҳар йили ортга - Ўзбекистонга юбораётган маблағлар эса, миллиардлаб долларни ташкил этади.

Бу пуллар орқасидан миллионлаб ўзбекистонликларнинг тирикчилиги ўтади.

Тўй-ҳашамлари борми, болаларининг олий таҳсили - бу улар аксарияти учун рисоладагидек турмуш тарзининг асосий манбаи бўлади.

Умумиятла, йилларки, Ўзбекистон иқтисодини тутиб, юритиб келади.

Аҳолиси минтақада энг йириги (34 миллионга яқин - таҳр.) бўлган Ўзбекистон ҳукумати учун ижтимоий муҳофаза камари вазифасини ҳам ўтайди.

Қозоғистон эса, Ўзбекистон билан бирга Марказий Осиёнинг энг йирик иккита давлатидан биттаси бўлади.

Туркманистон билан бирга минтақанинг энергия заҳираларига энг бой икки мамлакатидан бири саналади.

Аҳолиси сони бўйича Марказий Осиёда Ўзбекистондан кейин иккинчи ўринни эгаллайди.

Бугун Қозоғистон аҳолисининг сони қарийб 20 миллион кишини ташкил этади.

Аммо аксарият минтақа давлатларидан фарқли тарзда, ташқи меҳнат миграцияси мустақил Қозоғистон учун деярли ёт фактор, муаммолардан бири бўлади.

Ўзбекистон эса, янги сўровда на-да энг бахтлилар ва на-да энг бахтсизлар рўйхатида кўзга ташланган.

Қозоғистон ва бахтиёрлик

Қозоғистон

Сурат манбаси, Getty Images/Anadolu Agency

Бугун Қозоғистон, қозоғистонликларни дунёдаги тўртта энг бахтли, бахтиёрларидан бири, деб топган янги сўров натижалари минтақавий экспертлар диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмаган.

Бор-йўғи бундан беш-олти йилча бурун Қозоғистон Марказий Осиёнинг жиддий иқтисодий бўҳрон ичидаги давлатларидан биттаси бўлган.

Эркин савдога чиқариши ортидан миллий пул бирлиги - тенге кескин қадрсизланган.

2015 йилда эса, тенге, ҳатто, бутун Европада энг қийматини йўқотган миллий пул даражасига етган.

Тенгенинг устма-уст кескин қадрсизланиши сабаб, Қозоғистондаги йирик банклар касодга учраш хавфи остида қолган.

Нарх-наволар осмонга сапчиган, бунинг таъсири Ўзбекистон илова қолган минтақа давлатларига ҳам сезилган.

Маҳаллий тадбиркорлар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами мушкул аҳволга тушиб қолган.

Бутун Қозоғистон бўйлаб давомий намойишлар кузатилган.

Мамлакатда ижтимоий танглик хавфи ортган.

Худди ўша йили Қозоғистоннинг шимолий қўшниси Россия ҳам чуқур иқтисодий таназзул гирдобида қолган.

Минтақадаги энг йирик иккита савдо-иқтисодий шеригидан биттаси ва ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи бўйича аъзодоши эмасми, Россиядаги жиддий иқтисодий бўҳрон Қозоғистондаги вазиятни янада оғирлаштирган.

Қозоғистонда Россия шамсияси остидаги мазкур иқтисодий иттифоққа кириб, бекор қилишганига оид фикрлар кучайган.

Таъбир жоиз, Россиянинг "оғири"ни шу ҳолимизда нега биз ҳам кўтаришимиз керак, деган гап-сўзлар ўртага чиққан.

Жаҳон нефть бозоридаги беқарор нарх-наволар эса, ҳар икки йирик нефть экспортерлари бўлган бу икки давлат иқтисодига озмунча таъсир қилмай қўймаган.

Булар барчаси манзарасида Қозоғистонда, ҳатто, мамлакат президенти даражасида огоҳликлар янграган.

Қозоғистоннинг ўша пайтдаги Президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат аҳолисини бундан-да оғирроқ инқирозларга тайёр туришлари билан огоҳлантириб чиққан.

Янги сўров эса, ана шу воқеалар барчасининг саноқли йиллар ўтиб, Қозоғистон ва қозоғистонликларни жаҳондаги тўртта бахтли, бахтиёрларидан биттаси, деб топган.

Марказий Осиё, сўровлар ва бахтиёрлар

Тошкент

Сурат манбаси, GettyImages/Anadolu Agency

Бахтиёрлар ва бахтлилар рўйхатида топ ўринлар Ўзбекистон, ўзбекистонликлар учун ҳам бегона эмас.

Дейлик, 2017 йилда "Sustainable Development Solutions Network" ташкилоти томонидан тайёрланган бахт бўйича ҳисоботда Ўзбекистон бутун МДҲ да энг юқори ўринни эгаллаган.

Ўшанда Қозоғистонни ҳам, Россияни ҳам, Беларусу Озарбайжонни ҳам ортда қолдириб кетган.

Устига устак, бу ҳисоботда бир мамлакат ва фуқароларининг қанчалар бахтлилиги аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми, умр кўриш давомийлиги, ижтимоий кўмак, кишилар томонидан қарорларнинг эркин қабул қилиниши, коррупция даражаси ва сахийлик мезонларига қараб белгиланган.

Ўзбекистон бахтиёрлик бобида ўтган йили БМТ буюртмаси асосида тайёрланган The World Happiness Report ҳисоботида ҳам худди шу каби натижани қайд этган.

Яна собиқ Шўро давлатлари орасидан энг бахтлиси бўлиб чиққан.

Дунёнинг 156 давлатини қамраб олган бу тадқиқотда ҳам бахтлилик меъёри узоқ умр кўриш даражаси, ижтимоий ҳимоя, коррупция ва бошқа кўрсаткичлар бўйича баҳоланган.

Бу каби сўровлар манзарасида натижаларини Ўзбекистон аҳолисининг менталитетига йўйган қараш, талқин, баҳоларнинг озмунча бўлмагани ҳам бор гап.

Gallup International нинг янги сўровида Қозоғистондан бошқа қолган бирор бир собиқ Шўро давлати бахтлилар тўртталигига кира олишмаган.

Қисқача тафсилот ўрнида

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, GettyImages/Mikhail Metzel

Ўз ўрнида шуни ҳам қайд этиб ўтиш жоизки, мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор мамлакат аҳолиси орасида камбағаллари ҳам борлиги айнан ўтган йил бошида Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи томонидан расман ва ошкора эътироф этилган.

Президент Мирзиёев ўшанда буни ортиқ яшириб юришга ҳақлари йўқлигини айтган.

У Ўзбекистон Парламентига сўнгги мурожаатида камбағаллар сонини 4-5 миллионга нисбат берган.

Бу расмийси эса-да, ҳатто, шахсан президентнинг ўзи айтган рақамларининг кичкина эмаслигини алоҳида урғулаган.

Мирзиёев Ўзбекистонда камбағалликни аритиш учун масъул халқаро ташкилотлар билан махсус дастур ишлаб чиқишларини айтган.

Аммо бу дастурнинг айнан қандай чораларни кўзда тутиши ва аниқ қачон тайёр бўлиб, ҳаётга тадбиқ этилиши ҳалича маълум эмас.

Унинг бу сўзлари Gallup International сўровидан қисқа вақт ўтмай янграгани кўрилган.

Колумбия, Индонезия ва Эквадор жаҳоннинг энг бахтиёр қолган уч мамлакати бўлиб чиқишган.

Ҳатто дунёнинг учта глобал ядровий қудратидан биттаси саналмиш Россия ҳам бу борада Қозоғистон билан беллаша олмаган.

Россияда сўнгги олти-етти йил ичида бахтсизлик ҳисси кучайиб бораётгани кузатилган.

Ўзини бугун бахтли, деб ҳисоблаётганлар россияликлар сони эллик фоизга ҳам етмаган.

Собиқ Шўро давлатлари орасидан юқори ўнталикка фақат Арманистон ва Озарбайжон киришга муваффақ бўлишган.

Дунё аҳолисининг фақат олтмиш фоизга яқини ўзини бахтли, деб айтган.

Худди шу манзарада бахтсизларининг фоизи 11% ни ташкил этган.

Иордания, Ливан ва Сурия дунёнинг энг бахти чопмаган давлатлари бўлиб чиқишган.

Агар, сўров муаллифларининг ўз эътирофларига таянилса, глобал сиёсий ўйинчилар дунёнинг энг бахтлилари сафидан жой ола билишмаган.

Бунда дунё давлатлари жойлашган минтақаларнинг иқлими, урф-одатлари ва одамларнинг дунёқараши, диний, миллий факторлар ҳам албатта ўз таъсирига эга бўлган.

Қозоғистонни дунёнинг энг бахтлиларидан бири, деб топган янги сўровдан саноқли ҳафталар ўтиб, мамлакат этник низоларга саҳна бўлгани ҳам бор гап.

Куни-кеча юз берган тўқнашувлар камида ўн кишининг умрига зомин бўлган, яна ўнлаб яраланган.

Ўнлаб ҳовли-жой ва дўконларга зиён етган.

Ҳодисада маҳаллий қозоқлар асли хитойлик мусулмон дўнганлар билан тўқнашишган.

Қозоғистон Президенти даражасида эътибор топган бу низо сабаби ва омиллари борасида ҳали-ҳануз аниқ расмий бир хулоса айтилмаган.

Қозоғистон ўтган ўн йил ичида этник низоларга саҳна бўлган иккинчи Марказий Осиё давлати бўлган.

Бундан аввал 2010 йилда Қирғизистон жанубида маҳаллий ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида миллий низо келиб чиққан.

Ўшанда аксарияти ўзбеклардан иборат юзлаб кишиларнинг қурбон бўлгани айтилган.

Бунга қатор халқаро ҳисоботлар далолат қилган.

Аммо Қирғизистон томони уларда айтилган бу рақамларни расман эътироф этмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek